ЎзА Ўзбек

23.07.2018 12:35 Чоп этиш версияси

Инспекторлар малака оширди

Инспекторлар малака оширди
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармасида туман ва шаҳар МИБ инспекторлари учун 2 кунлик ўқув-семинари ташкил этилди.

Республика Маънавият ва маърифат маркази, Мажбурий ижро бюроси ҳамда бюронинг вилоят бошқармаси масъуллари, тизим инспекторлари иштирок этган тадбирда соҳага оид қонун ҳужжатлари, уларнинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар, галдаги вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Кўрсатилган коммунал хизматлар учун истеъмолчилардан тўловларни ўз вақтида ундириш билан бир қаторда, уларнинг тўлов ва истеъмол маданиятини юксалтириш ҳам мажбурий ижро бюроси инспекторларининг асосий вазифаларидан бири экани таъкидланди. Лекин, афсуски, жойларда ҳали-ҳамон бу борада муаммолар мавжуд, хусусан, аҳолининг электр энергияси, газ ва сув тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари кузатилмоқда.

– Бюро ташкил этилганига энди бир йил бўлди, – дейди МИБ вилоят бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот шўъбаси инспектори Г.Қурбонова. – Ушбу ўқув-семинари ёш инспекторлар учун айни муддао бўлди. Соҳа мутахассислари томонидан қарздорликларни камайтириш, айниқса, электр энергияси, газ ва сув тармоқларига ноқонуний уланиш, ҳисоблагичларда қўлланилиши мумкин бўлган фирибгарликларни аниқлаш сирлари ўргатилди.

Семинарда, шунингдек, МИБ инспекторларининг муомала маданияти соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилиб, ҳар бир инспектор “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак“, деган тамойилга қатъий амал қилган ҳолда, ўз хизмат вазифасига виждонан, ҳалоллик ва масъулият билан ёндашиши лозимлиги таъкидланди.

А.Худойқулов, ЎзА
5 869