ЎзА Ўзбек

18.10.2020 Чоп этиш версияси

Ишчи гуруҳ Марғилондаги муаммоларни ўрганди

Ишчи гуруҳ Марғилондаги муаммоларни ўрганди

Фарғона вилоятида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда.

Марғилон шаҳрида аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, маҳалла фуқаролар йиғинларида хонадонма-хонадон юриб "Темир дафтар" га киритилган ҳамда ушбу рўйхатдан чиқарилган оилаларнинг турмушини ўрганиш юзасидан вилоят ишчи гуруҳи ташкил қилинди. Уч кун кун мобайнида ўрганишлар олиб борилди.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров шаҳар фаоллари иштирокида ушбу ишчи гуруҳнинг ахборотларини тинглаб, таҳлил қилди.

Маълум бўлишича, шаҳардаги 16 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ишчи гуруҳ томонидан 5 минг 748 та хонадонлар ўрганилиб, 1 минг 345 та муаммо ва камчилик борлиги аниқланди. Ўрганишлар давомида фуқаролар томонидан асосан, электр, газ, сув, йўлларни асфальтлаш, канализация, тадбиркорликни ривожлантириш, шунингдек, банк кредитлари, моддий ёрдам, дори-дармон олиш, даволаниш, кадастр ва шунга ўхшаш муаммолар мавжудлиги билдирилди.

Жумладан, бугунги кунда шаҳардаги 54 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 23 тасида аҳоли табиий газ билан таъминланган. Қолган ҳудудларда яшовчи аҳолига суюлтирилган газ балонлари етказиб берилади. Йиғилишда “Ҳудудгаз Фарғона” газ таъминоти филиали раҳбарига табиий газ етиб бормаган маҳаллаларни мавжуд ресурс бўйича газлаштириш масаласи юзасидан аниқ таклиф тайёрлаш топшириғини берди. Шунингдек, вақтинча газлаштирилмай турган ҳудудларга суюлтирилган газ балонларини муддатидан кечиктирмасдан ўз вақтида етказиб бериш вазифаси топширилди.

Йиғилиш давомида шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинларини моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, давлат-хусусий шериклик асосида маҳалла мажмуалари қуриш, ширкатлар фаолиятини тубдан яхшилаш, ободонлаштириш ишларини мунтазам равишда олиб бориш юзасидан ҳам тегишли кўрсатмалар берилди.

Ногиронлиги мавжуд бўлган 7 нафар фуқаролардан ногиронлик аравачаси сўраб қилинган мурожаатлар тўлиқ қондирилиши билдирилди.

"Темир дафтар" га киритилган оилалар, ёшлар ва аёллар дафтарларининг юритилиш ҳолати, шунингдек, аҳолининг куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари ҳам муҳокама қилинди.

1 771
М. Сулаймонов, ЎзА