ЎзА Ўзбек

17.08.2018 19:37 Чоп этиш версияси

“Ишонч телефонлари”га ишонса бўладими?

“Ишонч телефонлари”га ишонса бўладими?
Ўқув йили якуни олдидан мактаб ўқувчилари учун ёзги таътил август ойининг охирига қадар давом этади, ўқиш ҳар йилдаги каби сентябрда эмас, олдинроқ бошланади, деган миш-мишлар роса авж олганди. Шунга аниқлик киритиш учун Халқ таълими вазирлигининг 1006 таълим соҳаси бўйича ишонч телефонига кетма-кет бир неча кун қўнғироқ қилдим.

Тўғри, жавоб беришди. Фақатгина автожавобга уланган бўлиб, қайси рақамни босишни айтишади, халос. Халқ таълими масалалари бўйича бирни босинг, узоқ чақирувдан кейин “Кечирасиз, ҳозирда ҳамма операторлар банд, кейинроқ қўнғироқ қилинг“, деган жавобни эшитасиз. Ўрта махсус касб-ҳунар масалалари бўйича иккини, олий таълим масалалари бўйича учни босинг. Иккини босганда жавоб оласиз, учни эса кутаверасиз, кутаверасиз...

yDHcbLXFqFceTMC6H1X2LAXn7KfAWBVL.jpg

Бундай мулоҳазалардан кейин бир қатор вазирлик ва мутасадди ташкилотларда фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш учун ташкил этилган “Ишонч телефонлари” қандай ишлаётгани билан қизиқдик. Фуқароларимиз томонидан ушбу телефонларга қанчалик ишонч билдирилмоқда ва ушбу ишонч қай даражада оқланмоқда?

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлимлари фаолияти бўйича ягона телефони ҳамда ишонч телефонларига қўнғироқ қилиб кўрамиз. “Ишонч телефонлари” қайси вақтда ва қайси кунда ишлаши ҳақидаги маълумот ҳам берилган. Душанба кунидан жумага қадар соат 9:00-13:00 ва 14:00-18:00 соғлиқни сақлаш органларининг масъул ходимлари томонидан қабул қилинар экан. Демак, мурожаатчилар айнан қайси вақтда соҳа вакилларини билан боғланиш вақти аниқ кўрсатилган! 1003 рақамини теришимиз билан тезда рус ва ўзбек тилида жавоб беришди. Мурожаатлар икки йўналишда, соғлиқни сақлаш, аёллар ва қизларга кўрсатиладиган акушер гинекологик тиббий ёрдам бўйича қабул қилинар экан.

LC5aAZoO4Wyw2qsRVI_1f9Bh4gjclRYB.jpg

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг сайтида ягона ва ишонч телефони рақамлари, уларнинг жойлашган жойи, тушлик вақти ва дам олиш кунлари кўрсатиб ўтилган. 239-41-12. Оператор биздан қандай масалада мурожаат қилаётганимиз билан қизиқиб, агар иш берувчи билан боғлиқ муаммо бўлса, инспекторга улаб беришини маълум қилди. Бошқа масалаларга жавоблар ўн беш иш кунида берилар экан.

“Ўзстандарт” агентлигининг сайтида “Ягона ишонч телефони рақами берилган 150-23-00. Бир неча марта қўнғироқ қилинишига қарамай, боғлана олмадик. Доим банд. Рўйхат асосида Навоий стандартлаштириш ва метрология бошқармасига қўнғироқ қилдик. Жавоб беришди. Улардан ишонч телефони орқали бир кунда қанча мурожаат бўлаётганини сўрадик.

528a9c22d4506ab343ae48569963dcd2-big.jpg

– Рақамларни газеталарда эълон қилиб, бозорлар атрофига ёпиштириб қўйган бўлсак-да, бизга кўп ҳам мурожаат бўлавермайди, – дейди Фотима Сарибоева. – Эрта-ю кеч ҳатто тушда ҳам телефон ёнида бўламиз. Охирги марта маҳсулотини бозорга киритишмагани учун ёрдам сўраб шикоят қилишганди. Қонун доирасида масалани кўриб чиққанмиз.

Божхона қонунчилиги бузилишига доир ҳолатлар ёки божхона ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари маълум бўлса, Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти “Ишонч телефонлари” орқали хабар қилишингиз мумкин. Рўйхатга қараб, Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасига қўнғироқ қилиб кўрдик. Гўшакни олган масъул шахснинг айтишича, ишонч телефони навбатчилик қисмига уланган ва охирги мурожаат ўтган йилнинг ноябрида бўлган экан. Давлат божхона қўмитаси марказий аппаратининг ишонч телефонига жавоб бераётган навбатчининг маълум қилишича, жорий йилнинг 15-сентябрида фуқаролар мурожаати билан ишлаш бўлими очилиши мўлжалланаётган экан. Шунда ишонч телефони билан ана шу бўлим масъуллари шуғулланар экан.

Ўзпахтасаноат акциядорлик жамиятининг 120-42-64, 120-42-65 рақамли “Ишонч телефони”га бир неча марта қўнғироқ қилсак-да, ҳеч ким жавоб бермади. Тошкент шаҳар адлия бошқармасининг “Ишонч телефони” ҳам қўнғироқларга жавоб бермади. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, Тошкент шаҳар адлия бошқармаси “Ишонч телефони” автожавобга улаб қўйилган, лекин гўшакни олишмайди. Қашқадарё ва Андижон вилоят ҳокимлигида ҳам шу аҳвол.

SLdX2eb8lkL46Yqozd-dlS1tMQTN7hXd.jpg

Тошкент шаҳар ер ресурслари ва давлат кадастр бошқармасига жорий йилнинг ўтган даврида еттита қўнғироқ бўлибди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20 фоиз кам экан. Бўлим бошлиғи Азиз Хожибоев буни тизимда ишлари сифатли бажарилаётгани билан изоҳлади.

«Трастбанк»да барча саволларимизга ҳозиржавоблик билан жавоб беришди.

– Биздан кўпинча кредитлар ва омонатларнинг фоизлари ҳақида сўрашади, – дейди Мурожаатлар билан ишлаш департаменти директори Шаҳло Ханбабаева. – Уларнинг орасида кредитларни кечикаётгани ҳақидаги мурожаатлар ҳам бор. Ваҳоланки, бугунги кунда сармоя сўраётганлар сони шу қадар кўпки, уларнинг кетма-кетликда кўриб чиқишга улгурмаяпмиз.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг 244-98-98 рақамли “Ишонч телефони” кунига 150 дан ортиқ қўнғироқлар бўлар экан.

– Тўғри улар фақат шикоят кўринишида эмас, маслаҳат сўровчилар ҳам бор, –дейди навбатчи қисм масъули Фаробий Салимов.– Лекин, кунига йигирмага яқин шикоят бўлади. Уларнинг аксарияти савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида савдо қоидаларининг бузилганлиги, тўловларни пластик карточкалари орқали амалга оширишда терминал аппаратлари ишлатилмаётганлиги, чек берилмагани, тегишли ҳужжатларсиз маҳсулотлар сотилаётгани кабилар юзасидан бўлмоқда. Қўмитамизда солиқ тўловчилар билан бевосита алоқада бўлиш орқали уларнинг мурожаатларини ўрганиб бориш ва юзага келаётган муаммоларнинг ечимини топишга алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Қайд этиш жоизки, биз бу мақолада барча вазирлик ва ташкилотларнинг «Ишонч телефони» ҳақида фикр юрита олмадик. Уларни тўлиқ қамраб олишнинг иложи ҳам йўқ. 

Сайёра Шоева, ЎзА
10 066