ЎзА Ўзбек

08.08.2018 16:30 Чоп этиш версияси

Иш, иш ҳақи, ишсизлик...

Иш, иш ҳақи, ишсизлик...
Кўпчиликни ўйлантираётган ушбу масалалар ечими борми?

Инсон оддий ҳаёт кечириши учун у аввало, моддий жиҳатдан таъминланган бўлиши керак. Бунинг акси бўлса-чи? Шундай бўлса, бундан ёмони йўқ. Бир бурда нонга зор бўлиб қолган одам чорасизликдан ҳар нарсага тайёр бўлиши мумкин. Жиноятларнинг ҳар тўртинчиси ишсизлар томонидан содир бўлаётгани ҳам бу фикрни тасдиқлайди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жиноятчиликнинг барвақт олдини олишга бағишланган видеоселектор йиғилишида бандликни таъминлашда кўплаб тизимли муаммолар ҳал этилмаётганига эътибор қаратди.

Хўш, мамлакатимизда иш билан таъминланганлик ёки ишсизлик даражаси қандай?

Бу масалаларда, аввало, аҳолининг фикрини ўрганиш мақсадида интернетдаги ижтимоий тармоқларда махсус сўровнома ташкил этдик.

Fасebookдаги “Халқ билан мулоқот” гуруҳида ўтказилган сўровномага юздан зиёд киши ўз муносабатини билдирди, икки юзга яқин киши ўз изоҳларини ёзиб қолдирди. “Иш қидириб топа олмаётган ёки ишга кира олмаётган фуқаролар борми? Ишга киришда қандай тўсиқларга учрагансиз?” каби саволларга жуда кўпчилик “қийин савол”, “юракни тирнайдиган муаммо”, “кўпчиликнинг дарди”, деб фикр билдирган бўлса, айримлар ишга киришда ҳамон таниш-билишчилик ва пора бериш каби иллатлар роль ўйнаётгани, коррупция барҳам топмаётганини қайд этган.

Тошкент шаҳрига пропискага қўйишдаги муаммо иш кўп бўлган пойтахтда ишлашга ҳамон йўл бермаётгани кўпчиликнинг дарди бўлиб қолаётир.

Фикр қолдирганларнинг деярли ярми эса иш борлиги, лекин маош камлигидан норозилик билдирган. Ноҳақ ишдан бўшатилган ёки умуман иш топа олмаётганлар ўз дардини бўлишган бўлса, ишга қабул қилишдаги айрим тенгсизликлар бўйича ҳам мулоҳазалар қолдирилди.

Масалан, ёшлар корхона ва ташкилотларга иш сўраб борса, улардан иш тажрибаси сўралмоқда. Тажрибали, ёши 45-50 ёшлилар иш қидирса, ёшингиз ўтган, дейилади. Қизлар иш қидирганда эса бизга кўпроқ йигитлар керак, деган жавобни олишади.

Аҳоли буларни катта ноҳақлик, деб ҳисоблайди. Зеро, қонунларимизда иш берувчи бундай чекловлар қўйишга ҳақли эмаслиги кўрсатилган.

Албатта, фойдаланувчилар орасида иш кўплиги, уни қидириб топиш кераклиги ҳақида мулоҳаза қолдирганлар ҳам бор. Улар иш топа олмаётганларга ишга таклиф этувчи сайтларга киришни маслаҳат берган бўлса, айримлар бир-бирига иш таклиф этгани қувонарли ҳол бўлди.

Янги иш ўринлари ташкил этиш, корхона ва ташкилотлар, тадбиркорлик субъектларида мавжуд бўлган бўш иш ўринлари билан аҳолини хабардор қилиш, иш қидираётган фуқароларга ёрдам беришга масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Мазкур вазирликдан маълум қилишларича, жорий йилнинг биринчи ярмида туман (шаҳар) Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказлари томонидан иш қидириб мурожаат қилган фуқароларнинг 333,4 мингтаси доимий ва вақтинчалик ишларга (хақ тўланадиган жамоат ишлари)га жойлаштирилган.

Улар орасида коллеж битирувчилари, жазо муассасаларидан озод этилганлар, муддатли ҳарбий хизматдан бўшатилганлар ва хорижда ишлаб қайтган меҳнат муҳожирлари салмоқли ўрин эгаллаган.

Иш қидираётган фуқароларга қулайлик яратиш мақсадида 770 бўш (вакант) иш ўринлари ярмаркалари ташкил этилган. Уларда 36,1 мингта иш берувчи ва 128,8 минг нафар иш қидираётган фуқаролар иштирок этди. Натижада 45,8 минг нафар шахс ишга йўлланма олди.

Ишсиз фуқароларни касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлаш ҳам алоҳида эътиборда. Уларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган мутахассисликлар, жумладан, тикувчилик ва енгил саноат, қурилиш ва коммунал хизмат кўрсатиш, бухгалтерлик, ахборот-алоқа соҳаларининг асосий мутахассисликлари бўйича касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари ташкил этилмоқда. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларида ташкил этилган “Бўш иш ўринлари банки”да мавжуд вакант жойлар талаби асосида касбга тайёрлаш мақсадли амалга ошириляпти. Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 8,7 минг нафар ишсиз фуқаро иқтисодиётда талаб қилинаётган мутахассисликлар бўйича касбга тайёрланди ва қайта тайёрланди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш соҳасида қонунийликни таъминлаш, меҳнат ярмаркалари ташкил этиш орқали ишсизликни камайтиришда прокуратура органларига ҳам масъулият юкланган. Хўш, улар томонидан қандай ишлар амалга оширилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасидан маълум қилишларича, аҳоли бандлигини таъминлашдек долзарб масала прокуратура органларининг доимий эътиборида.

