ЎзА Ўзбек

18.10.2019 Чоп этиш версияси

Қишлоқдаги фожиа

Қишлоқдаги фожиа

Эътиборингизга ҳавола қилинаётган мазкур мақола ва суҳбат ирод этилганига 30 йилдан ошди.

Мақолани ўқир экансиз, 30-35 йил бурун ҳам мамлакатда хотин-қизлар қўмитаси бўлганмиди? – ўзи – деб, қоласан киши. Бўлмаганми ёки. Бўлган бўлса, оғзига талқон солганмиди? Сабоқлардан – сабоқ чиқардик-ми? – дейди адиб.

Одил Ёқубов 80-йилларда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасига бош муҳаррир бўлган даврларини эслайди. Газета тиражи салкам 1 миллионга етганини. Орадан 20 йил ўтиб, 2006 йилнинг мана шундай кузида катта бир залда ана шу газетанинг 50 йиллик юбилейида адибнингўзбек матбуотига, журналистларига қаратган сўнгги мурожаати бўлган. Сўз эркинлиги ҳақида.Нима бўлган? Залдаги микрофонлар тақа-тақ ўчирилган. Юбилейга таклиф қилинган депутатлар, Сенаторлар турнақатор бўлиб зални тарк эта бошлашган. Шунга қарамай адиб қўлидаги ҳассасини бетон полга “тақ-тақ” ура, кўзларидан тирқираб оқаётган ёш билан сўнгги мурожаатини давом эттирган. Афсуски микрофонсиз гапиришга ҳам изн берилмади.

Пахта далалари заҳматчилари – аёлларнинг жаннатда яшаётгандан фаровон яшашади, деган афсонавий гапларга чек қўйиш даври келди.
Аёллар турмушининг ўн йиллар давомида дардга айланиб, йиғилиб қолган долзарб ижтимоий муаммоларига эътибор бериш вақти келди.
Мен ўзим ишлайдиган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг почтасини кўздан кечира ётиб шундай бир хат қўлимга тушиб қолди. Унинг мазмуни мени ларзага солди: бир қишлоқда ёшгина колхозчи аёл, икки боланинг онаси ўзига ўзи ўт қўйган.

Хатни унинг синглиси, 10-синф ўқувчиси ёзган эди. У таскин бериб бўлмайдиган алам билан тўлиб-тошганди: мусибатни кўтаролмаган она ҳаётдан кўз юмган, ота ёстиқ тортиб ётиб қолган. Икки ёш бола тўғрисида қайғуриш эса хатни йўллаган қиз зиммасига тушганди. Ўзининг шафқатсиз муомила-муносабати билан хотинини ўз ҳаётига қасд қилиш даражасигача олиб борган пиёниста эр эса шунчаки дўқ-пўписа эшитиш билан қутилиб қолди...

Биз бу ғам-андуҳга тўла хатни – фожиали фактни текшириб кўришни илтимос қилиб тегишли органларга юбордик. Жавобни кутарканман, мен тинмай бахтсиз аёл тўғрисида ўйлардим... Ўзининг норасида болаларини ташлаб, кейин тузатиб бўлмас қадам қўйишга ёш онани нима мажбур қилди экан?

Орадан бир ой ўтгач жавоб олинган. У ўзининг тутириқсизлиги билан мени боши берк кўчага киритиб қўйди. Жавобда аёлнинг фожиали ўлими “эрининг унга бой-феодалларча муносабати” ва маҳаллий раҳбарларнинг бепарволиги натижасида рўй берган деб айтилган эди. Бунинг учун қишлоқ Советининг раиси ва колхоз партия комитетининг секретарига биттадан ҳайфсан берилибди, район партия комитети секретарига эса аёллар ўртасида тарбиявий ишларни кучайтириш лозимлиги кўрсатилибди. Эр эса ҳатто “кўрсатиш”сиз қутилиб қолибди.

