ЎзА Ўзбек

24.07.2018 21:52 Чоп этиш версияси

“Ипак йўли” туризм халқаро университетида 25 июль куни ҳам абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинади

“Ипак йўли” туризм халқаро университетида 25 июль куни ҳам абитуриентлардан ҳужжат қабул қилинади Президентимизнинг 2018 йил 28 июндаги қарори билан Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Ипак йўли” туризм халқаро университети 2018/2019 ўқув йилидан талабаларни ўқита бошлайди.

Бунинг учун мазкур қарорда белгиланганидек, университет бакалавриатига туризм, туризм соҳасида лойиҳалаш, туризм соҳасида маркетинг, туризм соҳасида хизматлар технологияси ва уларни ташкил этиш, туризм фаолиятида логистика, касб таълими, меҳмонхона бизнеси, ресторан бизнеси, оммавий тадбирлар менежменти (“Event management”) йўналишлари бўйича 125 нафар ёш талабаликка қабул қилинади.

– Президентимиз қарори асосида университет учун ажратилган бинода жорий йилнинг 8 июлида абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш бошланди, – дейди “Ипак йўли” туризм халқаро университети қабул комиссияси масъул котиби ўринбосари Азиз Тўхтамишев. – Бунинг учун барча зарур шароитлар яратилди. Қабулга Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти, вилоятдаги бошқа олий таълим муассасаларининг малакали ходимлари жалб этилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси вакиллари ҳам бу жараёнда бизга яқиндан ёрдам бермоқда. 23 июлгача 1107 нафар йигит-қиз ҳужжат топширди. Касб таълими (туризм), туризм (фаолият йўналишлари бўйича) йўналишларида абитуриентлар кўпчиликни ташкил этмоқда. Ҳужжат топширган ёшлар орасида муддатли ҳарбий хизмат чоғида ҳарбий қисм қўмондонлиги тавсияномасини олганлар ҳозирча 18 нафарни, ногиронлиги бўлган шахслар 6 нафарни ташкил этмоқда. Шунингдек, чет тили бўйича илғор, эътироф этилган халқаро имтиҳон тизимлари сертификатига эга бўлган 10 нафар абитуриент ҳужжат топширган. Абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш 25 июль куни якунланади.

Университет бакалавриатига ҳужжат топширган абитуриентлар тест синовлари орқали ўқишга қабул қилинади. Чет эл фуқаролари эса белгиланган қабул квотасидан ташқари суҳбат ўтказилади, тўлов-контракт асосида ўқийди.

Туризм соҳасида кадрлар тайёрлайдиган бошқа олий таълим муассасаларидан фарқли ўлароқ, мазкур университетда барча таълим йўналишларида тест синовларида биринчи блок чет тили фани ҳисобланади.

– Янги университет ташкил этилганини эшитиб, яхши ниятлар билан шу даргоҳга ҳужжат топширдим, – дейди Наманган вилояти Чуст туманидан М.Ўлмасова. – Чунки туризм соҳасига жуда қизиқаман. Келажакда ушбу соҳа бўйича яхши мутахассис бўлиб, мамлакатимизда сайёҳликни янада ривожлантиришга ҳисса қўшишни мақсад қилганман.

Қабул комиссияси маълумотларига кўра, университетга ўқиш учун юртимизнинг барча вилоятларидан абитуриентлар ҳужжат топширган.

Университет фаолиятини ташкил этиш бўйича ишлар мувофиқлаштирилиши ва ўқув мажмуаси тайёрланиши инобатга олинган ҳолда, 2018/2019 ўқув йили учун ўқиш 2018 йил 1 октябрдан бошланади.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
4 044