ЎзА Ўзбек

20.08.2018 18:04 Чоп этиш версияси

Иш ҳақи тўланиб, сув қувурлари таъмирланди

Адлия вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь-май ойларида “Ишонч телефони” орқали келиб тушган мурожаатлар сони 500 ортиқ бўлиб, унинг 200 зиёди қаноатлантирилган, 232 тасига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган ва 88 таси тегишли ташкилотларга юборилган.

Шунингдек, жорий йилдан вазирликда “Call center” фаолияти йўлга қўйилди. Унинг асосий вазифаси – аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга, мурожаат қилишга оид конституциявий ҳуқуқнинг сўзсиз амалга оширилиши учун шароитлар яратиш, “ишонч телефони”га қилинган мурожаатларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этишдан иборат.

“Call center” кўп каналли бўлиб, ўзбек ва рус тилларида хизмат кўрсатмоқда. Ўзбекистон Республикасининг исталган ҳудудидан 1 008 қисқа рақами орқали бепул боғланиш мумкин. 

Ўтган қисқа вақтда бу марказга 7 минг 250 жисмоний ва юридик шахснинг қўнғироқлари қабул қилинган. 

Қайд этиш жоизки, “Call center” фаолияти бошлангандан буён, фуқароларнинг Адлия органларига бўлган ишончи ортиб, нотариал ҳаракатлар юзасидан, уй-жой масалалари, фуқароларининг Тошкент шаҳрига доимий рўйхатга олиш бўйича, пенсия таъминоти, алимент ундириш, давлат хизматларини кўрсатиш масалалари бўйича мурожаатлар кўпчиликни ташкил қилмоқда.

Мисол учун, Тошкент вилояти, Ўртачирчиқ тумани, Янгилик маҳалласида яшовчи фуқаро А.Асқаров Тошкент вилоят “Иссиқлик манбаи” ишлаб чиқариш бирлашмасидан 858 минг 979 сўм иш ҳақи тўланмаганлигидан норози бўлиб, “Ишонч телефони”га мурожаат қилди. У Тошкент вилоят адлия бошқармаси томонидан ўрганилиб, судга даъво аризаси киритилгач, суд қарори билан фуқаронинг мурожаати тўлиқ қаноатлантирилди. 

Самарқанд вилояти, Нуробод туманида яшовчи Ч.Баратова боласига икки ёшгача нафақа пули тайинланмаётганлигидан норози бўлиб, “Ишонч телефони”га мурожаат қилди. Самарқанд вилоят адлия бошқармаси маҳаллага огоҳнома киритгач, фуқаролар йиғинининг 28.07.2018 йилдаги қарори асосида фуқаронинг фарзандига нафақа тайинланди.

Навоий вилоят, Навоий шаҳар, А.Авлоний кўчасида яшовчи фуқаро В.Барсуков ўзи истиқомат қилаётган кўчадаги сув қувурларидан иссиқ сув тошиб кетганлиги, мазкур масала юзасидан Навоий шаҳар “Гулобод” ширкатига ҳамда “Навоий кон металлургия комбинати” давлат корхонасига бир неча марта иссиқ сув қувурларини таъмирлаб бериш бўйича мурожаат қилганлиги бироқ, ҳеч қандай натижа бўлмаганлиги юзасидан мурожаат қилган эди. Мурожаатни Навоий вилоят адлия бошқармаси кўриб чиқиб, фуқаронинг иссиқ сув қувурлари тўлиқ таъмирлаб берилишига эришилди.

ЎзА
6 961