Агар ўзига ўзи ўт қўйиш тўғрисидаги юқорида айтилган факт якка-ю ягона бўлганида шундай жавоб билан ҳам қаноатланиш мумкин эди ( ҳақиқатан ҳам аёлларга нисбатан “ўтмиш сарқитлари” бизнинг онгимизда ҳали анча мустаҳкам турибди). Аммо кейинги вақтларда бизнинг республикамизда, шаҳарларда эмас, пахтакор районлардаги қишлоқларда аёлларнинг жонига қасд қилиш ҳоллари кўпайди. Албатта, бу ҳодисаларни “сарқитлар”га йўйиш ҳам мумкин: хўш, нимани истайсиз, асрлар давомида эзилган, мустақилликдан, ўз ихтиёридан маҳрум бўлган аёл бугунги кунда таҳқирлаш ва ҳуқуқсизлик билан муроса қилишни хоҳламаяпти, эрлари эса ўтмиш урф-одатларига тиш-тирноқлари билан ёпишиб олишган... Масалага шундай ёндашиш муаммодан атайин ўзини олиб қочиш, ундан кўз юмиш демакдир. Чунки, бундай жавоб асосий нарсани: нега аёл норозиликнинг айни шундай даҳшатли йўлини танлайди, деган саволни ойдинлаштирмайди.

Нима учун улар, навқирон, саводли аёллар ўлимни афзал кўришади? Нега эрларини ташлаб, уйдан чиқиб кетмайдилар, шаҳарларимиздаги юзлаб ва минглаб ўзбек аёллари ишлаётган фабрикалардан бирортасига ишга кириб олмайдилар? Йўқ, “сарқитлар” хусусидаги масала оддий гап эмас. Агар бу ҳақда гапириладиган бўлса, энг аввало, област ташкилотлари редакцияга юборган жавобларга хотинининг ўлими учун эридан қонуннинг бутун қаттиққўллиги баробарида жавоб талаб қилишни истамаслик, эркак ҳар доим ҳақ эканлигини таш олишга тайёр туришликка нисбатан гапириш мумкин. Ҳар доим эркакнинг ҳақлигини тан олиш – ўтмишга сажда қилиш шу эмасми?

Мен намойиш қилинаётган пайтда ленталари узилиб кетадиган, жуда эскириб қолган бундан 60 йил илгари суратга олинган, ҳужумга – Ўзбекистон хотин-қизларининг озод бўлиш учун оммавий юришига бағишланган ҳужжатли фильмларни негадир тез-тез эсга оламан. Эл-юрт севган актриса Нурхоннинг саҳнага чиқишига рухсат бермаган эри томонидан шафқатсизларча ўлдирилиши ана шу ҳаракатга туртки бўлган эди. Мен ҳозирги кунгача бу кадрларни ҳаяжонсиз кўра олмайман. Шаҳар ва қишлоқларнинг одамлар тўпланган майдонларида улкан гулханлар ёнади. Уларда асрлар давомида аёлларнинг дилбар чеҳраларини нигоҳдан яшириб келган чачвон ва паранжилар куймоқда. Ёш аёлларнинг чеҳраси шундай шавқ-завққа тўлган, чиройлари яна ҳам очилиб кетган эди!

Бу – 60 йил муқаддам рўй берган эди. Ўтган йиллар мобайнида республикада аёллардан қанчадан-қанча машҳур олимлар, фан докторлари ва кандидатлари, инженерлар, донг таратган ишчилар, министрлар, энг юқори лавозимдаги партия ва совет раҳбарлари етишиб чиқди. Ҳа, ўрта аср ахлоқига қарши чинакам юриш бўлган – “Ҳужум”нинг мевалари боқийдир. У аёлларни асосий нарсага: ўз-ўзини ҳурмат қилишга ва баҳамжиҳатликка ўргатди.

Аммо мана, менинг олдимда яна бир хат турибди.

Қишлоқ шифохонасининг врачи қўл остида ишловчи ёшгина медицина ҳамширасини кечаси зўрлик билан узоқ чўлга олиб кетади. Қизнинг номусига у сенга уйланаман, “иккинчи уй” қуриб бераман (“биринчи” уйда албатта, қонуний хотини болалари билан яшарди) деб ваъда қилади, табиийки, у ваъдасини бажармайди.

Кейин шундай воқеа рўй берди. Орадан бироз вақт ўтгач қиз ҳомиладор эканлигини билиб қолиб, даҳшатга тушади. Буни бирга ишлайдиган аёллар: акушеркалар, врачлар, медицина ҳамширалари ҳам сезиб қолишади. Шифохона бўйлаб бир зумда миш-мишлар. Фисқу фасод гаплар тарқалиб кетади. Қизни ўзбошимчалик билан таҳқирона текшириб курашади, сўроққа тутишади. Нуқул шифохонани шарманда қилдинг, бутун коллективга сира ўчмайдиган доғ туширдинг, деб таъна қилаверишади. Эсли-ҳушли қиз ўз номусини йўқотишга қандай йўл қўйиши мумкин?! Эътибор беринг-а: айблашлар аёлларнинг, рисоладаги замонавий аёлларнинг бошида туғилган. Аёллардан бирортаси ҳам ҳақиқий айбдор қилмишини қоралашмайди. Ғунажин кўзини сузмаса, танача арқонни узмайди, деган эски мақолга амал қилишади.
Фисқу фасод гаплар жонига теккан, таҳқирланган, ўз ёғига ўзи қоврилган қиз жонига қасд қилди.

Қани энди сиз менга айтинг-чи, бу ўринда нима кўпроқ роль ўйнаган: ўтмиш сарқитларими ёки замонавий тошбағирликми, яқин кишининг тақдирига лоқайд қарашми? Бизнинг ҳозирги кунларимиздаги қусурларга нотўғри баҳо берадиган бўлсак, уларни енгиш ҳам мумкин бўлмай қолади. Ҳамма нарсани ўтмишга йўйишдан осони йўқ. Лекин доим ўзини ўзи алдаб, ҳаммага маълум чайналган гаплар билан ҳақиқатдан қочиб юриш мумкинми?

Эсимда, бундан йигирма йил муқаддам теримчи аёллардан бирининг номи бутун республикага довруқ солди. Мавсумда у 15 минг килограммдан ортиқ пахта терди! Агар битта чаноқдаги пахта 3 граммгина келишини, атиги 10 грамм териш учун теримчига 3 марта ерга эгилишга тўғри келиши ҳисобга олинса, у ҳолда 15 минг килограммлик рекорд рақам аёлдан қанчалар кўп жисмоний куч талаб қилишини тасаввур қилиб кўринг.

Унинг ёши ўн саккизларда бўлиб, эндигина турмушга чиққан эди. Шоирлар унга шеърлар бағишлашди, газеталарда кўплаб очерклар босилди. Кейин нима учундир унинг номи газеталар саҳифаларидан тушиб қолди. Шундан кейин у ишни ташлаб, қишлоқдан кетиб қолибди, қаердадир буфетга ишга жойлашганмиш деган гаплар тарқалди.
– Унга шунча ҳурмат ва шон-шуҳрат келтирган ишни ташлаб кетса-я?!
Ҳаммаси кейинчалик маълум бўлди. Ёш аёл ҳомиладор бўлган, аммо сўнгги кунларгача пахта теримида ишлаб юраверган. Бир куни даланинг ўзида дард тутиб қолади. Шунда эри – у тарозибон эди, – югуриб бригадирнинг аёлнинг олдига боради: жуда ҳам машина зарур бўлиб қолди. Бригадир аёл кўзи ёрай деб турган жувонга ёрдам беришдан бош тортади, куни билан терилган пахта ортилган бригада машинаси пахта пунктига жўнаб кетади. Туғруқхона йўл устида эмас эмиш. Довруғи тарқалган қаҳрамоннинг кўзи далада ёриди. Ана шундан кейин у ҳамма нарсадан: илгариги ишидан ҳам, шон-шуҳратидан ҳам, ўзи ҳақида тўқилган қўшиқлардан ҳам қўлини ювиб, қўлтиғига урди. Ҳатто унинг учун жон куйдирмаган эридан ҳам ҳафсаласи пир бўлди. Қани айтинг-чи, аёл кишининг кўзи ёрай деб турган жувонга нисбатан совуқ илтифотсизлигини ўтмиш тасаввурлари қолдиғи билан оқлаб бўладими? Йўқ, бизнинг ҳаётимизда шундай бир ҳодисалар рўй беряптики, уни бирданига нима деб аташни ҳам билмайсан. Мен буни раҳмсизлик, тошбағирлик деб атаган бўлар эдим.

