ЎзА Ўзбек

02.03.2020 Чоп этиш версияси

Қишлоқларда давлат хизматлари кўрсатиш такомиллашади

Қишлоқларда давлат хизматлари кўрсатиш такомиллашади

Ўзбекистон Республикаси давлат хизматлари агентлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Европа Иттифоқи ҳамкорлигида амалга оширилаётган “Давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш ва қишлоқ жойларда бошқарув даражасини ошириш” лойиҳасида Жиззах вилоятининг Бахмал тумани ҳам бор.

Ушбу лойиҳа тажриба сифатида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё, Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод, Жиззах вилоятининг Бахмал ҳамда Сирдарё вилоятининг Ховос туманларида татбиқ этилмоқда. Лойиҳадан кўзланган мақсад аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг жорий ҳолатини тавсифлаш, бундай хизматлар сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва давлат хизматлари марказлари ходимларининг салоҳиятини оширишга қаратилган.

Бахмал тумани республикамизнинг чекка ҳудудларидан бири ҳисобланади. Шу боис ДХМ хизматларини оммалаштириш орқали олис қишлоқлар аҳолисини, айниқса, аёлларни қўллаб-қувватлаш, инновацион ғоялар, рақамли кўникмалар марказларини тузиш ушбу ҳудуд учун жуда муҳим аҳамиятга эга.

Айни пайтда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида туманда Давлат хизматлари марказининг янги биноси қурилмоқда. Бинода ДХМ ходимлари ва ташриф буюрувчилар учун барча шароитлар, қулайликлар яратиш устида иш олиб борилаётир.

Шунингдек, туман марказидан олисдаги аҳолига мобиль, сайёр давлат хизматлари кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этилаётир.

– Қўшма лойиҳа доирасида ташкил қилинган тадбирда иштирокчилар ўтказилган тадқиқотнинг асосий натижалари билан таништирилиб, энг муҳим хулоса ва таклифлар муҳокама қилинди, –дейди Давлат хизматлари агентлиги Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Ҳаким Фозилов. – Тадқиқот аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларнинг аксарияти ҳаётий зарур ҳисобланган ижтимоий ва муҳандислик-коммуникация хизматлари (сув, газ, электр таъминоти, объектларни қуриш ва реконструкция қилиш, болаларни боғчаларига жойлаш ва бошқалар) билан боғлиқ эканлигини аниқлаб берди.

Юқорида айтиб ўтилган хизматларни тақдим этишдаги муаммолар ва кечикишлар, асосан, мазкур хизматларни кўрсатувчи ташкилотлар моддий-техник базаси (офис ускуналари, компьютерлар, сканер, алоқа воситалари, интернетдан фойдаланиш имконияти, махсус транспорт воситалари) етарли эмаслиги ва масъул давлат ташкилотлари томонидан тегишли интеграция ишлари амалга оширилмаганлиги билан боғлиқ.

Давлат хизматларидан фойдаланувчилар ўртасида ўтказилган сўровда ДХМларининг иш тартиби (5 баллик тизимда 4,72 балл), зарур бўлган ариза ва ҳужжатларни қабул қилиш ва рўйхатдан ўтказиш (5 баллик тизимда 4,7 балл) ва ДХМ ходимларига мурожаат қилишда улардан олинадиган жавобнинг сифати ва тўлақонли эканлиги (5 баллик тизимда 4,7 балл) анча юқори баҳоланди.

Маҳаллаларда сайёр давлат хизматларини кўрсатиш амалиётини ўрганиш шуни кўрсатдики, одамлар ҳамма жойда ҳам кўрсатилаётган давлат хизматлари тўғрисида тўлиқ маълумотга эга эмас. Шунингдек, чекка ҳудудлардаги фуқаролар ўзи яшаётган жойларда ДХМ сайёр хизматларининг келиши ҳақида ахборот берувчи самарали восита мавжуд эмаслигини таъкидлашди. Сўров иштирокчиларининг кўпчилиги шу мақсадда SMS-хабарномани йўлга қўйишни тавсия этди.

Фойдаланувчилар учун янада қулай шароитлар яратиш, жумладан, ДХМ орқали тақдим этилиши мумкин бўлган қўшимча хизматлар сифатида ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, автомобиль давлат рақамларини бериш, ДХМ қошида филиаллар ёки мини-банклар очиш, нотариал хизматлар кўрсатиш, ДХМ ходимлари сонини ошириш ва бошқа шу кабиларни жорий қилиш бўйича таклифлар берилди.

Давра суҳбати давомида вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва илмий марказлардан таклиф қилинган мутахассислар кўрсатилаётган давлат хизматларини батафсил ўрганиш, шу жумладан, уларни тақдим этиш тартибини такомиллаштириш учун тўлиқ функционал таҳлил ўтказишга эътиборни қаратишни таклиф қилди.

Билдирилган таклиф ва мулоҳазалар давлат хизматларининг сифатини оширишга қаратилган тегишли чораларни кўриш учун давлат идоралари масъул вакилларига етказилди.



1 454
Т.БЕКНАЗАРОВ,ЎзА