ЎзА Ўзбек

12.02.2019 Чоп этиш версияси

Қишда ҳам иш қизғин

Қишда ҳам иш қизғин

Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги “Жавлон” фермер хўжалиги жамоаси мелиоратив ҳолати оғир 30 гектар ерни олиб, шўрини ювмоқда. Яроқсиз ҳолга келган майдоннинг унумдорлигини тиклаб, пахта экишга ҳозирлик кўриляпти.

Фермер хўжалиги раҳбари Жамолхон Абдуллаев тажрибали деҳқон. 5 нафар доимий ишчи билан 50 гектар майдонда деҳқончилик қилаётган қишлоқ мулкдори ўтган йили шартнома режасини ғалла сотиш бўйича 102, пахта сотиш бўйича 105 фоизга бажарди. Пахтадан 101 миллион, ғалладан 15 миллион даромад олди.

Шу кунларда фермернинг даласида қишки юмушлар қизғин бормоқда. Она заминнинг ҳар қаричини қадрлаб меҳнат қилаётган деҳқон, биринчи навбатда, янги қўшиб олган ерга яхоб бериб, шўрини юваётир.

– Кўклам узоқ эмас, – дейди Ж.Абдуллаев. – Ота-боболаримиз “Ҳут кирди – деҳқон пайтавасига қурт кирди”, деб бежиз айтмаган. Қишни ҳамалга туташтирувчи ой бу. Трактор, культиватор ва сеялкалар тўла таъмирлаб қўйилди. 15 гектар майдондаги ғалла икки марта суғориб, маҳаллий ва маъданли ўғит билан озиқлантирганимиз учун баравж ўсмоқда.

Фермер хўжаликни кўп тармоқлига айлантиришни мақсад қилган. Айни пайтда паррандачиликни йўлга қўйиш, озуқа етиштириш устида иш олиб борилаётир.

1 498
Тошқул Бекназаров, ЎзА​​