Негадир бундай қусурга ҳар хил лавозимдаги раҳбар аёллар ҳам мубтало бўлишган. Афтидан уларнинг баъзи бирлари паранжи билан бирга саховатни, шафқатни, ҳамдардликни ҳам бир умрга улоқтириб ташлаганга ўхшайди.
Мен республика бўйлаб кўп кезганман. Ҳозир ҳам бу одатимни тарк этмадим. Бундай сафарларда бизни, адибларни, район партия комитетларининг идеология бўйича секретарлари ёки область ижроия комитетлари раисларининг ўринбосарлари район ва қишлоқлар бўйлаб олиб юришади. Уларнинг кўпчилиги аёллардир. Яна қанақа аёллар денг! Худди атайин танлангандек – сулув, маданиятли, сўнгги урф бўйича кийинишган – кўриб кўзинг қувнайди. Уларнинг тили чечанлигини айтмайсизми?!
Ана шундай раҳбар аёл билан район бўйлаб кезасан, у районнинг муваффақиятлари тўғрисида, мўъжизалар яратаётган ажойиб пахтакорлар ҳақида, планлар хусусида ҳикоя қилади. Ҳаммасини ёддан айтиб беради. Шу орада йўл ёқасидаги пахта пайкаллари четида тут дарахтларига бойланган беланчакка кўзинг тушади. Оналар қоқ ерга ўтириб олиб, болаларини эмизишади, кир-чир, анчадан бери баданига сув тегмаган болалар тупроққа эмаклашди, уларга ёши анчага бориб қолган, куч-қувватдан кетган аёл қарайди. Машинани тўхтатинг, бу хунук манзаранинг сабабини билгинг келади, аммо бундай қилиш сенинг олий маълумотли ҳамроҳингга ноқулай бўлишини биласан! Шу тариқа жимгина кетаверасан, мабодо сўраб қолгудек бўлсанг, сенга шу заҳотиёқ ишонч билан бу манзара типик эмас, деб тушунтиришади.

Ниҳоят, сени дала шийпонига олиб келишади. Бу ерда меҳнаткашларнинг “севимли ёзувчиси” билан учрашув бўлиши керак. Бундай учрашув учун одатда шинам шийпонлар танланади, аммо улар кўпинча санитария ва ободонлаштиришнинг энг оддий талабларига ҳам жавоб бермайди. Бу ерда на хотин-қизлар, на болалар ювиниши мумкин бўлган душни (пахта пайкалларида асосан хотин-қизлар ишлашади-ку, ахир!), на эмизикли оналар учун бир тузуккина хонани учратасиз. Шундай қилиб, бошларига қат-қат рўмол ўраган, офтобда юзлари қорайиб кетган, толиққан, қўллари эркаклардек қадоқ 20-30 аёл ва яна аллақанча юқори синфда ўқийдиган болалар ёзувчи билан учрашувга тўпланишди. Улар кўпинча ҳузурларига келган меҳмон тўғрисида ҳеч нарса билишмайди.

