ЎзА Ўзбек

22.08.2019 Чоп этиш версияси

Инвестиция лойиҳаларини назорат қилиш тизими жорий этилади

Инвестиция лойиҳаларини назорат қилиш тизими жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги инвестиция лойиҳаларини тезкор амалга ошириш мақсадида “Инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилиш” автоматлашган ахборот тизимини жорий этмоқда.

Ўзбекистонда кўплаб инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Шу боис, тасдиқланган тармоқ жадвалларининг ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш, ишончли статистика маълумотлари киритиш зарур.

Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигидан олинган маълумотларга кўра, янги тизим Ўзбекистон ҳудудида инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш бўйича инвестициявий ва ҳудудий дастурларнинг ўз вақтида ва сифатли ижро этилишини реал вақт режимида мониторинг қилиш имконини беради. Ушбу тизим Ягона миллий лойиҳа бошқаруви ахборот тизимига интеграция қилинди.

Янги тизимда лойиҳалар амалга оширилишини ҳисобга олиш, назорат ва мониторинг қилиш жараёнлари бутунлай автоматлаштирилган. У лойиҳалар муддати, бюджети, мақсади ва кўрсаткичларини кузатиб боради, жалб қилинган ва ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми бўйича ишончли маълумотларни шакллантиради, лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида қувватларни ўз вақтида ишга тушириш бўйича хавфларни аниқлайди. Бундан ташқари, унинг фаолияти инвестиция киритилгандан кейинги даврда лойиҳа ҳужжатида кўзда тутилган мақсадли кўрсаткичларга эришишни кузатиб бориш имконини беради.

Айни пайтда ушбу тизим синов тариқасида ишламоқда, унга лойиҳаларни амалга оширилишини назорат ва мониторинг қилиш жараёнига жалб этилган вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмаларини улаш ишлари олиб борилмоқда.

Янги тизимнинг жорий этилиши реал вақт режимида самарали мониторинг олиб бориш имконини беради, лойиҳалар белгиланган муддатда бажарилишини, инвестициялар ўзлаштирилиши шаффофлиги, лойиҳаларни амалга оширишда хавфларни прогнозлаш ва уларнинг олдини олишни, мақсадли кўрсаткичларга эришиш, демакки, лойиҳаларнинг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлайди.

5 995
Роман БОНДАРЧУК, ЎзА