ЎзА Ўзбек

14.05.2019 09:08 Чоп этиш версияси

Ишлар салмоқли, аммо ажримлар нега камаймади?

Ишлар салмоқли, аммо ажримлар нега камаймади?

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Фарғона вилояти бошқармаси ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтган давр мобайнида 4 минг 138 нафар оилани яраштиришга эришди, натижада 5 минг 234 нафар болаларни ярим етим бўлишидан сақлаб қолинди. 264 нафари суддан аризасини қайтариб олди.

Оила–ҳаётнинг ва насл-насабнинг давомийлигини таъминлайдиган муқаддас даргоҳ. Зеро, инсон қалбида аҳиллик, меҳр-оқибат туйғулари, илм-маърифатга ошно бўлиш кўникмаси, аввало, шу азиз масканда шакллана бошлайди. Бош қомусимизда оила жамиятнинг асосий бўғини, деб белгиланганлиги замирида ҳам ана шу миллий қадриятларимиз мазмуни мужассам. Фарғона вилоятида ҳам оила институтини мустаҳкамлаш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, оилавий миллий қадриятларни сақлаш, келажак авлодлар онгига маънавий-ахлоқий қадриятларни сингдириб бориш ҳамда уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. 

“Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари аҳоли ўртасида “соғлом оила – соғлом жамият” концептуал ғоясини ҳаётга изчил татбиқ этишга йўналтирилган давлат сиёсатини амалга оширишга бел боғлаган. Шу мақсадда замонавий оилаларни шакллантириш, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ажримларнинг олдини олиш, оиланинг ички муносабатлари, бой маданий, тарихий мерос ва анъанавий оилавий қадриятлар муаммолари бўйича тадқиқотлар ўтказиш асосида оила институтини мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда. Маълумотларга қараганда, бугунги кунда вилоятда 929 мингдан зиёд оила бор.

photo_2019-03-19_12-53-23.jpg

– Оила мустаҳкамлиги жамият мустаҳкамлигининг гарови экан, бу борада оилавий ажримларга етакловчи омилларни таҳлил этишнинг ҳаётий аҳамияти бор, – дейди “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази Фарғона вилояти бошқармаси раҳбари Ҳамидахон Абдуғаниева. – Оилавий ажримларнинг салбий оқибатларини кўпчилик, айниқса, катта ёшдагилар яхши тушунади. Шу боис ҳар бир инсоннинг суянчи саналувчи бу муқаддас даргоҳга дарз етмасин, деймиз. Бугунги кунда вилоят ва туман, шаҳар ҳокимликлари, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан мазкур йўналишда ҳамкорликда иш олиб бормоқдамиз.

Вилоятда яраштириш комиссияларининг иш самарадорлигини илмий жиҳатдан ўрганиб, уларнинг фаолиятига замонавий медиация усулларини жорий этиш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Ўтган даврда “Сиз оилавий ҳаётга тайёрмисиз?” ҳамда “Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари” мавзусида ижтимоий сўровномалар ўтказилди. Муаммоларнинг таҳлилий натижалари асосида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Вилоятдаги ҳар бир туманда сектор асосида яраштириш комиссиялари ташкил этилиб, ажрим ёқасида турган оилаларни яраштириш ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида 1 минг 307 оила яраштирилди. Энг кўп ажрим ёқасига келиб қолган Данғара туманида 428, Марғилон шаҳрида 33, Қўқон шаҳрида эса 325 та оилани яраштиришга эришилди.

20190311_150527.jpg

Шаҳар ва туманлардаги маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 1 минг 919 нотинч ва муаммоли оилалар рўйхати шакллантирилган. Масъуллар томонидан мазкур оилаларнинг муаммоларига биргаликда ечим топилиб, улардаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Яъни эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир тараф билан алоҳида суҳбатлар олиб борилиб, муаммоларнинг туб моҳияти аниқланмоқда. Нотинч оилалар муросага келтирилиб, бундай оилаларга маҳалладаги намунали оилалар ва маҳалла фаолларидан мураббийлар бириктирилмоқда. Афсуски, олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан, шаҳар ва туманларда ажримлар учрамоқда. Вилоятда 2 минг 273 та оилада ажрим ҳолати кузатилганлиги оғриқли масалалардандир. Бунда энг юқори кўрсаткич эр ва хотиннинг ўзаро келишмовчилиги эканлиги таҳлил асосида аниқланди.

Данғара, Учкўприк ва Фурқат туманида никоҳланувчи ёшларни оиланинг маънавий-ахлоқий асослари, унинг иқтисодиёти, бюджетини юритиш, репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш бўйича билим ва кўникмаларини ошириш тизими – “Бўлғуси келин-куёвлар инновацион мактаби” ташкил этилди. 

Марказ томонидан ночор аҳволда яшаётган оилалар ҳам ўрганилиб, уларнинг шароитини яхшилаш мақсадида махсус ўқув курслари ташкил этиш режалаштирилган. Уларнинг бандлигини ошириш мақсадида тадбиркорлик, фермерлик, деҳқончилик ва ҳунармандчиликка йўналтириш учун мутахассислар жалб этилиши, банкдан кредит олишларида ва уни тўғри сарфлашда ёрдам беришни мақсад қилган “Оила” маркази очиқ мулоқот, сайёр қабул ва давра суҳбатлари ўтказиб келаётир.

М. СУЛАЙМОНОВ, ЎзА
1 467