Мана шу кишининг ғазабини қўзғатадиган ноқулайликларни кўра-била туриб, ўша ҳорғин аёлларнинг замондоши бўлган раҳбар аёл колхоз раисини койиганини ёки масалани район раҳбарлари олдига қатъий кўндаланг қилиб қўйганини ёки бирор жойда юқорида ўтказилган кенгашда ачиниб, куйиб-пишиб рўй-рост гапларни айтганини бирон марта эшитган эмасман. Афсуски, ҳеч қачон шундай воқеанинг гувоҳи бўлмаганман.

Аксинча! Эсимда, 60-йилларда “Литературная газета”да марҳум ёзувчимиз А. Қаҳҳор “ҳуснбузар” мақоласи билан чиққан пахтакор аёлларнинг меҳнати қанчалар оғирлиги, ёзувчилар ва кинематографчиларнинг бу меҳнатни чиройли атлас кўйлаклар кийиб олган қўшиқчиларнинг байрамдагидек қилиб кўрсатишга уринишлари қанчалик шармандали эканлиги тўғрисида ёзган эди. Унинг мақоласидан кейин нима бўлди! Мажлислар бўлди, нутқлар сўзланди, эҳтиёт чоралари кўрилди. Ёзувчини турмушни қоралаб ёзишда, ҳаёт манзараларини бузиб кўрсатишда айблашди. Энг ачинарлиси шундаки, барча хуружларнинг ташаббускори аёл киши эди: ўша пайтда у республикада жуда юқори лавозимни эгаллаб турарди, ёзувчи ҳақиқатга хиёнат қилмаганлигини жуда яхши биларди. Аммо у ёрдам бериш, ҳамдардлик қилиш ўрнига ёлғонни афзал кўрди.

Ҳа, Ўзбекистон кейинги 30 йил ичида оғир даврларни бошидан кечирди. Пахта етиштириш планлари, пахтачилик йилдан-йилга ўсиб борди, механизация бўлса, айниқса, пахтани машиналарда териб олиш, фақат қоғоздагина бор эди. Ҳафсала билан ишлов беришни, яхшилаб суғоришни, ҳар бир туп ниҳолни жазирама офтоб остида чопиқ қилишни талаб этадиган ниҳоятда инжиқ экин – ғўза парваришининг бутун оғирлиги аёллар ва болаларнинг нозик елкаларига тушган эди...

Мана, қишлоқ аёли иш кунининг одатдагидек эрталаб соат олтидаёқ у аллақачон оёққа туради. Сигирни соғиш, нонушта тайёрлаш, болаларни мактабга жўнатиш керак. Соат саккизларда, ёзда эса еттидаёқ далада бўлиши керак. Кун бўйи тинка қуритар иш: оғир кетмон билан ҳар бир туп ғўзанинг таги юмшатилади, жўякларга ишлов берилади. Уйига кун ботиш олдида қайтади, йиғим-терим даврида эса бундан ҳам кечга қолади. Яна сигир, болалар, кечки овқат тайёрлаш. Шундай аҳволда маънавий озуқа ҳақида қандай гап бўлиши мумкин! Радио, телевизор тўғрисида-чи?!
Қишки икки-уч ойни демаса, ҳар кун, бутун йил шу тариқа ўтади. Бундан уч йилча муқаддам мен Андижон областига бордим. Июль ойи, нафақат қуёш олов пуркайдиган, бизда газеталарда ёзиладиганидек, пахта ҳосили учун курашнинг ҳал қилувчи пайти эди. Биз машҳур колхознинг бригадаларидан бирига келдик. Бу ерда бизнинг ўлкалар учун одатдаги ҳол бўлган оғир манзаранинг гувоҳи бўлдик: елкаларида кетмон, ҳозиргина даладан тушлик қилгани келган бир неча ёш аёл кир-чирларини ювиб олиш, болаларига қараш учун уйларига икки-уч соат вақтлироқ қўйиб юборишни бригадирдан сўраб, ялиниб-ёлворишарди. Аммо ўз қўл остидаги одамларни қаттиқ ушлаб турадиганлар тоифасидан ҳисобланган “қаттиққўл” бригадир уларга сира ён босмасди. Гарчи дам олиш куни бўлишига, аёллар эрта баҳордан бери бирор кун дам олишмаганига қарамай, бригадир уларга ишдан вақтлироқ кетишга рухсат бермади. Рухсат бериш у ёқда турсин, район раҳбарлари билан бригадага келган ёзувчи ўртоқ унинг қанчалар талабчан ва қаттиққўллигини ўз кўзлари билан кўриб қўйсинлар, деган маънода ўжар аёлларга бақириб ҳам берди. Кечқурун колхоз боғида, ўша вақтда расм бўлгандек, фахрли меҳмон учун ёзилган мўл-кўл дастурхон устида мен ана шу ҳодиса тўғрисида дилбар, сермулозамат аёл – колхоз раисасига гапириб бердим.

