Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

01.12.2017 18:57 Чоп этиш версияси

Қиш мавсуми: муаммо, таҳлил ва самара

Ҳаво ҳарорати пасайиб, ёғин-сочин бошланган шу кунларда ҳудудларда қиш мавсумига кўрилган ҳозирлик яна бир бор синовдан ўтмоқда. Тайёргарлик ишлари рисоладагидек амалга оширилдими ёки камчиликларга йўл қўйилдими? Аниқланган муаммоларни қисқа фурсатда бартараф этиш учун қандай чора-тадбирлар кўрилмоқда?

Бу масалалар давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Республика ишчи гуруҳи эътибори марказида бўлмоқда. Яқинда ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида бўлиб, уй-жойлар ва ижтимоий соҳа объектларини электр ва иссиқлик энергияси, табиий ва суюлтирилган газ, кўмир ва брикет, ичимлик суви билан таъминлаш, қиш-баҳор мавсуми учун асосий озиқ-овқат маҳсулотлари захирасини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишларни секторлар кесимида атрофлича ўрганди.

Вилоятда 147 минг 611 хонадон мавжуд. Республика ишчи гуруҳи аъзолари мавсумга тайёргарлик ишларини ўрганишни Гулистон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабидан бошлади. Мактабда иккита иситиш қозони ўрнатилди. Кутубхонага бадиий ва ўқув адабиётлари, шунингдек, спорт жиҳозлари, фан лабораториялари учун зарур анжомлар ажратилди.

Гулистон, Мирзаобод, Сайхунобод, Оқолтин, Боёвут, Сирдарё, Ховос ва Сардоба туманларининг чекка қишлоқлари, Янгиер ва Ширин шаҳарларидаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари фаолияти ҳам ўрганилди. Вилоятдаги кўп қаватли турар жой биноларининг том ва ер тўла қисмларини таъмирлаш учун 448 миллион сўмлик кредит маблағи ажратилди.

– Ширкатимиз 3 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қиладиган 13 кўп қаватли уйга хизмат кўрсатади, – дейди Гулистон шаҳридаги "Мурувват" хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раиси Д.Юнусова. – Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида 4 кўп қавватли уйнинг том қисми, кириш йўлаклари таъмирланиб, темир эшиклар ўрнатилди. Республика ишчи гуруҳи саъй-ҳаракати билан молиялаштирилган қўшимча маблағ ҳисобига 6 кўп қаватли уйнинг том қисми ва ер тўласи таъмирланади.

Вилоят бўйича жорий йилда 125 километрдан зиёд электр узатиш тармоғи ва 78 трансформатор пунктини реконструция қилиш ва ўрнатиш белгиланган. Ҳозирга қадар 107 километрлик электр тармоғи реконструкция қилиниб, 59 трансформатор ўрнатилган. Ишчи гуруҳ фаолияти давомида 7 километрдан зиёд электр тармоғи, 10 трансформатор пункти таъмирланди, 4 янги трансформатор пункти ўрнатилди. Бу борадаги мавжуд камчиликларни 10 кун муддатда бартараф этиш юзасидан тармоқ жадвали тасдиқланди.

Ижтимоий соҳа объектларининг электр таъминотидаги ҳолатлар ўрганилганида Сирдарё ва Оқолтин туманларидаги 18 умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим муассасасида бинога кирувчи кабеллар лаборатория кўригидан ўтказилмагани, электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари талаблари бажарилмагани аниқланиб, муаммолар жойида баратараф этилди.

– Сайловчиларга ҳисобот берган чоғимда Сирдарё туманидаги “Бешбулоқ”, “Чўлтўқай” ва “Пахтакор” маҳалла фуқаролар йиғинлари аҳолиси электр таъминотидан норозилигини айтган эди, – дейди халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати С.Элмуродов. – Туман электр тармоқлари корхонасига депутатлик сўрови юборганимга қарамай, муаммо бартараф этилмай келаётган эди. Республика ишчи гуруҳи ушбу камчиликларни аниқлагач, мазкур ҳудудларда 7 километрдан ортиқ масофага темир-бетон устунлар ўрнатилди ва сим тортилди. Шулар қаторида вилоят бўйича яқин 15 кун давомида электр таъминоти тизимини яхшилаш бўйича амалга оширилиши режалаштирилган ишлар белгилаб олинди. Унга кўра, 13 километрлик электр тармоғи қурилиб, 23 километр тармоқ таъмирланади, 328 темир-бетон устун ўрнатилади, 7 трансформатор пункти таъмирланиб, 8 таси янгидан ўрнатилади. Бу 32 мингдан зиёд хонадоннинг электр таъминотини яхшиланишига хизмат қилади.

Вилоятдаги истеъмолчиларга ҳар ойда ўртача 798 тонна суюлтирилган газ етказиб берилмоқда. 2017 йилнинг ўтган даврида 88 минг 421 суюлтирилган газ баллони хонадонларга етказиб берилган бўлса, 5 минг 307 баллон газ таъминоти корхоналари омборхонасида захира сифатида сақланмоқда.

