ЎзА Ўзбек

06.12.2018 18:13 Чоп этиш версияси

ИШИД иқтисодий таназзулга учрамоқда


Нозима Тошпўлатова, 
Қирғизистондан ЎзА учун махсус

Бу ҳақида Қирғизистоннинг Бишкек шаҳрида бўлиб ўтаётган “Тажовузкор экстремизмнинг олдини олишга оид саъй-ҳаракатлар ва ОАВнинг ўрни” га бағишланган халқаро форумда “De Sales University“ доценти Аҳмет Яйла таъкидлаб ўтди. Унинг қайд этишича, Марказий Осиёдан қўшилган кишилар дастлаб яхши маблағ тўлангани сабабли ҳам Сурияга бориб, уларнинг сафига қўшилган, деган фикрлар бор. Биргина нефть савдосидан ИШИД 2016 йилгача кунига 3 миллион 600 минг АҚШ долларидан кўпроқ фойда олган, шунингдек, тарихий ашёлар ва одам савдоси ҳисобига мўмай даромад кўрган бўлса, кейинчалик унинг иқтисодий манбалари чеклана бошланди ва ташкилот харажатларини ҳам қисқартира борди.

Айтайлик, авваллари у ҳар бир жангчига кунига 500 АҚШ доллари берган бўлса, кейинроқ бу 250 долларга тушди ва охир оқибат уларга умуман тўламай ҳам қўйган. Марказий Осиёдан улар сафига жангчиларнинг қўшилишини фақат иқтисодий фойда билангина боғлаш фикрига эса қўшилмайман. Бу ерда кучли идеологик фронт иши ҳам бор.

Бугун ИШИДнинг энг асосий қуроли, бу – ижтимоий тармоқлардир. Биз одамлар қандай қилиб террорчи бўлиб қолганига кам эътибор қаратамиз. Уларни қандай қилиб ўзларига жалб қилишмоқда? Айни шу борада тадқиқ қилиш керак бўлган жиҳатлар кўп.
Ўтган йили ИШИДда бўлиниш бўлгани ва улар эндиликда Афғонистон орқали Марказий Осиёда ўз таъсирини оширишга ҳаракат қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Бу хавф эҳтимолини қандай баҳолайсиз, деган саволга Аҳмет Яйла бу фикрга қўшилмаслигини ва бугунги кунда ички бўлиниш эмас балки, Покистон, Шарқий Осиё ва Афғонистонда ўзининг ҳамкорларини орттиришга бўлган интилишни кузатаётганини айтиб ўтди.
Конференция иши эртага давом эттирилади.



ЎзА
2 174