Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.12.2017 16:34 Чоп этиш версияси

Қишлоқ хўжалиги ходимлари музейларга саёҳат қилди

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги ходимлари куни ва Ҳосил байрами муносабати билан Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган меҳмонлар Тошкент шаҳридаги қатор музейларга ташриф буюрди.

Ўзбекистон амалий санъат музейида XIX асрнинг биринчи ярмидан ҳозирги кунгача бўлган даврда қўлигул усталар томонидан яратилган 7 мингдан ортиқ экспонат мавжуд.

– Мазкур музейга биринчи марта келишим, – дейди Бухоро вилояти Пешку туманидаги "Фаттоев" фермер хўжалиги раҳбари Ёқуб Фаттоев. – Бу ердаги Бухоро ва Хива гиламлари, хонатлас, адрас, беқасам каби миллий матоларимиз, каштачилик, зардўзлик, заргарлик, кандакорлик санъати, ёғоч ва ганч ўймакорлиги намуналари, ҳунармандлик буюмлари менда катта қизиқиш уйғотди. Насиб бўлса, набираларимни албатта, бу музейга олиб келаман.

Ўзбекистон давлат санъат музейида Осиё ва Европанинг ноёб санъат асарлари сақланади.

– Тарихга жуда қизиқаман, – дейди Самарқанд вилояти Пахтачи туманидаги «Мирзаев Шавкат Кенжаевич» фермер хўжали раҳбари Шавкат Мирзаев. – Шу боис Тошкентга ҳар гал келганимда фарзандларим, набираларим билан театрларга, музейларга борамиз. Менга музей экспозициясидан Ўзбекистоннинг антик ва ўрта аср санъатига оид меъморий бойликлари, Хитой, Ҳиндистон, Япония, Жанубий Корея ва Эрон санъат асарлари, мусиқа чолғу асбобларини бир-бир кўздан кечириш жуда ёқади.

Темурийлар тарихи давлат музейи биноси мустақиллик даври шаҳарсозлик маданиятининг ноёб намунаси, мамлакатимиз архитектура санъатидаги дурдона асарлардан бири ҳисобланади. Музей фондларини бойитиш мақсадида археологик экспедициялар амалга оширилмоқда.

– Музейнинг шарқона усулда қурилган гумбази менга жуда ёқди, – дейди Сурхондарё вилояти Денов туманидаги «Меҳнат фаровон ҳаёт» фермер хўжалиги раҳбари Абдусамат Норбоев. – Бу ерда Амир Темур салтанати ва темурийлар фаолиятига доир қизиқарли маълумотлар билан танишдик. Қолаверса, экспонатлар қаторида Биринчи Президентимизнинг музейга ташрифи акс этган суратларни кўриб, тўлқинланиб кетдим.

Сайёра Шоева, ЎзА
9 547