ЎзА Ўзбек

19.07.2018 20:22 Чоп этиш версияси

Қирғизистон делегацияси Самарқандда

Қирғизистон делегацияси Самарқандда Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Қирғизистон Республикасининг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва қонунчилик секторларининг хотин-қизлар ассоциацияси делегацияси Самарқандга ташриф буюрди.

Делегация аъзолари Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Ҳ.Шодиева ҳамроҳлигида Самарқанднинг тарихий обидаларини зиёрат қилди, диққатга сазовор жойларини бориб кўрди.

– Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ўрни ва мавқеи қандай эканига тадбирлар давомида гувоҳ бўлдик, – дейди Қирғизистон Республикасининг хавфсизлик, ҳуқуқ-тартибот ва қонунчилик секторларининг хотин-қизлар ассоциацияси раиси К.Айдаркул. –Ҳақиқатан ҳам, юртингиз аёлларига ҳавас қилса арзийди. Ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётган аёллар давлат ва жамият ривожи, тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга ҳаракат қилмоқда. Самарқандда хотин-қизларнинг юз-кўзида қувонч, мамнунликни ҳис этдик. Дунёнинг турли минтақаларидан сайёҳлар Самарқандга бежиз интилмас экан. Бебаҳо тарихий обидаларга мос замонавийлик кишига ўзгача завқ бағишлайди. Шаҳарнинг кўркамлигига ҳамоҳанг тарзда ўзбек аёлларининг бахту камоли бардавом бўлсин. 

9.JPG

Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Улуғбек расадхонаси, “Афросиёб” музейи каби диққатга сазовор жойларда бўлган меҳмонлар юртимиз тарихи, халқимизнинг бой маданий мероси ҳақида кўплаб маълумотларга эга бўлди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат) ЎзА
5 288