ЎзА Ўзбек

04.07.2018 13:02 Чоп этиш версияси

Ишбилармон ёшлар сафи кенгаймоқда

Ишбилармон ёшлар сафи кенгаймоқда
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, айниқса, ёш тадбиркорларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шароит яратиш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Хусусан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан бу борада қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

– Навоий вилоятида бешта тижорат банки билан тузилган қўшма лойиҳага асосан Ёшлар иттифоқи тавсияси билан йил давомида ёш тадбиркорларга умумий қийматда 6 миллиард 22 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган, – дейди Ўзбекистон ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш маркази вилоят бўлими раҳбари Ш.Ғафуров. – Бугунга қадар 24 нафар мурожаатчининг бизнес-режаси ўрганилиб, имтиёзли кредит олиш учун сертификат берилди. Жумладан, Хатирчи туманидан “Golden do servis” МЧЖга ажратилган 500 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан МДФ эшик-ромлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 20 янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, ўз бизнесини ривожлантираётган ёшларни кластер усулида жой билан таъминлаш, фойдаланилмаётган давлат объектларини ноль қийматда ижарага бериш, замонавий технологиялар билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Карманалик якка тадбиркор Ш.Ғайбуллаевнинг нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш бизнес-режаси Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши томонидан маъқулланиб, унга 20 миллион сўм кредит ва ўзи яшаётган ҳудуддаги коллеж биносидан жой ажратилди. Қисқа вақтда ёш тадбиркор ишлаб чиқараётган маҳсулот ҳажми ҳафтасига ўртача 600 килограммни ташкил этди, 4 иш ўрни яратилди.

– Иш фаолиятимизни кенгайтириш учун имтиёзли кредит асосида Хитой давлатидан 180 миллион сўмлик янги технология келтиришни мўлжаллаб турибмиз, – дейди ёш тадбиркор Ш.Ғайбуллаев. – Замонавий линияни ишга туширсак 100 турдаги қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўямиз. Бунинг учун бизга қўшимча жой зарур ва бу масалада тегишли ташкилотларга мурожаат қилдик.

Нуриддин Раҳимов, ЎзА
12 209