Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

03.10.2017 14:34 Чоп этиш версияси

Исҳоқхон Ибрат хотирасига муносиб мажмуа: бунёдкорлик ишлари давом этмоқда

Исҳоқхон Ибрат хотирасига муносиб мажмуа: бунёдкорлик ишлари давом этмоқда Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 13 апрелдаги “Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида атоқли маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат номидаги ёдгорлик мажмуасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори асосида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.

Улуғ маърифатпарвар Исҳоқхон Ибрат номи Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва алоҳида эътибори туфайли бутун мамлакатимизга танилди. Бунгача Ибрат ҳақида, унинг ижоди ва фаолияти ҳақида тор доира, яъни мутахассис олимларгина билар, айрим кичик илмий тадқиқотлар қилинган бўлса-да, халқимиз маданий тараққиётига қўшган ҳиссаси, улкан хизматларидан кенг омма бехабар эди.

Прездентимиз 2016 йил 2 ноябрь куни Наманган вилояти сайловчилари билан сайловолди учрашувда бир қатор наманганлик тарихий шахслар қаторида Исҳоқхон Ибрат ҳаёти ва фаолияти, унинг маънавий-маърифий ҳаётимизда тутган ўрнига кенг тўхталди. Давлатимиз раҳбари ўша учрашувда алломанинг тарихий аҳамиятга молик ишларини эътироф этиб, йиғилганларга шундай мурожаат қилди: “Тўрақўрғонда Ибрат домла ҳаёти ва фаолиятига бағишланган музей борлиги яхши, албатта. Лекин савол туғилади: шундай улуғ зотнинг халқимиз учун қилган буюк хизматларини бутун мамлакат миқёсида ўқиб ўрганиш, меросини тарғиб қилиш, авлодларга етказиш учун шунинг ўзи етарлими? Менимча, Тўрақўрғонда у кишига атаб замонавий боғ яратиб, ёдгорлик мажмуасини ташкил қилсак, буюк бобомиз олдидаги қарзимизни узган бўламиз!”

Миллий уйғониш даврининг етук намояндаларидан бири, юрт истиқлоли ва халқ маърифати йўлида жон фидо қилган улуғ бобомиз Исҳоқхон тўра Жунайдуллахон Тўра ўғли Ибрат 1862 йилда Тўрақўрғон яқинидаги Сайрам қишлоғида туғилган. Араб, форс, рус, ҳинд, урду, инглиз ва француз тилларини яхши билган, энг қадимий финикия, яҳудий, сурия, юнон ёзувларини ўрганган. Серқирра ижодкор сифатида “Луғати ситта ал-сина” (“Олти тилли луғат”), “Жомеъ ул-хутут” (“Хатлар мажмуи”), “Тарихи Фарғона”, “Тарихи маданият”, “Мезон уз-замон” ("Замон тарозуси"), “Санъати Ибрат, қалами Мирражаб Бандий” каби ўндан ортиқ илмий-тарихий ва маърифий асарлар яратган. Ибрат домла 1886 йилдаёқ эски мактабга нисбатан бирмунча илғор бўлган мактаб очган. 1907 йилда эса янги “усули савтия” мактаби ташкил этиб, қишлоқ болаларини ўқитган.

Исҳоқхон Ибрат дунё кезиб, Шарқ ва Ғарб илм-фани, маданияти ва санъати билан яқиндан танишган, юртимизга илғор маданият ва техника янгиликларини олиб киришга ҳаракат қилган, бу борадаги амалий ишлари билан мазкур соҳалар ривожига катта ҳисса қўшган. Хусусан, Ибрат домланинг 1908 йилда Оренбург шаҳридан литографик машина келтириб, ўз ҳовлисида “Исҳоқия босмахонаси” ташкил қилгани юртимизда матбаачилик соҳасида улкан қадамлардан бири бўлган. Бу босмахона ўтган асрнинг 60-йилларигача фаолият кўрсатган ва бир қатор илмий-маърифий китоблар, рисола ва газеталар чоп этилган, уларни тарқатиш учун Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб китоб дўконлари ташкил этилган.

Булар Исҳоқхон Ибрат фаолиятидан қисқача маълумот, холос. Бундан ташқари, маърифатпарвар алломанинг шеърият, хаттотлик, наққошлик, боғдорчилик, бунёдкорлик ва бошқа кўплаб йўналишларда ҳам ўз даврининг етук устаси бўлгани маълум. Шу боис бугунги илм-фан олдида кўп қиррали Исҳоқхон Ибрат меросини ҳар томонлама чуқур тадқиқ қилиш вазифаси турибди.

1.jpg

9.jpg

Бугун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Тўрақўрғон тумани марказида Исҳоқхон Ибрат хотирасини абадийлаштириш мақсадида барпо этилаётган мемориал мажмуа кўлами, мазмун-моҳияти ва маънавий-маърифий, амалий аҳамияти жиҳатидан юртимизда буюк инсонларга эҳтиром рамзи сифатида қад ростламоқда.

Хотира мажмуаси Косонсой сойининг чап соҳилида 2 гектардан зиёд майдонни эгаллайди. Умумий лойиҳа қиймати 13 миллиард 500 миллион сўм бўлган мажмуа боғ-хиёбон Исҳоқхон Ибратнинг ҳайкали, миллий меъморлик услубидаги айвон, чет тилларга ихтисослаштирилган 400 ўринли мактаб-интернат, ҳудуддаги Ғойибназар қози мадрасаси меъморий ёдгорлиги асосида халқ амалий санъати ва бадиий ҳунармандлик маркази, Ибрат номидаги замонавий босмахона, 140 ўринли мактабгача таълим муассасаси ва бошқа бадиий композицияли элементларни ўз ичига олади.

– Айни пайтда лойиҳада кўзда тутилган ишларнинг асосий қисми бажарилди, – дейди Тўрақўрғон тумани бош архитектори Достонбек Баҳодиржон ўғли. – Жумладан, мактаб-интернат биносининг асосий корпуси қуриб битказилди, ташқи ва ички пардозлаш ишлари олиб борилаётир. Спорт зали қурилиши бошлаб юборилди. Мажмуа таркибидаги Ғойибназар қози мадрасасида реставрация ишлари ҳам ниҳоясига етказилмоқда. Хиёбоннинг ўнг тарафидан ўтган сойнинг икки соҳили реконструкция қилинмоқда, келгусида мазкур соҳил одамлар сайр қиладиган, мазмунли ҳордиқ чиқарадиган масканга айланади.

Туман бош архитекторининг сўзларига кўра, яқин кунларда чет тилларга ихтисослашган мактаб-интернат ўқувчилари учун ётоқхона қурилиши ҳам бошланади. Айни пайтда мазкур иншоот учун ажратилган майдонда тупроқ ишлари бажарилмоқда.

Мухтасар айтганда, атоқли маърифатпарвар Исҳоқхон Тўра Ибрат мемориал мажмуаси ўзининг меъморий ечими, ноёб манзарали дарахт ва гулларга бурканган хиёбони, меҳроблари Ибрат домланинг ибратли сўз ва шеърлари, илмий ишларидан намуналар билан безатилган шарқона айвони, мўъжаз айвончалари, сой соҳилидаги сўлим йўлаклари, миллий ва замонавий услублар уйғунлигидаги бошқа иншоотлари билан нафақат туман, балки вилоятнинг энг эътиборли маданий, маънавий-маърифий масканларидан ва мамлакатимиз сайёҳлик харитасининг энг гавжум йўналишларидан бири бўлиб қолади. Мажмуа таркибидаги чет тиллар мактаб интернатида эса Ибрат домла яхши билган етти тил ўргатилади ва бу масканда таълим олган ёш авлод бу улуғ зотнинг муносиб ворислари бўлиб вояга етади, унинг шарафли ишини давом эттиради.

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
4 997






Все о погоде - Pogoda.uz