– Иложимиз қанча, – жавоб берди у заррача ҳиложат тортмай. – Ҳосил учун кураш кетяпти. Бизнинг планимиз бор, уни бажаришимиз керак.

– Наҳотки аёлларга бир ойда ақалли бир кун дам олиш куни бериш мумкинмас? Ахир уларнинг оила, бола-чақалари бор-ку!

- Принцип жиҳатидан балки мумкин бўлар, ҳаммага бирваракайига эмас, албатта навбати билан қилса бўлади.

Ўша куни биз шартлашиб олдик: у ўз колхозида шу тажрибани амалга оширадиган, мен эса шу тажриба тўғрисида бошқа хўжаликлар учун ибрат тариқасида “мақтов” мақоласини ёзадиган бўлдим.

Орадан бир ой ўтди. Қўнғироқ қилдим.эксперимент қандай бўлаяпти, деб сўрадим.

- Ҳеч нарса чиқмади! Раҳбарлар рухсат беришмаяпти. Бундай иш режими меҳнат шижоатини бўшаштиради, планга таъсир этади, дейишяпти.

Ана ўшанда мен, хом сут эмган банда, шундай хаёлга бордим: “ичкари”дан, шарқ рўзғорининг зулмкор қонунларидан озод бўлиш аёлларни – даладаги меҳнат қиладиган аёлларни – қандай қилиб шундай кўнгилсизликларга олиб келдийкин?

Яқиндагина Сирдарё областидаги совхозлардан бирида бўлдим. Бу ерда йигирма ва ҳатто ўттиз йиллик тарихга эга бўлган қўриқ, хўжаликлар кўп. Нуқул пахта экилган далалар оралаб бир неча километр юриб, биз қандайдир посёлкадан чиқиб қолдик. У шундай ташландиқ жой эдики, на газ, на водопровод, на канализация бор, қадимий тандир ва ўчоқларда бундан минг йил илгаригидек таппи-тезак ва ғўзапоя ёқиларди. Қош қорайганда ишдан қайтган аёллар овқат пишириш, нон ёпиш учун алламаҳалгача ўчоқ бошида куймаланишади. Мана буни ростдан ҳам феодал хўжалиги деса бўлади! Бу бизнинг кунларда, ўнлаб жойларда газнинг жуда катта запаслари топилган республикада рўй бериб турса-я! Шундай бўла туриб, яна кимлардир на бу аёллар, на уларнинг болалари маънавий ҳаёт, маданият билан сира қизиқмайдилар, уларнинг ички дунёси ва тасаввури ўсмай қолган деб, таъна тоши отади.

