ЎзА Ўзбек

05.08.2020 Чоп этиш версияси

Қишлоқ хўжалиги таълимидаги ислоҳотлар: талабаларда таълимни хорижда давом эттириш имконияти пайдо бўлди

Қишлоқ хўжалиги таълимидаги ислоҳотлар: талабаларда таълимни хорижда давом эттириш имконияти пайдо бўлди

Жаҳон бозорида нефть, пахта, газ ва электр энергияси нархи пасайиб, озиқ-овқатнинг баҳоси ошиб бораётган шу кунларда кўплаб давлатлар ун, дон, гуруч, ёғ, картошка каби маҳсулотларни экспорт қилишга чекловлар ўрнатмоқда.

photo5285444298885672915.jpg
Ботиржон Сулаймонов,
Тошкент давлат аграр университети ректори,
академик

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни кўпайтириш бугунги кундаги энг муҳим масалалардан бўлиб, суғориладиган майдонларда 2-3 мартадан ҳосил олиш, фойдаланишдан чиққан ерларни ўзлаштириш чоралари кўрилмоқда. Аслида сўнгги уч йилда соҳада манфаатдорликни ошириш, оддий қилиб айтганда, деҳқон ва фермерни бой қилиш учун барча масалалар ҳал қилиб берилмоқда.

Қайд этиш керакки, аграр соҳада илм-фан-ишлаб чиқариш интеграциясини таъминлаш, илмий ишланмалар натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, соҳа учун малакали кадрлар тайёрлаш борасида ҳам изчил ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бунда эса Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган стратегияси муҳим аҳамият касб этди.

Шунингдек, ислоҳотларнинг мазмунига мос янги таълим йўналишларини киритиш, ўқув жараёнини таълимнинг кредит-модуль тизимига ўтказиш, «Ахборот-маслаҳат марказлари»ни, олий таълим муассасалари ҳузурида давлат хусусий шериклик шартлари асосида «Кичик инновацион корхоналар»ни ташкил этиш, илғор хорижий тажриба ва агротехнологиялар бўйича етарли билим ва кўникмаларга эга кадрларни тайёрлаш чоралари кўрилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлда қабул қилинган «Аграр таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори янги имкониятлар эшигини очмоқда. Хусусан, унга кўра 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб, Тошкент давлат аграр университетининг Андижон филиали негизида Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институти ташкил этилади.

Бу эса Андижон тажрибасини қишлоқ хўжалигида қўллаш, замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш, институт профессор-ўқитувчиларининг тажрибаларини оммалаштиришга, институт ўзининг халқаро алоқаларини кенгайтириш, QS рейтинг тизимига киришида қўл келади.

photo5283248483970690967.jpg

Қарорнинг ўзига хослиги унинг бакалавриат таълим йўналишларида таълимнинг кредит-модуль тизимини босқичма-босқич жорий этишга йўл очишидир. Натижада таълим жараёни халқаро стандартларга мослаштирилиб кредит-модуль тизимида олиб борилади. Битирувчиларимиз эса ўқишларини ўзлари истаган хорижий давлатларда давом эттиришлари ёки хорижий олий таълим муассасаларидан бизга кўчириб келишлари, хорижий олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва мутахассисларини ўқув жараёнига жалб этишда муаммолар бўлмаслигини таъминлайди. Икки томонлама тан олинадиган диплом бериш эса янада қулайлик.

Эндиликда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳаси учун магистратурада ўқиш 1 йил, илмий ва илмий-педагогик фаолият билан шуғулланиш хоҳиши бўлган талабалар учун ўқиш 2 йил этиб белгилангани кадрларни мақсадли тайёрлаш тизимини йўлга қўйилишига асос бўлади. Ишлаб чиқаришда иштирок этаётган талабалар вақтини тежаб, тўғридан-тўғри қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга мўлжалланган 1 йиллик дастурлар асосида таҳсил олади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги олий таълим муассасаларига соҳада 5 йилдан кам ишламаган ходимлар тавсиянома асосида ўқишга кириши мумкин. Уларнинг ўқиш муддати сиртқи таълим шаклида бўлиб, 4 йил давом этади. Тўлов-контракт суммаларини кундузги таълим йўналишидаги тўлов-контракт (стипендиясиз) миқдорига тенглаштирилиши тизимда ишлаётган мутахассисларнинг назарий билимларини ошириб, қисқа фурсатда соҳада олий маълумотли кадрлар сонини ортишига хизмат қилади.

photo5283248483970690971.jpg

Тажриба-синов тариқасида Тошкент давлат аграр университетида сиртқи таълимни масофавий шакли йўлга қўйилган. Бу эса таълим харажатларини камайтириб, сиртдан таҳсил олаётган талабаларга манзур бўлмоқда.

Хорижий фуқаролар учун тўлов-контракт миқдори истисно тариқасида, икки баробарга камайтирилди. Демак, аграр соҳадаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган хорижий талабалар сони ортади. Хорижий инвестициялар жалб этилиб, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш имконияти яратилади. Тизимда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар қўшни давлатларда татбиқ этилиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлари ва техникалари экспорти ошади.

