ЎзА Ўзбек

22.08.2018 17:04 Чоп этиш версияси

Қишлоқ шифохонаси учун “Damas” автомашинаси

Қурбон ҳайити кенг нишонланаётган шу кунларда Жиззах вилояти Фориш туманининг энг олис ҳудуди – Омонгелди қишлоғидаги тиббиёт муассасасига “Damas” автомашинаси топширилди.

Туман тиббиёт бирлашмаси томонидан қишлоқ врачлик пунктига топширилган ушбу автомашина муассаса ходимлари учун байрам совғаси бўлди.

Фориш тумани марказидан анча олис масофада жойлашган ушбу қишлоқ врачлик пункти Арнасой кўллари ортидаги алоҳида ҳудуддаги “Омонгелди”, “Арнасой”, “Дарвоза” маҳалла фуқаролар йиғинлари таркибидаги 14 овулнинг 4 мингга яқин аҳолисига тиббий хизмат кўрсатиб келаётир. Муассасадан Дарвоза маҳалласигача бўлган масофа 74 километр, баъзи чўпон овуллари ундан ҳам олисроқ жойлашган.

Давлатимиз томонидан кейинги йилларда қишлоқ тиббиёт муассасаси моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу тиббиёт масканида ҳам аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари яхшиланаётир. Айниқса, махсус жиҳозланган “Damas” шошилинч тиббий ёрдам машинаси ажратилиши катта қулайлик яратди.

Вилоятда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш, тиббий хизмат сифатини тубдан янгилаш давомида 169 қишлоқ врачлик пунктининг 114 тасида мақбуллаштириш ишлари амалга оширилди. Мақбуллаштириш давомида 26 поликлиника, 23 тез тиббий ёрдам шохобчаси ишга туширилди.

Тиббий муассасаларнинг махсус жиҳозланган транспорт воситалари билан таъминланиши олис ҳудудлар аҳолисига тез тиббий ёрдам кўрсатиш имкониятларини кенгайтирди.

Тошқул Бекназаров, ЎзА
3 968