ЎзА Ўзбек

20.07.2018 18:08 Чоп этиш версияси

Қишлоқ тадбиркорининг қўшалоқ лойиҳаси

Қишлоқ тадбиркорининг қўшалоқ лойиҳаси
Бухоро вилояти Олот туманидаги “Абдулҳай Толибжонов. Давр” масъулияти чекланган жамиятига қарашли корхонада сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Лойиҳани амалга оширишда тадбиркор Толиб Соттиевга “Мухтор” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бўш турган бино “ноль” қийматда берилгани ва банк томонидан 180 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилгани қўл келди. Ушбу маблағ эвазига корхонага хориждан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилди.

– Таркибидаги сув миқдори буғлатиш йўли билан камайтирилган сутга шакар ва таъмини яхшиловчи аралашмалар қўшиб тайёрланган қуюлтирилган сут сифати стандарт талабларига тўла жавоб беради, – дейди Толиб Соттиев. – У оқсил ва витаминларга бой. Қуюлтирилган сут турли қандолат маҳсулотлари тайёрлашда ҳам кенг қўлланилади.

Етти киши доимий иш билан таъминланган корхона кунига 1 тоннагача маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бунинг учун зарур бўлган сут ҳудуддаги фермер хўжаликлари ва аҳолидан харид қилинмоқда. Тайёрланган маҳсулот махсус елим идишларга қадоқланиб, савдо дўконларига чиқариляпти.

2 (1).JPG

Корхонанинг технологик ускуналари мева пюреси ва салқин ичимликлар ишлаб чиқаришга ҳам мўлжаллангани назарда тутилса, маҳсулот тури яна кенгаяди. Корхона тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, иш ўринлари сони 19 тага етади. 

Шу кунларда тадбиркор корхона жойлашган бинода иккинчи лойиҳани ҳам амалга ошириш тадоригини кўряпти. Август ойида бу ерда қуёш нурига чидамли, экинларни суғориш ишларида зарур бўладиган резина шланглар тайёрлаш цехи фаолият бошлайди.

Ҳозирда лойиҳа ташаббускорининг ўз маблағи ҳисобидан олинган қиймати 7 минг долларга тенг технологик линияни ўрнатиш ишлари давом этаётир. Янги цехда яна тўрт кишининг бандлиги таъминланади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат) ЎзА
8 567