ЎзА Ўзбек

29.08.2018 13:18 Чоп этиш версияси

Интернет тезлиги ўн баробар ошади


Ҳаётимизни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қила олмаймиз. Айниқса, интернет аҳолининг зарурий эҳтиёжига айланиб бормоқда.

Шунинг учун ҳам мамлакатимизда замонавий ахборот технологиялари ва коммуникацияларини янада ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга. Бу жараёнда электрон давлат хизматларини кўрсатишнинг яхлит тизимини яратиш, давлат органларининг аҳоли билан мулоқот қилишининг янги механизмларини жорий этиш янада кенгайтирилади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 19 февралдаги «Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони шу мақсадга хизмат қилмоқда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги фармон ижроси доирасида қатор ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, интернет тармоғидан кенг полосали фойдаланиш кенгайтирилмоқда. Мультисервисли алоқа тармоқлари технологиялари, мобиль алоқа бозори, бошқа замонавий телекоммуникация хизматлари, шунингдек, логистика ва почта алоқаси хизматлари орқали телекоммуникация инфратузилмаси модернизация қилинаётир.

– Жорий йилнинг дастлабки ярмида юртимиз бўйлаб 690 километр оптик толали алоқа тармоқлари ётқизилди, – дейди Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги масъул ходими Элбек Долимов. – Мобиль операторларнинг мингдан зиёд база станциялари ўрнатилди. Уларнинг 483 таси 3G ҳамда 4G LTE технологиясида хизмат кўрсатади. Айни кунда юртимиз бўйлаб 24,5 минг километр оптик толали алоқа тармоқлари ўтказилган, қарийб 21 минг база станция ўрнатилган.

Вазирлик ташаббуси билан соҳага сармоя ва сармоядорларни жалб қилишга мўлжалланган махсус портал ташкил қилинмоқда. Унда мамлакатнинг АКТ салоҳияти, мавжуд имконият ва қулайликлар, ҳукумат томонидан берилган имтиёзлар, истиқболдаги режалар, хорижлик инвесторларни қизиқтириши мумкин бўлган инвестицион муҳит тўғрисида маълумот бериб борилади.

Соҳада хизмат кўрсатиш кўлами ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 118,9 фоизга ошган. Халқаро интернет каналларига уланиш тезлиги секундига 140,034 Гбит.га етган, яъни, 2018 йилнинг бошига нисбатан 1,5 баробар ошган. Шу билан бирга, операторлар ва провайдерлар учун халқаро интернет каналларига уланиш нархи ўзгаришсиз қолган. (Яъни 1 Мбит/с учун 244 минг 958 сўм).

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида 30 дан зиёд янги электрон давлат хизматлари жорий қилинди. Натижада жами хизматлар сони юздан ошди. Ягона портал орқали фуқаролар томонидан хизматлардан фойдаланиш юзасидан 31 минг ариза келиб тушган. Давлат хизматларидан фойдаланиш юзасидан тушган аризалар сони 560 мингтани ташкил қилмоқда.

2018 йилнинг апрелида жамоатчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган meningfikrim.uz портали ишга туширилди. Бугунгача мазкур ресурсда 70 дан зиёд петициялар эълон қилинди, 170 петиция қайта ишлаш жараёнида. Порталга мингдан зиёд жамоавий мурожаатлар келиб тушган бўлса, улар юзасидан 13 мингдан ортиқ фикр-мулоҳазалар қолдирилди.

Шунингдек, шу йилнинг 1 февралида Президентининг Виртуал қабулхонаси янги талқинда ишга туширилди. Мазкур портал орқали 2 миллиондан зиёд мурожаатлар келиб тушган, унинг 98 фоизи кўриб чиқилди.

Меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш порталида Ўзбекистон Республикасининг 13 минг 600 дан зиёд меъёрий ҳужжатларининг лойиҳалари эълон қилинди. Улар юзасидан фуқаролардан 2,5 мингга яқин таклиф ва фикрлар олинди.

Айни пайтда соҳада ишлар давом эттирилиб, йил охиригача халқаро тажриба ва ривожланиш тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда 2018-2021 йилларда "электрон ҳукумат"ни ривожлантириш бўйича стратегия ишлаб чиқилади. Халқаро интернет каналларининг ўтказувчанлиги 8-10 баробарга оширилади. Магистраль телекоммуникация тармоқларини кенгайтириш мақсадида мамлакат бўйлаб 2 минг километрлик оптик толали алоқа тармоқлари тортилади.

М. Рўзибоева, ЎзА
4 755