Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2018 11:16 Чоп этиш версияси

Ишлатилмаган томорқага тўланган 1 миллион сўм ер эгасининг кўзини очди

Улуғнор тумани “Бобур” маҳалласи Ибрат кўчаси 16-уйда яшовчи Ғуломжон Отахоновга солиқ идораси фойдаланилмаган ер учун бир миллион сўм ер солиғи чиқарди. Ишлатилмаган ерга шунча пулни тўлаш Ғуломжон акага алам қилди, ўзини-ўзи койиди.

Ғ.Отахонов туман халқ таълими бўлимида услубчи бўлиб ишлайди. Бу ерга кўп қаватли уйлардан 2004 йилда кўчиб келган.

– Ҳовлимиз устидан бир вақтлар катта йўл ўтганлиги сабабли тошли эди, – дейди Ғ.Отахонов. – Картошка ва у-бу қадаб юрардигу, жиддий эътибор бермаган эканмиз. Ерга бўлган муносабатимдан афсусланиб кетдим. Битта сигирим бор эди. Бозорга олиб чиқиб, 4 миллионга сотдим. 3 сотих жойга 40х8 метрли иссиқхона қурдим. Пайвандлаш ишларини ўзим бажардим. Ёпилган плёнка иситиш тизимидаги мўътадил ҳароратни таъминлайди ва бунга ўтин ёки кўмир ёқиш шарт эмас. 55 метрли қувур ташлаб, сув чиқардим. Икки йил нари-берисида яхши фойда ола бошладик. Ҳозир минг туп помидор ўстираяпман. Насиб бўлса май ойининг ўрталарида 5 тонна ҳосил кўтаришни мўлжаллаяпман.

Қишда етиштирилган саримсоқпиёздан 6,5 миллион сўм, помидор ва бодирингдан 14 миллион сўм фойда олинди. Якунланган йилда 20 миллиондан ортиқ даромад кўрилди.

– Меҳнат қилса, тошни кўкартирса бўладиган юртда яшаймиз, – дейди Ғ.Отахонов. – Томорқанинг фойдасини ва афзаллигини сезганимиз сари ҳаракатларимиз қатъийлашаяпти. Май ойида помидордан сўнг бодринг экамиз, у августда пишади. Ундан сўнг кўкатлар етиштирамиз. Томорқамизда уч марта ҳосил олиниши нақд. Бу йил қўшимча 35 миллион фойда қилишдан умидим бор.

Ғуломжон ака маҳалла ҳудудидаги ташландиқ, қумлоқ 80 сотихли ерни тозалаб, экин майдонига айлантирди. Бу ерга минг тупдан кўп терак ва бодом дарахтларини экди. Тераклар ҳозир етилиб қолган.

Республика 3-ишчи гуруҳи ўрганиш чоғида Ғуломжон ака хонадонида бўлишди. Тадбиркор-деҳқон ишчи гуруҳига 200 миллион сўм кредит олиб, катта иссиқхона қуриш режаси борлигини билдирди. Фаоллар ташаббусини қўллаб-қувватладилар.

Фарҳод Эсонов, ЎзА
7 578