Йўқ, нима десангиз денг, ўтмишда деҳқон қанчалар оғир шароитда яшамасин, хотинини далада ишлашга мажбур қилган эмас. Аёлни “ичкари”да, паранжи ва чачвон остида сақлашарди. У на зиёни, на одамларни кўрмай тўрт девор орасида хафақон бўлиб кетарди, бунинг устига қулоғигача уй-рўзғор ишларига ботганди. Лекин ҳар қалай... Болалигим ёдимда: биз оналаримиз ва опаларимиз тайёрлаб берган таомларни далада ишлаётган ота, акаларимизга олиб борардик. Далага чиқишга, отасига овқат олиб боришга, ҳатто қизларнинг ҳаққи йўқ эди – бу ишни фақат ўғир болалар бажаришарди, аёллар эса фақат уй ишлари билан шуғулланишарди. “ичкари”нинг қаттиққўл қонуни шундай эди.

- Марҳамат қилиб айтинг-чи, ҳозир эркаклар қаёққа ғойиб бўлишган? – сўрайди ўқувчи. – Эркаклар борми ўзи? Нега улар ўз хотинларини шундай оғир меҳнатга маҳкум этиб қўйишибди?

Нимасини айтасиз? Бугунги кунда эркакларимиз “ўтмиш сарқитлари”дан озод бўлиб, ўз зиммаларига енгил-елпи ишларни олишган. Далада улар кўпинча тарозибон бўлиб ишлашади. Ана шунда эрнинг тарозини бошқаришига, айни вақтда хотини ёки боласининг пахта босилган этакни зўрба-зўр кўтариб келаётганига қараб туриб, ачиниб кетасан, киши.

Тарозибонлар ҳам гапми! Исталган колхоз ёки совхознинг идорасига кирсангиз ҳамма ерда кассир, бош бухгалтер ва бош экономистларнинг ёрдамчилари бўлиб эркаклар ишлаётганини кўрасиз. Уларнинг кўплари саломатлиги барқ уриб турган норғул эркаклар – оғир вазнли спортчиларнинг худди ўзи дейсиз. Бозорларда савдо қилаётганлар-чи – улар ҳам эркаклар! Бунга ким эътибор қилади, бундай таҳқирона “меҳнат тақсимоти”ни ким тақиқлайди?

Ўтмиш сарқитлари қандай шаклда пайдо бўлмасин, уларга қарши курашни, албатта, бўшаштирмаслик зарурлигига имоним комил. Аммо ўйлаб кўрайлик-чи аёл киши пахтачиликда неча соат ишлайди? Унинг меҳнат шароитлари қандай? У ўз меҳнати учун қанча ҳақ олади? Нима учун эркаклар жон-жаҳди билан ҳаракат қилиб пахта даласида ишлашдан четда юришга, чап беришга уринадилар – бунинг сабаби пахтакор меҳнатига паст ҳақ тўланаётгани ва ундан эркаклар моддий манфаатдор бўлмаётганида эмасмикин? Шу ва шунга ўхшаган масалалар бўйича энг жиддий социал тадқиқот ўтказиш вақти аллақачон келиб етган.

Меҳнаткаш аёлларимиз ҳаёти ва турмушининг ўн йиллар давомида дардга айланиб йиғилиб қолган социал муаммоларига эътибор бериш вақти келди. Бу ишни аллақачон қилиш керак эди. Биз уни жуда кўп вақт яшириб келдик. Алдамчилик ва кўзбўямачиликка барҳам бериш вақти етди, упа-эликлар билан пардозлаб қўйилган жароҳатларни очиш керак. Энг аввало, қишлоқдаги аёлларимизнинг жаннатда яшаётгандек фаровон турмуши ҳақидаги афсоналарга чек қўйиш даркор. Ҳамма нарсаларни ўтмишнинг шарпаларидан кўришни бас қилайлик – бугунги кунга ҳам соя солмоқда. Ахир бот-бот рўй бериб турган ўзига ўзи ўт қўйиш ҳолларининг кўпчилиги қишлоқларда, пахтакор – аёллар орасида рўй бераётибди-ку!

Одил Ёқубов,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси.
“Литературная газета” 1987 йил 19 август. Москва

5 552
ЎзА