ЎзА Ўзбек

19.07.2018 09:07 Чоп этиш версияси

Қишлоқ ва шаҳарларда арзон тураржойлар қурилиши жадаллашади

Қишлоқ ва шаҳарларда арзон тураржойлар қурилиши жадаллашади
Жорий йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда кўп квартирали уйлар қуриш жадаллашади.

Президентнинг жорий йилнинг 18 июлидаги “2018 йилда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар ва шаҳарларда арзон кўп квартирали уйлар қуриш дастурларини амалга ошириш механизмларини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжат аҳолининг шинам турар жойга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, фуқароларнинг фаровонлик даражасини янада ошириш ва турар жой шароитларини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ, Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банки, “Ипотека банк” АТИБ, Халқ банки АТБ, “Асака” АТБ ва “Ўзсаноатқурилишбанк” АТБларининг 2018 йил 1 июлдан 2020 йил 1 январгача бўлган даврда 20 йил муддатга, 3 йиллик имтиёзли давр ҳамда биринчи 5 йил мобайнида йиллик 7 фоиз ставкаси билан ва кейинги даврда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкаси миқдорида қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш учун уй қурувчиларга ипотека кредитлари ажратишга рухсат берилди. 

Қарорга мувофиқ, уй қурувчиларга ипотека кредитлари учун дастлабки бадал: 

0,02 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки, уч, тўрт, беш қаватли кўп квартирали (2 ва 3 хонали) ва 2, 3 хонали бир қаватли арзон уй-жойлар учун – 10 фоиз миқдорида; 

0,04 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган икки қаватли 
4 хонали бирлаштирилган арзон уй-жойлар ва 0,06 га ўлчамли ер участкаларида жойлаштириладиган 3, 4 ва 5 хонали арзон уй-жойлар учун – 25 фоиз миқдорида бўлишини назарда тутган ҳолда кредитлар ажратилади. 

Шунингдек, шаҳарларда ёш оилаларга, эски уйларда яшовчиларга ва турар жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларнинг бошқа тоифаларига дастлабки бадалнинг табақалаштирилган миқдорини амалиётга жорий этган ҳолда, арзон кўп квартирали уйларни ўртача 15 фоиз миқдоридаги дастлабки бадал билан сотиб олиш учун бериш тўғрисидаги таклифига розилик берилди.

ЎзА
6 845