Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

13.04.2017 14:32 Чоп этиш версияси

Қишлоқ врачлик пункти туну кун ишлайди

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 5 январь ва 7 февраль кунлари тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, мавжуд камчиликларни бартараф этишга бағишланган йиғилишларда аҳолига бирламчи тиббий хизмат кўрсатишга ихтисослаштирилган қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятини янада такомиллаштириш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ушбу вазифалар ижроси бўйича Самарқанд вилоятида ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Соҳа вакиллари ва тегишли идоралар мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, вилоятдаги мавжуд 357 қишлоқ врачлик пункти фаолияти ўрганилди, тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди.

– Ўрганиш давомида қишлоқ врачлик пунктларининг ҳудудий жойлашуви, бинонинг ҳолати, моддий-техник базаси ва тиббий жиҳозлар билан таъминлангани, ходимлар малакаси, аҳолининг мурожаатлари, кўрсатилаётган хизмат сифати ва самарадорлигига эътибор қаратилди, – дейди Самарқанд вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи А.Жўраев. – Шу билан бирга, мазкур муассасалар томонидан патронаж тизимида амалга оширилаётган ишларни мониторинг қилиш мақсадида хонадонлар ўрганилди ва бу борада йўл қўйилган камчиликлар аниқланди. Аҳоли қишлоқ врачлик пунктлари фаолиятидан кўнгли тўлмаслиги, дори-дармон таъминоти ва хизматдан норозилиги, тиббий ходимларнинг ташрифи тартибга солинмаганини билдирди. Президентимизнинг ҚВПларни мақбуллаштириш ҳақидаги топшириқларидан келиб чиқиб, вилоятдаги қишлоқ врачлик пунктлари негизида 43 оилавий поликлиника ташкил этишга қарор қилинди. Ушбу ҳудудий поликлиникаларда аҳолига нафақат амбулатор, балки кундузги стационар хизмат, гинеколог, стоматолог, педиатр, клиник лаборатория, ультратовуш текширув, ЭКГ текшируви ва “103” хизмати кўрсатилади. Туман марказига яқин жойлашган ва моддий-техник базаси, санитар аҳволи талабга жавоб бермайдиган 22 қишлоқ врачлик пункти фаолияти тугатилади.

Қишлоқ врачлик пунктларининг туну кун ишлашини таъминлаш ва уларга врачларни жалб этиш мақсадида 101 муассаса биносидан шифокорлар учун уй-жой ва патронаж-эмлаш пункти сифатида фойдаланилади. Нуробод, Ургут ва Қўшработ туманларида 3 тадан, Пайариқ туманида 1 қишлоқ врачлик пункти яқинида врачлар учун янги уй-жой қурилади.

Ҳозир туманларда намунавий қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил қилиниб, аҳолига терапевт, педиатр, гинеколог, жарроҳ ва бошқа мутахассислар томонидан тиббий хизмат кўрсатиш, ультратовуш текшируви йўлга қўйилди. Ҳудуд аҳолиси тиббий кўрикларга жалб қилинмоқда. Айни пайтда мазкур поликлиникаларга кунига 250-300 га яқин фуқаро мурожаат қилаяпти. Патронаж ҳамширалари куннинг биринчи ярмида муассасада ишлаб, сўнгра ўзлари бириктирилган ҳудудда аҳолига патронаж хизмати кўрсатмоқда.

Бугунги кунда халқимизга юқори малакали тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида юртимиздаги ихтисослаштирилган марказларнинг малакали мутахассислари туман тиббиёт бирлашмалари, шифохоналар билан бирга жойлардаги қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларда аҳолини тиббий кўрикдан ўтказмоқда, беморларни даволаш ва жарроҳлик амалиётида иштирок этаётир. Йил бошидан буён Булунғур, Пастдарғом, Самарқанд, Ургут, Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Нарпай, Пахтачи туманлари аҳолисига ана шундай малакали тиббий ёрдам кўрсатилди.

Жорий йилда даволаш ва профилактика муассасалари моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш бўйича инвестиция дастури асосида вилоятдаги 14 қишлоқ врачлик пункти таъмирланади.

Буларнинг барчаси халқимизга замон талабларига мос, юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббий маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
5 489






Все о погоде - Pogoda.uz