ЎзА Ўзбек

26.08.2018 12:29 Чоп этиш версияси

Ишчи-ходимларнинг ишончли ҳимоячиси

Ишчи-ходимларнинг ишончли ҳимоячиси Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ишчи-ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ишончли ҳимоя қиладиган мустаҳкам тузилмага айланди.

Федерациянинг корхона ва ташкилотлардаги бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан ишчи ходимларнинг қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ишчи-ходимлар ўртасидаги меҳнат муносабатлари тармоқ келишувлари ва жамоа шартномалари орқали мустаҳкамланаётир. Ишчи-хизматчиларнинг унумли меҳнат қилиши, муносиб дам олиши учун зарур шароитлар яратилмоқда. Саломатлигини тиклаш ва соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳам касаба уюшмаларининг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Сурхондарё вилоятида бошланғич ташкилотлари сафи кенгайиб бораётгани бунга яққол мисолдир.

3.jpg

– Айни пайтда ташкилотимиз вилоятда 33 минг 600 дан ортиқ аъзони ўз сафига бирлаштирган,– дейди Ўзбекистон истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси республика кенгашининг Сурхондарё вилояти бўйича масъул ташкилотчиси Х. Қўзимуродов. – Уларнинг 15 мингга яқини акициядорлик жамиятлари, чет эл сармояси иштирокидаги корхоналар, хусусий корхоналар ва масъулияти чекланган жамиятларда меҳнат қилмоқда, аҳолига савдо ва бошқа хизматлар кўрсатаётир. Жорий йилнинг ўтган даврида янгидан ташкил этилган Термиз шаҳридаги “Сурхон ипаги”, “Амударётекс”, “Тоза ҳудуд”, Ангор туманидаги “Биотехноэко” сингари масъулияти чекланган жамиятлари, Ангор туманидаги “Huashen Solkworm Pro”, Жарқўрғон туманидаги “Нортекс” қўшма корхоналари ва бошқа ўнга яқин субьектлар ишчи-хизматчилари касаба уюшмасига аъзо бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида Ангор туманидаги “Huashen Silkworm Pro” Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси лойиҳаси билан танишиб, хориж сармояси иштирокидаги корхонанинг самарали фаолият юритиши учун тегишли тавсияларни берган эди. Шунга асосан замонавий дастгоҳлар ўрнатилган корхона тез, сифатли барпо этилиб, рақобатбардош ипак қурти уруғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Лойиҳа қиймати 8,5 миллиард сўмлик янги корхонада ўтган йили 11,5 минг қути ипак қурти уруғи ишлаб чиқарилиб, жорий йилги мавсумда мамлакатимизнинг Андижон, Қашқадарё, Бухоро ва Сурхондарё вилоятларига тарқатилди. Шу кунларда қўшма корхонада келгуси йил ҳосили учун уруғ тайёрлаш қизғин давом этмоқда.

4.jpg

– Корхонамизнинг ишга туширилгани юртимизда саноат учун зарур хом ашё – пилладан икки-уч марта ҳосил олиш имкониятини яратди, –дейди қўшма корхона директори ўринбосари Х.Бердиев.– Шу кунларда учинчи ҳосил учун ипак қурти парваришланаётир. Бу йилги ҳосил учун Хитой уруғини етиштирган бўлсак, келгуси йил пиллакорларимиз Япония ва Хитойнинг ипак қуртидан чатиштирилиб, маҳаллийлаштирилган уруғдан фойдаланади. Бунинг афзаллиги шундаки, Хитойнинг ипак қурти сермаҳсул бўлса, Япония уруғи касалликка чидамлилиги билан бизда катта қизиқиш уйғотди.

Қўшма корхона фаолиятини кенгайтириб, ишлаб чиқариш турларини кўпайтириш учун ҳиндистонлик ишбилармонлар билан қуруқ чой ишлаб чиқариш технологиясини ўрнатишга ҳозирлик кўрмоқда. Ҳозир замонавий корхона цехларида 120 ишчи меҳнат қилаётган бўлса, мазкур лойиҳалар ишга тушгач, ишчилар сони 300 нафарга етади.

Жорий йилда бошланғич касаба уюшмалари ташкилоти тузилган қўшма корхонада ишчи-хизматчиларнинг унумли меҳнат қилиши ва бўш вақтларида мазмунли ҳордиқ чиқариши учун зарур қулайлик яратилмоқда.

– Ишчилар икки маҳал бепул иссиқ овқат билан таъминланаётир, –дейди қўшма корхона бошланғич касаба уюшмалари ташкилоти раиси А. Исломов.– Дам олиш хоналарида барча шароит мавжуд. Ишчилар корхонага келиш ва ишдан сўнг уйига кетишида бепул автобус хизматидан фойдаланмоқда. Бундан ташқари, ишчи-ходимларнинг фарзандлари ёзги дам олиш кунларида болалар оромгоҳига йўлланма билан таъминланди. Ишчиларнинг меҳнат таътилида соғлиғини тиклаши учун нуфузли санаторийларга имтиёзли йўлланмалар бериш йўлга қўйилаётир. Энг муҳими ижтимоий-иқтисодий ҳимояси кучайтирилиб, соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлашга ёрдам берилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19-20 январь кунлари Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида лойиҳаси тақдим этилган “Био техноэко” масъулияти чекланган жамияти қисқа вақтда қурилиб, ишга туширилди. Ҳозир корхонада 150 дан ортиқ киши меҳнат қилиб, ҳудудлар ободлиги ва маҳалла-куй тозалигини сақлашга хизмат қилмоқда. Термиз шаҳри, Ангор ва Термиз туманларидаги маиший чиқиндиларни йиғиб, саралаш билан шуғулланаётир. Корхонанинг иккинчи босқичида шишадан мозаика ва плиткалар, фойдаланилган пластмассадан полиэтилен қувурлар, ёғоч чиқиндиларидан брикет, қоғоз чиқиндисидан картон ва қайта ишланган қоғоз, озиқ-овқат чиқиндиларидан биогаз ва биогумис ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. Биогумис шу ернинг ўзида барпо этиладиган мевали боғни тўйинтириш учун ишлатилади.

– Янги корхонамизда ташкил этилган бошланғич касаба уюшмалари ташкилотига барча ишчиларимиз аъзо бўлди, – дейди қўшма корхона бошланғич касаба уюшмалари ташкилоти раиси С. Хурсандов.– Биз аъзоларимизнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини таъминлаб, жамоа шартномаларининг бажарилишига алоҳида аҳамият бермоқдамиз. Меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ҳамда спортнинг оммавийлигини таъминлаш орқали саломатлигини мустаҳкамлашга эътибор кучайтирилмоқда.

Шу йил ишга туширилиб, бошланғич касаба уюшмалари ташкилотини тузган “Сурхон ипаги”, “Амударётекс”, “Тоза ҳудуд” масъулияти чекланган жамиятлари ва бошқа хўжалик юритувчи субьектлар ишчи-хизматчиларининг унумли меҳнат қилиб, миллий иқтисодиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётганида яратилаётган ана шундай қулайликлар, касаба уюшмалари томонидан уларни рағбатлантириш борасида амалга оширилаётган кенг қамровли ишлар ўз самараларини бермоқда.

Термиз шаҳридаги “Амударё” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 26 август куни “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним” шиори остида касаба уюшмасига қамраб олинган вилоятдаги янги корхоналар ишчи-ходимлари ўртасида ташкил этилаётган спартакиада мусобақаси ҳам ана шундай эзгу мақсадларга хизмат қилади.

Холмўмин Маматрайимов, Жонибек Қўзимуродов (сурат) ЎзА
3 825