Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2018 10:41 Чоп этиш версияси

Интернет орқали ер участкасига эга бўлинг

Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини электрон аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби тўғрисидаги Ҳукумат қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, бундан буён бўш ер участкалари тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун “Е-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси доимий фойдаланишга берилади.
Бунда «Давергеодезкадастр» қўмитаси органларининг ер участкасини танлаш материалларини тайёрлаш, шу жумладан, ер участкасининг топографик харитасини тайёрлаш ҳамда ер участкаси чегараларини натурада белгилаш ишларининг қиймати қуйидаги миқдорларда белгиланади:

• ер участкаси майдони 0,01 гектар бўлганда, энг кам иш ҳақининг икки баравари;
• ер участкаси майдони 0,01 гектардан 0,05 гектаргача бўлганда, энг кам иш ҳақининг уч баравари;
• ер участкаси майдони 0,05 гектардан 0,1 гектаргача бўлганда, энг кам иш ҳақининг тўрт баравари;
• ер участкаси майдони 0,1 ва ундан кўп гектар бўлганда, энг кам иш ҳақининг беш баравари миқдорида.

Ер участкасининг минимал қиймати туман (шаҳар) давлат солиқ инспекциясининг хулосасида кўрсатилган ер солиғи йиллик ставкасининг миқдори ва белгиланадиган бўш ер участкасини танлаш материалларини тайёрлашга доир ишлар қийматини ўз ичига олади.

Ер участкасининг минимал қиймати бўш ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини аукционга қўйишда бошланғич нарх ҳисобланади.

Туман ҳокимининг ваколатига қуйидаги ерларни ажратиш киради:
• захира ерлардан;
• қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун мўлжалланган ерлардан, тубдан яхшилаш ишлари амалга оширилган суғориладиган ерлар, пичанзорлар ва яйловлар бундан мустасно;
• ўрмон фонди ерларидан (ўрмон ўсимликлари билан қопланган ерлар бундан мустасно);
• саноат, транспорт, алоқа, мудофаа ва бошқа мақсаддаги ерлардан;
• сув фонди ерларидан.

Ваколатли органлар ер участкасини танлашда электрон шаклда хулосалар беради. Ҳокимлар бўш ер участкалари бўйича олинган материалларнинг ўз вақтида кўриб чиқилиши учун шахсан жавобгар бўлади.

Бўш ер участкаларини танлашда Давлат санитария-эпидемиология назорати хизматининг ҳамда туман ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги бўлимининг хулосасини олиш талаб этилмайди.

Аукционлар интернет тармоғи орқали ўтказилади. Аукционларни ўтказиш тўғрисидаги хабар 30 кун олдин эълон қилиниши керак.
Электрон аукционда иштирок этишга буюртмалар хабарнома жойлаштирилган кундан бошлаб операторнинг веб-порталида автоматик тарзда қабул қилинади ва аукционни ўтказиш кунидан икки иш куни олдин (соат 13-00 да) якунланади.
Буюртмалар электрон кўринишда берилади.

Буюртмалар электрон рақамли имзо билан имзоланади.
Буюртмачи буюртманомага закалат пули тўланганини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг электрон (сканер қилинган) нусхасини илова қилиши мумкин.

Электрон аукционда иштирок этиш учун закалат пули ер участкаси минимал қийматининг 20 фоизи миқдорида белгиланган.
Аукцион унга қўйилган икки ва ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлгандагина ўтказилади.
Аукцион иш куни мобайнида соат 9.00 дан соат 18.00 гача ўтказилади.

Электрон онлайн аукционни ўтказиш вақти 3 соатдан ортиқ бўлмаган муддатга узайтирилиши мумкин ва аукцион 21-00 соатга қадар якунланиши лозим. Охирги таклифни соат 21-00 га қадар билдирган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.

Аукционни ўтказишда техник узилиш содир бўлган ҳолларда, аукцион тўхтатилади ва ўтказиш вақти ҳақида хабар берилган ҳолда узилиш бартараф қилинган кундан кейинги кунда давом эттирилади.

Оператордан аукцион натижалари тўғрисидаги баённомани олган пайтдан бошлаб туман (шаҳар) ҳокимлари 3 кун мобайнида ғолибга ер участкасини доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратиш тўғрисида қарор чиқариши лозим.

Манба: Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» канали.






ЎзА
3 315