ЎзА Ўзбек

14.09.2018 17:59 Чоп этиш версияси

Қишдан баҳра ол

Қишдан баҳра ол Пойтахтимиздаги “HYATT REGENCY“ меҳмонхонасида “Color your winter – Қишдан баҳра ол” мавзусида “Amirsoy” тоғ-чанғи курортида олиб борилаётган ишларга бағишланган семинар-тренинг ташкил этилди.

Тадбирда сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантиришга қаратилаётган улкан ишлар самарасида ҳудудларда кўплаб диққатга сазовор бино ва иншоотлар, кўнгилочар боғлар, барча шароитларга эга дам олиш масканлари барпо этилаётгани алоҳида қайд этилди.

Андорранинг курортларни бошқариш бўйича "PGI Management" (Pas Grau Internacional Management) компанияси раҳбарлиги остида қурилаётган “Amirsoy” тоғ-чанғи курорти фаолияти 4 фаслга мўлжалланган, халқаро даражадаги сифат ва хавфсизлик талабларига жавоб берувчи биринчи тоғ дам олиш масканидир.

Жорий йилнинг декабрь ойида ўз фаолиятини бошлаши кутилаётган мазкур тоғ-чанғи курорти Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманида жойлашган бўлиб, у 900 гектар майдонни эгаллаган. Курорт инфратузилмаси кўп функционал марказни ўз ичига олиб, парк-отель, ресторан, дам олиш учун қулай жойлар, концерт ва кўргазма залларидан иборат.

Ташкилотчиларнинг маълумот беришича, умумий қиймати 100 миллион евродан ортиқни ташкил қилувчи мазкур тоғ-чанғи курорт лойиҳасида еттита осма дор йўли (канат), сноуборд парки, спорт мактаби ва бошқа курорт инфратузилмалари барпо этилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг биринчи босқичида узунлиги уч километрдан ортиқ иккита арқонли йўл, умумий узунлиги 12,3 километрни ташкил қилувчи турли мураккабликдаги 13 та трасса қурилади.

Шунингдек, декабрь ойига қадар иккита сунъий кўл, вертолёт майдончаси, сунъий қор ҳосил қилиш тизими, қишки тюбинг, 21 иншоотдан иборат шаҳарча, иккита ресторан, инструкторлик мактаби, чанғи жиҳозларини ижарага берувчи марказ ва бошқа муҳандислик-коммуникация иншоотлари қуриб битказилиши кўзда тутилган.

Мазкур тоғ-чанғи курортини бунёд этиш ва замонавий қурилмалар билан жиҳозлаш ишлари дунёда кабелли автомобиль қурилиши, қор қалинлаштиргич ускуналари, қор генераторлари ва бошқа хизматлари билан етакчи бўлган – "Doppelmayer", "PistenBully", "TechnoAlpin", "The Chalet" каби компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзга чиқди.

Даврон Суннатов, ЎзА
2 259