ЎзА Ўзбек

24.09.2020 Чоп этиш версияси

Инспекция вакиллари деҳқонларга кўмак бермоқда

Инспекция вакиллари деҳқонларга кўмак бермоқда

Пандемия туфайли юртимизда камбағал аҳоли ва ишсизлар сони ошди, оилалар даромади нисбатан камайди.

Бу эса қисқа фурсатда янги иш ўринлари яратиш, оилавий тадбиркорликни фаол қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни янада жадаллаштиришни талаб этади.

Бу борада аҳолига кўмак беришга бел боғлаган Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини давлат инспекцияси вакиллари томорқадан мўл ҳосил олиш истагидаги тадбиркору, деҳқонларга йўл-йўриқ кўрсатмоқда.

Зеро, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар сифатли, дунё бозорлари талабларига жавоб берадиган фитосанитар тоза бўлсагина хориж бозорида ўз ўрни ва харидорини топиши мумкин.

– Барча иссиқхоналарга бир ойда бир келиб, назорат тадбири ўтказамиз,– дейди Тошкент шаҳар ўсимликлар карантини Яшнобод тумани инспектори Маъруф Усмонов. – Агар қандайдир экинларда касалликлар кузатиладиган бўлса, хонадон эгаларига қарши кураш чораларини тушунтирамиз. Мисол учун, помидор куяси аниқланди. Унинг бартараф этиш борасида тадбиркорга яқиндан кўмак бердик.

Қайд этиш керакки, Яшнобод туманидаги аҳоли хонадонларида лимон, бодринг, помидор каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўп миқдорда етиштирилмоқда. Тадбиркор ва ер эгалари инспекторлар кўрсатмалари асосида помидор куяси ва бегона ўтларга қарши самарали кураш олиб бормоқда.

– Инспекторлар келиб далолатнома ёзишади,– дейди иссиқхона эгаси Тўлқин Эргашев.– Ўсимликларни текшириб чиқишади, қурти борми ёки касаллик тушганми. Ўн икки йилдан буён помидор, бодринг экиб, инспекторлар тавсиялари асосида мўл ҳосил олмоқдамиз. Билмаганларимизни улардан ўрганмоқдамиз.

Тошкент шаҳар Ўсимликлар карантини давлати инспекцияси туман ва шаҳар агроном-инспекторлари деҳқон-фермерларга ўз маслаҳатларини ва тавсияларини бераётган бўлса, ташқи иқтисодий фаолият божхона маскани агроном-инспекторлари маҳсулотнинг фитосанитар ҳолатини назоратдан ўтказиб, маҳсулотлар билан зарарли организмларнинг кириб келишининг ва чиқиб кетишининг олдини олиш тадбирларини амалга оширмоқда.

1 794
ЎзА