ЎзА Ўзбек

14.09.2018 18:03 Чоп этиш версияси

Интерактив хизматлар файзли даргоҳ файзини оширади

Интерактив хизматлар файзли даргоҳ файзини оширади Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейида янги экспозиция залларининг очилиши муносабати билан ташкил этилган тадбир чинакам маънавият-маърифат байрамига айланди. Музейга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар, мамлакатимиз санъатсевар ёшлари, маданият соҳаси ходимлари ва кенг жамоатчилик мумтоз наволар оҳангида кутиб олинди.

Тадбирда музей директори Аббос Мирзараҳимов ва бошқалар сўнгги йилларда маданият, маънавият, санъат соҳаси давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг диққат марказида бўлиб келаётгани, бу ғамхўрлик замирида улкан эзгу мақсадлар мужассамлиги таъкидлади.

28.JPG

Президентнинг 2018 йил 26 августдаги "Ўзбекистон Республикасида Маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори музейлар инфратузилмасини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, интерактив хизматлар сифатини ошириш ва соҳага “smart”-технологияларни жорий этишда дастуриламал бўлиб хизмат қилаётир.

Тадбир доирасида янгидан ташкил этилган инновацион зал – "Интерфаол стенд" сенсорли қурилма тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур қурилма жаҳон тажрибасида ҳали қўлланилмаган.

Ушбу қурилма, айниқса, хорижлик сайёҳлар учун қулайлик туғдиради. Ойнаванд ускуна ичидаги намойишга қўйилган буюмлар ҳақида эндиликда гидларсиз ҳам маълумот олиш имконияти бор. Қурилма хотирасига кўргазмадаги буюм ёки санъат асари ҳақидаги барча маълумотлар: қайси асрга оидлиги, муаллифи, қандай материалдан тайёрланганлиги сингари ахборотлар ўзбек, рус, инглиз тилларида жойлаштирилган. Ушбу ускунанинг яна бир қулайлиги ҳар бир буюмнинг тайёрланиш жараёни акс этган видеотасвирлар ўрнатилганидадир.

– Тажриба тариқасидаги мазкур сенсорли қурилма хотирасига ҳозирча 15 экспонат – заргарлик буюмлари жойлаштирилган, – дейди музей бўлим мудири Салима Зоҳидова. – Россиянинг "Media content" компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилган ушбу лойиҳани келгусида янада такомиллаштиришни режалаштирганмиз.

39.JPG

Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейи маданий меросимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Ўзида 20 дан ортиқ санъат турлари коллекциясини жамлаган ушбу даргоҳдаги мавжуд 13 залнинг бари реэкспозиция қилиниб, тамоман янгича тус олди. Ҳар бир зал экспозицияси музей фондида сақланаётган бир қанча экспонатлар билан бойитилди. Музейнинг ўнг қанотидаги залларда миллий мусиқий асбоблар, қўл каштачилиги, машина каштачилиги, миллий либослар, читгарлик намуналари намойишга қўйилган бўлса, чап қанотда кулолчилик, чиннипазлик, гиламдўзлик, наққошлик, ёғоч ўймакорлиги, заргарлик, зардўзлик, мисгарлик ва пичоқчилик каби амалий санъат дурдоналари ҳамда китоб дўкони ўрин олган.

Музей ҳовлисига Марказий Осиё халқларининг умуммиллий бойлиги ҳисобланган бойсунлик ҳунарманд Асқарали Тўраев томонидан қурилган ўтовлар киши эътиборини тортади. Ҳовлига ўзгача файз бағишлаган марказдаги сўри ва унга солинган гиламлар, салкам одам бўйи келадиган кўзалар, миллий қадриятларимиз акс этган кулолчилик намуналари, буларнинг барчаси тарихимиз, ўтмишимиз, ўзлигимиз ҳақида сўзлаётгандек.

Туроповлар сулоласи вакили Раъно Шукурова, Мирали Тўраев, Мирфаёз Туропов томонидан музей фондига совға тариқасида тақдим этилган бобоси Туроп Миралиев ва амакиси Камол Туропов яратган амалий санъат асарлари экспонатлар сонини янада бойитди. Тошкентнинг машҳур ва моҳир усталаридан бўлган 1872-1951 йилларда яшаган Туроп Миралиевнинг бой маънавий меросидан халқимиз ҳам баҳраманд бўлиш имкони яратилди. Ота касби кулолчилик билан шуғулланиб уни санъат даражасига кўтарган Туроп Миралиевнинг амалий ишлари бугунги кунда ҳам қийматини йўқотган эмас. Ўз даврида лаган, товоқ, кўза, пиёла, коса ва гулдонлар сингари сопол буюмлар ясашда ва уларга бадиий безак беришда устазода ҳунармандга етадигани бўлмаган.

41.JPG

– Бобомдан бизга жуда катта мерос қолган, – дейди уста-ҳунарманд Туроп Миралиевнинг еттинчи авлоди Раъно Шукурова. – Уларнинг касбини давом эттириш, ўз қўллари билан яратган асарларини асраб-авайлаш, келажак авлодга етказиш биз учун катта масъулият. Ҳозир бобомнинг устахонасини жияним Мирфаёз Туропов юргизяпти. Мирали Тўраев, Мирфаёз ва Дилмурод Туроповлар бобомиз касбини давом эттирмоқдалар. Биз авлодлар маслаҳатлашиб хонадонларимиз ва устахонада сақланиб келаётган бобом яратган санъат асарларини Амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейига топширишга қарор қилдик. Музейга тақдим этилган 109 кулолчилик буюмлари ичида бобомнинг иккинчи ўғиллари – 100 ёшли амаким Камол Туроповнинг ижодидан ҳам намуналар бор.

1937 йилда Францияда ўтказилган кўргазмага жўнатилган Туроп Миралиевнинг амалий ишлари Парижда ҳозир ҳам сақланади. Шунингдек, ҳунарманд асарлари Нью-Йорк шаҳри, Германия ва Англия давлатларидаги музейлардан ҳам ўрин олган. Демак, моҳир ва маҳоратли ҳунарманд Туроп Миралиев ҳали ҳам ҳаёт. У ҳамон яратган асарлари, қолдирган бой маънавий мероси, авлодлари ишлари ва халқимиз кўнглида яшамоқда.

Моҳигул Қосимова, Темур Мамадаминов (сурат) ЎзА
2 684