ЎзА Ўзбек

23.01.2020 Чоп этиш версияси

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россияга экспорт қилинади

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари Россияга экспорт қилинади

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳрида россиялик ишбилармонлар билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспортга йўналтириш бўйича учрашув бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Ю.Қобулжонов, Россиянинг “Росагромаркет” улгуржи етказиб бериш федерал тармоғи раҳбари Б.Григорев, вилоят ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Ж.Абдусаломов, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ва экспорти билан шуғулланувчи тадбиркорлар иштирок этди.

Дастлаб, Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Ю.Қобулжонов россиялик тадбиркорларга Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик, ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар, эришилган натижалар хусусида сўзлаб берди.

photo5283245520443255907.jpg

Вилоят ҳокимининг инвестиция масалалари бўйича ўринбосари Ж.Абдусаломов тадбир иштирокчиларига пойтахт вилоятининг иқтисодий ва экспорт салоҳияти, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг айни ҳолати ва истиқболлари ҳақида маълумот берди.

Ўз навбатида “Росагромаркет” улгуржи етказиб бериш федерал тармоғи раҳбари Б.Григорев компания фаолияти ҳақида маълумот бериб, ташрифдан кўзланган мақсад ва икки томонлама ўрнатилажак ҳамкорликнинг истиқболлари хусусида фикр-мулоҳазаларини баён этди.

– Ўзбекистонлик ҳамкорларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз, – дейди Б.Григорев. – Жумладан, қуёшли ўлкадан маҳсулот етказиб берувчи тадбиркорларга ишлаб чиқариш ва савдо майдонлари ижара нархида имтиёзли давр берилади. Маҳсулотга қулай нархлар белгиланади. Шунингдек, маҳсулотларнинг божхона расмийлаштирилувида ҳуқуқий кўмак берилиб, зарур бўлган барча стандарт ва сертификатлар олинишида амалий ёрдам кўрсатилади.

photo5283245520443255908.jpg

Шундан сўнг Тошкент вилоятидан Россияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш бўйича икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, экспорт ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилиниб, икки томонлама келишувга эришилди.

Учрашув доирасида икки томон ўртасида мавзуга оид савол-жавоб формати ташкил этилиб, тадбиркорларимизнинг саволларига россиялик экспертлар томонидан атрофлича жавоб берилди.

2 679
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ, ЎзА