ЎзА Ўзбек

24.08.2018 18:37 Чоп этиш версияси

Қишлоқ аҳолисини қандай масала қийнаётган эди?

Қишлоқ аҳолисини қандай масала қийнаётган эди?
“Обод қишлоқ” дастури нафақат қишлоқни обод этишга қаратилган, балки қишлоқ аҳолисининг ўз ечимини топмай келаётган муаммоларини ҳам ўрганиб, ҳал этишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир

Қишлоқда кўпчилик юртдошларимизни қийнаб келаётган масала, яъни ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга мулк ҳуқуқи бериш тартибини белгилаб беришда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисидаги 2018 йил 20 апрелдаги ПФ-5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида”ги қарори қабул қилиниши муҳим ҳужжат бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси Бошқармаси томонидан 2018 йил 23 апрелда тасдиқланган чора-тадбирлар режасига мувофиқ, Тахиатош тумани Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан “Обод қишлоқ” дастурига киритилган тумандаги Найманкул ва Кенегас овул фуқаролар йиғини ҳудудида ҳуқуқий тарғибот ишлари ва аниқланган давлат хизматларига боғлиқ бўлган муаммоларни сайёр давлат хизмати орқали ҳал этиш тадбирларини амалга оширмоқда. 

Мазкур ҳудудларга бириктирилган сектор ишчи гуруҳидан олинган маълумотлар таҳлили шуни кўрсатдики, қишлоқ аҳли томонидан мурожаатларнинг деярли барчаси хонадонига мулк ҳуқуқини белгилаш ва турар-жойига кадастр ҳужжатини тайёрлаш масаласида бўлган.

Шу боис Давлат хизматлари маркази ходимлари томонидан “Обод қишлоқ” дастурига киритилган мазкур қишлоқларнинг марказида жойлашган овул фуқаролар йиғини иморатида қишлоқ аҳли билан 6 маротаба учрашув ташкил этилди ва давлат хизматларига оид 1000 дан ортиқ ҳуқуқий ахборот берувчи буклет тарқатилди. 

Тадбир давомида ташкил этилган учрашувларда қишлоқ аҳли томонидан кадастр ҳужжатлари мавжуд бўлмаган ва турар-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этиш бўйича билдирилган 187 нафар фуқарога сайёр давлат хизмати кўрсатилди ва аризалари қабул қилиб олинди. 

– Хонадонимизни расмийлаштириш ва кадастр ҳужжатини тайёрлаш бўйича бошқа ташкилотларга бир неча бор мурожаат этдим, – дейди Найманкул овул фуқаролар йиғини фуқароси Маммуд Режепов. – Аммо натижа бўлмагач, ҳафсалам пир бўлган. Бугун Давлат хизматлари маркази ходимлари ўзлари туман марказидан қишлоғимизга келган ҳолда мана шундай учрашувларни ташкил этиб, турар-жойимизнинг уй-ҳужжатларини расмийлаштириш учун аризамни қабул қилишди. Бундай ғамхўрликдан кўнглим тоғдек кўтарилди.

Қишлоқлардаги сайёр тартибда Давлат марказлари хизматлари томонидан кўрсатилаётган давлат хизматлари ишлардан аҳоли мамнун бўлишмоқда. Зеро, “Обод қишлоқ” дастури нафақат қишлоқни обод этишга қаратилган, балки қишлоқ аҳолисининг ўз ечимини топмай келаётган муаммоларини ҳам ўрганиб, ҳал этишга қаратилгани билан ҳам аҳамиятлидир.

А.Оразимбетов,
Давлат хизматлари агентлиги 
Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси 
Тахиатош тумани Давлат хизматлари маркази бўлими бошлиғи

5 400