ЎзА Ўзбек

01.06.2020 Чоп этиш версияси

Ипак қурти ғумбагидан озуқа олинади

Ипак қурти ғумбагидан озуқа олинади
Янги технология 

Ўзбекистонда балиқчилик ва паррандачиликни ривожлантиришда янги, замонавий “интенсив” технологияларни такомиллаштиришдаги асосий тўсиқлардан бири, биринчи галда аминокислоталар, протеинга бой ҳайвон оқсили асосидаги озуқаларнинг етишмаслигидир.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, ипакчилик саноати чиқиндиларидан оқсилларни ажратиб олиш технологияси республикамиз учун истиқболли ҳисобланиб, тўйимли оқсил сақловчи озуқалар олиш ва ортиқча чиқиндилардан халос бўлиш имконини беради. Ҳозир ипак қурти ғумбагидан оқсилни ажратиб олиш, тозалаш, қуритиш ва стериллаш босқичларини жамлаган технология йўлга қўйилмаган. Шу сабабли улардан олинадиган барча фойдали компонентларни тўлиқ қўллаш имкониятини берувчи технологияни яратиш долзарб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Полимерлар кимёси ва физикаси институти олимлари томонидан ипак қурти ғумбагидан оқсил ва унинг асосида тўйимли, протеинга бой озуқа олиш технологияси ишлаб чиқилди. Ушбу технология бир неча технологик босқичлардан ташкил топган хомашёни чўктириш, тозалаш ва қуритиш каби кўплаб жараёнларни ўз ичига олади. Тозаланган оқсилнинг таркиби ўрганилганда 16 хил модда мавжудлиги ва улардан 9 таси ноёб аминокислота эканлиги аниқланди. Институтнинг технологик лабораторияси шароитида маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқарилиб, паррандалар ва балиқлар озуқаларида қўллаш бўйича синовлар ўтказилди.

photo_2020-06-01_22-24-09.jpg

Балиқчиликни ривожлантириш марказидаги тажрибалар натижасида карп балиғини саноат миқёсида етиштиришдаги унумдорлик бошқа балиқ етиштирувчи хўжаликлардан юқори экани аниқланди. Бунда озиқлантириш коэффициенти икки баробар самаралидир.

Оқсилнинг самарадорлигини аниқлаш бўйича синовлар Қашқадарё вилоятининг Паррандачилик илмий-тадқиқот станцияси ва “Косон гўшт-сут маҳсулотлари” паррандачилик хўжалигида ҳам олиб борилди. Оқсилни синовдан ўтказиш жараёнида уни озуқа таркибида 0,5 фоиз миқдорда қўллаш тухум олиш унумдорлигининг 48 фоиз, гўшт ҳажмининг 50-55 фоиз ортишига олиб келди.

Оқсилни балиқлар ва паррандалар биоозуқаси таркибидаги фаол қўшимча сифатида қўллаш унинг ҳозирги вақтда бозорда мавжуд бўлган ҳайвон оқсили асосидаги озуқаларга нисбатан самарали эканини кўрсатди.

3 104
ЎзА