Қайд этиш керакки, Президентимиз ўтган йилнинг 1-3 июнь кунлари Тошкент вилоятига ташрифи давомида тегишли топшириқлар берган эди. Ижросини таъминлаш учун Тошкент давлат аграр университети ҳузурида «Ғўза уруғчилиги маркази»фаолияти йўлга қўйилди. Ҳозирда замонавий лабораториялар билан жиҳозланган марказда 25 хил навдаги ғўза янги усулда тажрибадан ўтказилмоқда. 27 гектарга сабзавот, дуккакли экинлар ҳамда ем-хашак экинларини бирламчи уруғчилиги ташкил этилди.

photo5285089809464930092.jpg

Ушбу марказдаги илмий-тадқиқот ишларини янада такомиллаштириш мақсадида «Агроинновация» давлат унитар корхонаси билан бирлаштирилиб, «Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар Миллий маркази»га айлантирилди.

Бу эса ишлаб чиқариш, илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари ўртасида интеграцияни таъминлаш, соҳага янги илмий ва инновацион ютуқларни жорий этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳасида фан, таълим ва ишлаб чиқаришда инновацияларни жорий этиш бўйича маълумотлар базасини шакллантириш каби янгиликларни таъминлашда қўл келади.

Юртимизда қишлоқ хўжалиги ҳамда таълим тизимида олиб борилаётган туб ўзгаришларни инобатга олган ҳолда Тошкент давлат аграр университети ва Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида «Қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш ва ахборот-коммуникация технологиялари масалалари» ҳамда «Профессионал таълим муассасалари билан ишлаш бўйича» проректор лавозимлари жорий этилмоқда. Бу эса ўқув жараёнига рақамли ва АКТ воситалари кенг жорий этилиши, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими билан олий таълим таълимни узлуксизлиги ва узвийлиги таъминлайди.

2020- 2021 ўқув йилидан Агросаноат кластерлари ва кооперациялар учун Тошкент давлат аграр университети қошида республика олий таълим муассасаларининг иқтидорли талабалари таркибидан танлаб олинган ёшлар учун махсус факультет ташкил этилади. «Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини инновацион ривожлантириш ва уни рақамли трансформациялаш» лойиҳасидаги ушбу махсус факультетда ҳар йили 200 нафар иқтидорли талаба саралаб олиниб, агрокластерлар ва кооперациялар учун хорижий тажрибалар асосида кадрлар тайёрланади

Шунингдек, фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг узвий интеграциясини таъминлаш мақсадида аграр соҳасидаги олий таълим муассасаларининг 20 та мутахассислик кафедралари агросаноат мажмуига кирувчи илмий-тадқиқот муассасалари, илмий марказлари ва ташкилотлари қишлоқ хўжалиги йўналишидаги олий таълим муассасаларининг кафедраларига мос йўналишлар бўйича бириктирилиши ишлаб чиқариш соҳасидаги сўнгги илмий янгиликларни талабалар эътиборига етказишга, таълимнинг узлуксизлиги ва узвийлигини таъминлашга ёрдам беради.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимидаги 12 касб-ҳунар коллежи негизида 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб, ҳар бир ҳудудида агротехнологиялар техникуми ташкил этилди. Техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчилар якка тартибдаги суҳбат асосида кириш имтиҳонларисиз қишлоқ хўжалиги олий таълим муассасаларининг мос бакалавриат таълим йўналишларида 2-босқичдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга. Бу албатта ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларида белгиланган вазифаларини амалга оширишда юқори малакали кадрларга бўлган талабни тўлдириш ва қишлоқ ёшларини олий маълумотга эга бўлишларига имконият яратади.

Профессор-ўқитувчилар ва илмий-тадқиқотчилар олиб бораётган илмий-тадқиқот натижаларини тижоратлаштириш, хўжалик шартномалари ҳисобидан тушган маблағлардан тўланадиган солиқ ставкаларини икки баробарга камайтирилишидан тежалган маблағлар ҳисобидан профессор-ўқитувчилар ва илмий-тадқиқотчиларни моддий рағбатлантириш, кафедраларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилади.

photo5285171100310941805.jpg

Қарорда белгилаб ўтилган хорижий тилни, хусусан, инглиз тилини яхши ўзлаштирганлигини тасдиқловчи сертификатга эга бўлган (IELTS даражаси 6,5 ва ундан юқори) профессор-ўқитувчиларни (хорижий тиллар бўйича профессор-ўқитувчилар бундан мустасно) ойлик маошларига 10 фоиз устама белгиланиши ҳам педагог-ходимларимизни ўз устида мунтазам ишлашларига тўртки бўлмоқда.

2021 йилнинг 1 январдан бошлаб, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар «Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳамда «Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш» жамғармаси маблағлари ҳисобидан хорижий давлатларнинг олий ва илмий-тадқиқот муассасаларига мақсадли стажировка ўташга юборилди. Албатта, ўқув жараёни ва илмий-тадқиқот ишларига хорижий тажрибаларни кенг татбиқ этилиши таълим сифатини ошишига хизмат қилади.

Келажак пойдеворлари – бу бизнинг ёшларимиздир. Илм сари интилиб,устоз ва мураббийларининг ўгитларига, панду‑насиҳатларига амал қилган ёшлар эса асло кам бўлмайди. Зеро, садафга ўралганлар дур бўлганидек, илмга йўғрилганлар нур бўлади. Илм нури эса ҳаётингиз йўлини умрингиз давомида йўлчи юлдуздек ёритиб бораверади.

5 959
ЎзА