ЎзА Ўзбек

01.06.2018 11:48 Чоп этиш версияси

Қишлоқларда янги архитектуравий кўриниш пайдо бўлади

Президентимизнинг 2016 йил 21 октябрдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори юртдошларимизнинг уй-жойларга бўлган талабини қондиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси томонидан ўтказилган матбуот анжуманида ушбу қарор ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Компания бош директори ўринбосари Файзулла Исломовнинг таъкидлашича, қарорга асосан қишлоқ жойларда арзон уйларнинг янги намунадаги 3 хил тури бунёд этилмоқда.

2017 йилда барча қулайликларга эга 25 минг 543 уй қурилган бўлса, шундан 19 минг 583 таси уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган қишлоқ аҳолиси учун бунёд этилган янги намуна асосидаги арзон уйлардир.

Жорий йилдан уй-жойлар тақсимланишини янада шаффофлаштириш мақсадида туман ҳокимликлари ҳузурида камида 9 та аъзони ўз ичига олган доимий комиссия ташкил этилди. Турли соҳа вакилларидан таркиб топган комиссия аъзолари арзон уй-жойга эҳтиёжи бор оилаларни аниқлаштириб, тегишли хулоса чиқаради ва шу асосда уйлар тақсимланади.

Тадбирда 2018 йилда жами 22 минг 145 янгиланган намунавий лойиҳалар асосида арзон уй-жойлар қурилиши режалаштирилгани маълум қилинди. Ҳозирда қурилиш-монтаж ишлари жадал давом этмоқда. Президентимизнинг ҳудудларга қилган ташрифи чоғида аҳоли таклифларидан келиб чиққан ҳолда берган топшириқларига асосан, вилоятларда қўшимча арзон уйлар қурилиши белгиланган. Ушбу уйларнинг ҳам лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, қурилиш ишлари босқичма-босқич бошланмоқда.

Янги қурилаётган уй-жой массивларининг ташқи муҳандислик қиёфасига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, йўлларни асфальтлаш, газ ва электр билан таъминлаш, маҳалла гузарлари, маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, савдо шахобчалари қуриш ишлари жадал бормоқда.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
4 639