Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.08.2018 19:27 Чоп этиш версияси

“Ишонч“ обод бўлмоқда, аммо...

Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги Ишонч ва Чортоқ маҳаллаларида “Обод қишлоқ” дастури доирасида 19 миллиард 800 миллион сўмликдан зиёд қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланган.

Ишонч маҳалласида 1 та умумтаълим мактаби, вилоят ихтисослашган болалар-ўсмирлар от спорти мактаби, қишлоқ врачлик пункти мавжуд. Шунингдек, 26 фермер хўжалиги, 7 якка тартибдаги тадбиркор фаолият юритмоқда. Маҳалладаги мактабгача таълим муассасаси кўп йиллар аввал ёпилган.

“Ишонч” маҳалла фуқаролар йиғини Гулистон туманининг шимоли-шарқидаги чекка қишлоқ бўлиб, вилоят марказига яқин ҳудудда жойлашган. Бу ердаги 355 хонадонда 1 минг 800 дан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Вилоят марказига шу қадар яқин бўлса-да, қишлоқ аҳли табиий газ ва ичимлик суви етишмаслигидан бир неча йиллардан буён азият чекиб келади.

Фермерлар даласига ўтган ариқдан қишлоқ четидаги икки кўчада жойлашган аҳоли томорқаси сув ичар экан. Аммо ундан мавсумга қараб, фермер хўжаликларига сув зарурати унчалик туғилмаган пайтда фойдаланиш мумкин.

– Туман ҳокими бошчилигида мутахассислар келиб аҳоли томорқасига оқар сув келтириш бўйича лойиҳа ишлаб чиқди, – дейди маҳалла фаоли Баҳодир Тўйчиев. – Чизмалар чизилиб, керакли маълумотлар ёзилди, “Йўл харитаси”га киритилди. Оқар сув лотокда олиб келинади, дейишди. Тўғри, дастурда кўрсатилган ишлар амалга оширилмоқда. Аммо оқар сув бўйича ўша чизмалардан бошқа бирор иш қилинганича йўқ. Еримиз серҳосил, тупроғимиз унумдор. Ёзнинг иссиқ кунлари чекинмай оқар сув келганида эди аҳоли томорқасига тўқсонбости экинлар экиб, қанча одам ишли бўлар, оилавий даромад кўпайган бўларди.

Маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш ҳам қониқарсиз аҳволда. Кўп йиллардан буён маҳалла аҳли тоза ичимлик сувини ташиб ёки сотиб олиб истеъмол қилади.

“Обод қишлоқ” дастурига кўра, маҳалланинг ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида ҳудудда 4,2 километр ичимлик суви тармоғи, 1 дона тик қудуқ, 1 дона сув минораси қуриш учун 620 миллион сўм маблағ сарфлаш режалаштирилган. Бугунги кунга келиб тик қудуқ қазиш ишлари ниҳоясига етказилди. 4,2 километр масофага сув тармоғи учун ариқчалар қазиш ишлари бажарилди. Лекин ҳозирча сув қувурлари келтирилганича йўқ.

– Маҳалланинг ичимлик суви билан тўлиқ таъминланиши учун қўшимча яна 1 минг 200 метр ичимлик суви тармоғи тортилиши лозимлиги хусусида туман ҳокимлигига ёзма мурожаат қилганман, – дейди “Ишонч“ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Валижон Ҳайитов. – Чунки маҳалламиз ҳудудида янги қурилган 34 хонадон режага кирмай қолган. Шунингдек, бизга тегишли бўлган ҳудуддан қўшни маҳаллалар, Гулистон шаҳри, Сайхунобод ва Мирзаобод туманларида истиқомат қилувчи фуқаролар ер участкаси олган. Ҳозирда 230 хонадон ҳовли жойини битказиб, кўчиб кирган. Ушбу хонадонларда яшовчи фуқаролар ҳали бизнинг ҳисобимизга кирмаган бўса-да, эрта-индин уларни ҳам ҳисобга киритишга тўғри келади. Негаки, у жой ҳам бизнинг маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига қарашли. У ерда истиқомат қилувчи аҳоли ичимлик суви ва табиий газ билан Гулистон шаҳрига тегишли тармоқ идоралари томонидан таъминланган. Кўчаларига шағал, кўча четига лоток ётқизиш ишлари туман ҳисобидан амалга оширилиши лозим, чунки бу жой бизнинг ҳудудимизда. Шу боис ҳам у ердаги кўчаларни таъмирлаш ишлари дастурга киритилишини сўраб мурожаат қилган эдим. Ҳозирча кўчаларга шағал ётқизилди, лотоклар эса ҳали олиб келингани йўқ.

Аҳолининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш мақсадида дастурга кўра маҳаллага 2 та трансформатор пункти, 221 дона янги бетон симузатгич устунлар ўрнатилиши, 5,5 километр масофага янги электр тармоғи тортилиши режалаштирилган. Маҳаллага айни пайтда 130 дона янги бетон симузатгич устуни ўрнатилиб, 3,58 километр янги электр тармоғи тортилган.

Дастур доирасида маҳалла хонадонларини табиий газ билан тўлиқ таъминлаш учун 1,5 километр янги табиий газ тармоғи тортиш, 4,5 километр табиий газ тармоғини реконструкция қилиш режалаштирилган. Айни пайтда 1,1 километр янги табиий газ тармоғи тортилиб, 2,7 километр тармоқ реконструкция қилинди. Бу борадаги ишлар ҳам қизғин давом эттирилмоқда.

Маҳаллада мавжуд 11 ички ва хўжаликлараро йўлларнинг 15 километрини жорий таъмирлаш режалаштирилган. Шундан 12 километр ички ва хўжаликлараро йўл таъмирланган, қолган кўчаларда иш давом этаётир. Маҳалла фуқаролар йиғини биносида реконструкция ишлари якунланди.

Маҳалладаги 270 ўринга мўлжалланган 25-умумтаълим мактабида “Улуғбек” хусусий корхонаси мукаммал таъмирлаш ишларини олиб бормоқда.

– Лойиҳалаштирилган 1 миллиард 402 миллион сўм маблағнинг 15 фоизи ҳисобрақамимизга ўтказиб берилди, – дейди “Улуғбек” хусусий корхонаси раҳбари Хайрулла Қурбонов. – Қурувчиларимизнинг ҳаракати билан белгиланган ишнинг 70 фоизини охирига етказдик. Мактабни Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрамига фойдаланишга топширамиз.

“Аброр” хусусий корхонаси қурувчилари эса маҳалладаги қишлоқ врачлик пунктида таъмирлаш ишларини амалга оширмоқда. 240 миллион сўмлик лойиҳа қийматига эга ушбу объектдаги таъмирлаш ишлари яқин кунларда якунига етади. Қаровсизликдан ташландиқ ҳолга келиб қолган ҳаммом биноси ҳам тубдан қайта қурилади.

Ҳудудда замонавий савдо мажмуаси қуришни мақсад қилган якка тартибдаги тадбиркор Х.Рафиевага туман ҳокимининг қарорига асосан ер майдони ажратиб берилган. Аммо бу ердаги қурувчилар ишида нима сабабдандир шижоат етишмаяпти. Иш унуми ҳам кўзга ташланмайди.

Маҳаллада хусусий мактабгача таълим муассасаси қуриш ҳам белгиланган. Якка тартибдаги тадбиркор У. Купаевга туман ҳокимининг қарорига асосан ер майдони ажратиб берилган. Тадбиркор томонидан МТМнинг лойиҳаси тайёрланиб, тижорат банкига кредит маблағлари олиш учун тақдим қилинган. Аммо қуёшли кунлар ўтиб бораётганига қарамай, янги МТМ биноси пойдеворига ҳали бир дона ҳам ғишт қўйилмаган.

“Обод қишлоқ” дастури бўйича “Ишонч“ маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилган ишлар кишини қувонтиради, албатта. Аммо қурилиш-таъмирлаш жараёнида шижоат етишмаётгани бироз ранжитади.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА