ЎзА Ўзбек

19.06.2019 Чоп этиш версияси

Қирғизистондан арзон “Nexia” машиналарини олиб кираётганлар фош этилди

Қирғизистондан арзон “Nexia” машиналарини олиб кираётганлар фош этилди

Бугунги кунда юртимизда товар моддий бойликлар ва транспорт воситаларини ноқонуний олиб ўтишнинг яширин механизми ва “канал”ларини аниқлаш ва унга чек қўйиш борасида муайян чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. 

Тезкор маълумот асосида ўтказилган тадбир чоғида Фарғона тумани Ёшларобод қишлоғи ҳудудида Н.Т айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган “Nexia” русумли давлат рақами 40 С 899 АА автомашинани бошқариб кетаётган вақтида тўхтатилиб текширилганда унинг қилмиши фош бўлди. 

Мазкур автомашина Қирғизистон Республикасига тегишли, 1996 йилда ишлаб чиқарилганлиги, кузов ва двигатель рақамлари ҳам аниқланди.

Н.Т нинг кўрсатмаси асосида унинг Фарғона шаҳридаги яшаш хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилиб, ҳовлисида 1 дона “Nexia” русумли автомашина тургани, у ҳам Қирғизистон Республикасига тегишли транспорт воситаси экани маълум бўлди.

Аниқланишича, Н.Т ва А.Қ.лар Қирғизистонга бориб, у ердаги танишидан 89 минг қирғиз сўмига 2 дона “Nexia” русумли автомашинани сотиб олган. 600 доллар эвазига айланма йўллар орқали, божхона назоратини четлаб, Фарғона тумани ҳудудига олиб ўтган. 

Улар бошқа автомашинанинг давлат рақамларини ноқонуний олиб ўтилган машинага қадаб олишган. 2 дона “Nexia” русумли автомашинани эҳтиёт қисмларга ажратган ҳолда Ўзбекистон ҳудудида сотиб фойда кўрмоқчи бўлган.

Олиб борилган суриштирув ишлари давомида мазкур автомашиналар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида рўйхатга олинмаганлиги, шунингдек, “GM Uzbekistan” АЖ да ишлаб чиқарилмагани, ашёвий далил тариқасида олинган мазкур машиналарнинг қиймати 44 миллион 500 минг сўмни ташкил қилиши аниқланган. 

Вилоят божхонаси бошқармаси томонидан уларга нисбатан иш ҳужжатлари тўпланиб, Фарғона шаҳар маъмурий судига юборилган. Суд томонидан ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли жазо тайинланиб, 2 дона “Nexia” русумли автомашина давлат фойдасига мусодара қилинди. 

Қонунбузарликни олди олинишига эришилди. Мазкур автомашиналар қанча одамларнинг хавфсизлигига таъсир қилиши, жиноятларни келиб чиқариши ҳам мумкин эди. Мамлакатимизда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ана шундай ноқонуний ҳолатга албатта чек қўйилади.

37 142
М.Сулаймонов, ЎзА