Таҳлилларга кўра, вилоятга яна 665 тонна суюлтирилган газ ажратиш зарур. Ишчи гуруҳ саъй-ҳаракати билан 3 кун давомида 122 тоннадан ортиқ газ тарқатилди. 2018 йилда аҳолининг реал эҳтиёжидан келиб чиқиб, вилоятга жорий йилга нисбатан 2 минг 184 тонна кўп суюлтирилган газ лимити ажратилиши белгиланди.

Ўрганишлар давомида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кўмир етказиб беришда ҳам бир қатор муаммолар борлиги аниқланди. 2017 йилда 18 минг 184 тонна кўмир етказиб берилиши режалаштирилган бўлса-да, айни пайтда атиги 8 минг 960 тонна кўмир келтирилган, холос. Ишчи гуруҳ ёрдамида бу борада муаммо юзага келган ҳудудларга 19 вагонда 1 минг 311 тонна кўмир келтирилиши таъминланди. Сардоба тумани аҳолиси талабидан келиб чиқиб, 70 тонна кўмир брикети етказиб берилди.

– Маҳалламиз табиий газ билан таъминланмаган, қиш яқинлашаверса, уйни қандай иситиш масаласи бизни қийнарди. Кўмир қиммат, ўтин муаммо, – дейди Сардоба туманидаги Қўйтош маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Тожибой Эсонов. – Республика ишчи гуруҳи вакиллари келиб муаммомиз ҳал бўлди. Ҳар бир хонадон эҳтиёжига яраша кўмир ва брикетни ўз нархида сотиб олди. Ана шундай хайрли ишлар бошида турган Президентимизга маҳалламиз аҳли номидан миннатдорлик билдираман.

Ногирон, боқувчисини йўқотган ва кам таъминланган 320 хонадонга 48 тонна кўмир бепул тарқатилди. Шунингдек, кўмир таъминотини яхшилаш юзасидан зарур чоралар белгиланиб, яқин ўн кунликда вилоятга 1 минг 380 тонна кўмир етказиб бериш режага киритилди.

Аҳолига қулайлик яратиш мақсадида ишчи гуруҳнинг амалий ҳаракатлари натижасида вилоят бўйича 6 километрга яқин ички ва маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўллари жорий таъмирдан чиқарилди. 15 кун муддат давомида йўл инфратузилмаси тизимини яхшилаш мақсадида 10 километрдан зиёд ички хўжалик ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларда таъмирлаш ишлари амалга оширилиши белгиланди.

Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида 7 қудуқда сув насоси ўрнатилди, 65 хонадонга 130 метр ичимлик суви тармоғи тортилди. Сайхунобод туманидаги Пахтакор ва Ўзбекистон маҳаллаларида ичимлик суви таъминотини яхшилаш мақсадида 700 метр масофада ичимлик суви қувурлари барпо этилди.

Ўрганишлар давомида вилоятдаги ижтимоий соҳа объектларини капитал ва жорий таъмирлаш ишларида ҳам айрим камчиликлар борлиги аниқланиб, муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилди. Энг чекка қишлоқларда истиқомат қилаётган 2 минг 311 нафар ёши улуғ кишилар, ногиронлар ва кам таъминланган оилалар аъзолари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Дори-дармонга муҳтож фуқароларга 12 миллион сўмлик дори берилди, 38 нафар кишига ногиронлик аравачаси тақдим этилди.

– Шифокорлар уйимизга келиб тиббий кўрикдан ўтказди, муолажа қилди, бепул дори-дармон ажратди, – дейди Гулистон шаҳрида истиқомат қилувчи Ўктамали Оролов. – Умуртқамни операция қилиш учун йўлланма ҳам беришди. Бундай ғамхўрликлардан тоғдек кўтарилган кўнглим тез орада бутунлай шифо топишимни сездирмоқда. Барчаси учун давлатимиздан миннатдорман.

Вилоятда қиш-баҳор мавсуми учун асосий турдаги қишлоқ хўжалик маҳсулотлари захирасини яратиш борасида ҳам айрим камчиликлар борлиги, жумладан, картошка, пиёз, сабзи, гуруч жамғариш ишлари суст кечаётгани аниқланди. Жорий йилнинг 27 ноябрь ҳолатида режадаги 12 минг 333 тонна захиранинг фақат 5 минг 413 тоннаси жамғарилгани маълум бўлди. Кўрилган тезкор чоралар натижасида 6 та тайёрлов корхонасига 595 миллион сўм кредит ажратилиши таъминланиб, уч кун давомида 396 тонна маҳсулот омборларга келтирилди.

Республика ишчи гуруҳи фаолияти якунлари бўйича аниқланган муаммо ва камчиликлар вилоят ҳокимлигида ўтказилган мажлисда муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланди.

Абдужалол Қаюмов, ЎзА
2 456






Все о погоде - Pogoda.uz