Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

25.05.2018 19:10 Чоп этиш версияси

Ипак ва зираворлар фестивали

Ипак ва зираворлар фестивали Қадимий ва навқирон Бухорода ХVII анъанавий “Ипак ва зираворлар” халқаро фестивали бошланди.

Бухоро вилояти ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси, “Ҳунарманд” уюшмаси ҳудудий бошқармаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбир кўҳна Арк қалъасидан бошланди.

Мозий воқеликларини эслатувчи театрлаштирилган халқ томошаларидан иборат тантанали юриш улуғвор меъморчилик обидалари жойлашган кўчалар бўйлаб Лаби Ҳовуз мажмуаси сари йўл олди.

Тадбирнинг очилиш маросимида Бухоро шаҳар ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

faqat saytga 2.jpg

faqat saytga 3.jpg

Президентимизнинг туризмни ривожлантиришга қаратилган фармон ва қарорлари кўҳна Бухоро шаҳрининг ҳам сайёҳлик салоҳиятини оширишда, унинг инфратузилмасини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Жорий йилда 30 хусусий меҳмонхона қурилиши, туристик ташкилотларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиши юртимизга келаётган чет эллик сайёҳлар оқимини кўпайтириш, уларга хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистоннинг ҳар бир ҳудуди ўзига хос ҳунармандчилик услуби ва мактабига эга. Фестиваль доирасида ташкил этилган савдо расталарида қўйилган маҳсулотлар ҳам буни тасдиқлайди. Бу ерда Бухоро заргарлик ва зардўзлик буюмлари, мис ўймакорлиги асарлари, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё каштачилик маҳсулотлари, водийнинг ипакдан ишланган машҳур атласу адраслари, дўппилари, чиннилари, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари ҳунармандлари томонидан яратилган қўл меҳнати намуналари усталар моҳирлигини кўз-кўз этади. Таомни хуштаъм этувчи зиравор ва гиёҳлардан тайёрланган дармондорилар қўйилган расталар ёнидан шунчаки ўтиб кетолмайсиз.

Таъкидлаш жоиз, фестивалга қизиқиш катта. Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари вакилларидан ташқари, Россия ва Афғонистон ҳунармандлари ҳам ўз маҳсулотлари билан иштирок этмоқда.

Фестивалда Бухоро вилояти туман ва шаҳарларидан, Қорақалпоғистон Республикаси, қатор вилоятлардан келган фольклор-этнографик ансамбллари ўз санъатларини намойиш этаётир.

faqat saytga 4.jpg

faqat saytga 5.jpg

faqat saytga.jpg

– Урф-одат ва байрамларингизни тараннум этувчи халқона қўшиқлар ғоят сеҳрли экан, – дейди франциялик Анран Брижи. – Сўзлари нотаниш, аммо оҳанги, ижро услуби ва уларга мос рақслар мени мафтун этди. Бошида ансамбллар профессионал артистлардан ташкил топган бўлса керак, деган фикрга бордим. Йўқ, янглишибман. Барчаси ҳаваскорлар экан. Бунақасини ҳамма жойда ҳам учратавермайсиз.

27 майда якунланадиган фестиваль доирасида таниқли модельерлар, ёш дизайнерларнинг чиқишлари, миллий таом – палов тайёрлаш бўйича ошпазлар кўрик-танлови ва бошқа ранг-баранг тадбирлар ўтказилади.

Эркин Ёдгоров, Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА
5 838