ЎзА Ўзбек

24.09.2019 Чоп этиш версияси

“Ипак йўли” туризм халқаро университетига хуш келибсиз!

“Ипак йўли” туризм халқаро университетига хуш келибсиз!

Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм халқаро университетига 2019/2020 ўқув йилида ўқишга қабул қилинган талабалар учун “Orintation week” ҳафталиги доирасида “Welcome to the University” номли тадбир ўтказилди. 

Тадбирда Самарқанд вилояти ҳокимлиги вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари, талабалар ва уларнинг ота-оналари қатнашди.

Университет ректори, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, жорий йилда мазкур нуфузли таълим даргоҳига ўқишга қабул қилинган ёшларни табриклади. Уларнинг ўқишларига муваффақият тилади.

photo5208635113808702347.jpg

– Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил июнь ойида Хитойнинг Циндао шаҳрида ўтказилган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида илгари сурган ғояси асосида ўтган йил ташкил этилган университетимиз мамлакатимизда халқаро талаблар даражасида туризм соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган олий таълим муассасаси ҳисобланади, – деди А.Абдуҳакимов. – Бугунги кунда университетимизда туризм соҳаси учун энг зарур ва замонавий мутахассисликлар бўйича бакалавриат ва магистратура таълим йўналишларида кадрлар тайёрланмоқда. Қисқа вақт ичида дунёнинг ўндан ортиқ давлатларидаги етакчи олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйдик. Ўзбекистон олий таълим тизимида илк бор “Double degree” (қўшма диплом) дастури бўйича ҳамкорликда талабаларни ўқитиш йўлга қўйилди. Бу бизнинг талабаларимизга хорижий давлатлардаги нуфузли олий ўқув юртларида таълим олиш, малака ошириш, тажриба ўрганиш имкониятини беради.

Айни пайтда университетда маҳаллий мутахассислар билан бирга 20 нафарга яқин хорижлик профессор-ўқитувчилар сабоқ бермоқда. Дарс жараёнлари илғор замонавий таълим дастурлари асосида йўлга қўйилган.

photo5208635113808702351.jpg

Статистик прогнозларга кўра, “Ипак йўли” туризм халқаро университети талабаларининг 92 фоизи ўқишни битиргандан сўнг олти ой давомида иш топишлари мумкин. Иш топишда битирувчиларга университет қошида ташкил этилган Career Service (битирувчилар ва кичик курс талабаларига иш топишда кўмаклашувчи хизмат) ёрдам кўрсатади.

Яқин йилларда мазкур университет нафақат мамлакатимизда, балки дунёда ўзининг ўз муносиб ўрнига эга илғор олий таълим муассасасига айланади.

– “Ипак йўли” туризм халқаро университетига энг юқори балл билан ўқишга қабул қилинган талабалар қаторида эканлигимдан фахрланаман, – дейди университет меҳмонхона менежменти йўналиши талабаси Гулрухсор Муродуллаева. – Марказий Осиёда ягона бўлган мазкур олий ўқув юртида ўқиш орзуим эди ва бугун бу орзуим ушалиб турибди. Энди университетни муваффақиятли битириб, юртимиз туризм соҳаси ривожига ҳисса қўшадиган кадр бўлишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим. Бу мақсад йўлида яхши ўқишга, халқаро тажрибани ўрганишга астойдил ҳаракат қиламан.

Тадбир давомида университет фаолиятига бағишланган тақдимотлар ҳам намойиш этилди.

2 442
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА