Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.05.2018 13:31 Чоп этиш версияси

Қишлоқда замонавий корхона иш бошлади

Қишлоқда замонавий корхона иш бошлади Андижон вилояти Андижон туманидаги Хакан қишлоғида трикотаж фабрикаси иш бошлади.

Кейинги йилларда мамлакатимизда янги саноат корхоналари ташкил этиш, мавжудларини модернизация қилиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни жорий этиш, умуман, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Ҳудудлардаги корхоналарнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани ва барқарор ишлаши учун зарур имкониятлар яратиб берилаётгани ишлаб чиқариш ҳажмининг ортишига хизмат қилмоқда. Буни Андижон туманидаги “Milano tekstil” масъулияти чекланган жамияти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Бир неча йилдан буён самарали фаолият юритаётган “Milano tekstil” масъулияти чекланган жамиятининг тикувчилик корхонасида тайёрланаётган сифатли трикотаж маҳсулотлари ички бозордан ташқари Қозоғистон ва Россия давлатларига ҳам экспорт қилинади.

Ўтган йили жамият раҳбари Фарҳодбек Отабеков корхона фаолиятини кенгайтириш ташаббуси билан чиққан эди. Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 11 миллиард сўм инвестиция киритиш, 200 янги иш ўрни яратиш шарти билан корхонага Хакан қишлоғида фойдаланилмай турган бино “ноль” қийматда берилди.

Қисқа вақт ичида корхона томонидан “Алоқабанк” вилоят филиалидан олинган 2 миллиард сўм кредит ҳамда 9 миллиард сўм ўз айланма маблағи ҳисобидан уч қаватли бино реконструкция қилиниб, мослаштирилди, жиҳозланди, хориждан замонавий тикув дастгоҳлари келтириб ўрнатилди.

Янги корхонада болалар, аёллар ва эркаклар учун 30 турдаги сифатли трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Маҳсулотларнинг асосий қисми “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи билан хорижга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Энг муҳими, фабрика ишга туширилиши билан 200 нафар қишлоқ хотин-қизлари доимий иш ўрнига эга бўлди.

2.JPG

4.jpg

– Қишлоғимизда трикотаж фабрикаси ишга тушганидан, айниқса, биз, аёллар беҳад хурсандмиз, – дейди Ҳалимахон Қодирова. – Мана шундай замонавий корхонада ишлаб, оиламизга даромад келтириш имкониятига эгамиз. Бу ерда самарали ишлашимиз учун барча шароит яратилган.

Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умурзоқов (сурат), ЎзА
7 368