Бу борада бандликка кўмаклашиш марказларидан бўш иш ўринлари рўйхатини олиб таҳлил қилиш, уларни аҳоли эътиборига етказиш, бўш иш ўринларига фуқароларни ишга жойлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш каби ташкилий ишлар тизим томонидан доимий ташкил этилаётир.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ўтказилган ўрганишлар бўш лавозимлар ҳақидаги маълумотлар фуқаролар эътиборига тўлиқ етказилмаётганлигини кўрсатган. Ишга қабул қилишда адолат мезонларини бузиш, турли тўсиқ ва асоссиз рад этиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Республика бўйича (хусусий сектордан ташқари) жами 82 минг 975 бўш иш ўрни бўлса-да, ушбу иш ўринларини ўз вақтида тўлдириш чоралари кўрилмаган.

Жорий йилнинг ўтган даврида бандликка кўмаклашиш марказлари йўлланмаси билан бўш иш ўринларига юборилган фуқаролардан 16 нафарини ишга қабул қилиш асоссиз рад этилган. 3 минг 680 нафар фуқаронинг ишга жойлаштирилганлиги тўғрисида ҳисоботларга қўшиб ёзилган. Аниқланган ҳолатлар бўйича бунга йўл қўйган мансабдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Хусусан, Олтинкўл тумани аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази мансабдор шахслари аслида иш билан таъминлашни сўраб марказга мурожат қилмаган жами 32 нафар фуқарога 14 миллион 490 минг 800 сўм стипендия ва иш ҳақи тўлаб бериб, давлатнинг мақсадли жамғармасидан ажратилган пул маблағларини растрата йўли билан талон-торож қилгани аниқланган.

Бўш иш ўринлари тўғрисидаги маълумотларни бандликка кўмаклашиш марказларига тўлиқ тақдим этмасдан яшириш, бўш лавозимларни тўлдиришда тамагирлик ва қонунбузиш ҳолатларига йўл қўйилган.

Масалан, Косонсой тумани бандликка кўмаклашиш маркази юрисконсульти Т.Ражапов марказнинг собиқ ходими С.Т.ни қайта ишга жойлаштириб қўйиш учун ундан 100 АҚШ доллари олган вақтда жиноят устида ушланган.

Бундан аёнки, иш топиш, ишга жойлашиш бўйича аҳоли томонидан билдирилаётган фикрларда жон бор. Сунъий тўсиқ, бюрократик ғовлар ҳамон учрамоқда.

Буларга барҳам бериш учун нима қилиш керак?

Тизимдаги муаммолар нималардан иборатлигига мана яна бир бор гувоҳ бўлдик. Шундай экан, деб бунга ҳамма томошабин бўлиб турса, ҳеч нарса ўзгармаслиги аниқ. Ҳар бир киши бу муаммоларга қарши қўлидан келганча курашса, айниқса, порахўрлик, тамагирликка дуч келганда, буни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълум қилса, бу ҳақда бонг урса, битта бўлса ҳам коррупцияга нуқта қўйган бўларди.

Айрим юртдошларимиз умуман иш йўқлиги, йиллаб иш топа олмаётганини билдирган. Албатта, интилмаган, қидирмаган одам ҳеч қачон иш топа олмайди. Аслида ҳозирги кунда иш топишдан осони йўқ. Интернетга иш керак, деб сўров киритсангиз, бир лаҳзада минглаб ваканциялар ҳақида билиб олишингиз мумкин. Шу мақсаддаги сўровимизга ish.mehnat.uz; ishkor.uz; xabardor.uz; rabota.uz; oxl.uz; uzjobs.uz каби иш таклиф қилаётган ўнлаб сайтлар чиқди. Бундан ташқари, ҳар бир идора ва ташкилот ўзида мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида расмий сайтида маълум қилиб боряпти. 

Тўғри, таклиф этилаётган юқори маошли ишларга қўйилаётган талаблар ҳам юқори. Инсон ўз устида ишласа, малакасини ошириб борса, доим ҳар ерда керакли бўлиши шубҳасиз. Маоши пастроқ бўлган оддий ишларда эса ҳар қандай киши ишлаши мумкин. Бу ҳам пули кам, деб ишламай ўтиргандан яхшироқ аслида. Ҳалол ва сидқидилдан меҳнат қилган ходимнинг иш ҳақи ошиб боради, унга барака ҳам ато этилади.

Шу ўринда бир мулоҳаза: иш қидираётганлар кўп, иш таклиф этаётганлар бисёр экан, уларни бирлаштириш тизимини яратиш керак. Меҳнат ярмаркалари, меҳнат биржалари ўз ишини етарли даражада ташкил этмаётгани учун ҳам орамизда иш топа олмаётганлар бор.

Бир сўз билан айтганда, меҳнат бозорини замон талабига мувофиқ такомиллаштиришга зарурият бор.

Норгул Абдураимова, ЎзА
13 761