Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

08.08.2017 14:24 Чоп этиш версияси

Инсонпарварлик ва бағрикенгликнинг юксак намунаси

Инсонпарварлик ва бағрикенгликнинг юксак намунаси Катя Коноплёва Қарши шаҳридаги Мурувват уйида бир хонада ота-онаси Сергей Коноплёв ва Марина Чубанюк билан яшарди. Ота-онаси ҳам шу Мурувват уйида катта бўлган, шу ерда ишлайди. Президентимиз ташаббуси билан эҳтиёжманд оилаларга кўрсатилаётган ижтимоий ёрдамдан баҳраманд бўлган 20 ёшли Катя мустақил ҳаётга илк қадамни янги уйда қўядиган бўлди. Унга Қарши шаҳридаги "Гулшан" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 331-уйнинг 48-хонадони калити тантанали топширилди.

– Ота-онам каби менинг болалигим ҳам Мурувват уйида ўтди, – дейди Катя. – Қачон бизнинг ҳам бошқалар тенги ўз уйимиз бўлар экан, деб орзу қилардим. Мана, бугун Президентимизнинг кам таъминланган, уй-жойга муҳтож оилалар турмуш шароитини яхшилашга қаратаётган ғамхўрлигидан баҳраманд бўлиб турибман. Барча шароитларга эга замонавий уйнинг калити қўлимда. Бу – бахт калити, ўзи истагандек яшаш имконияти. Ҳозир дунёда мендан бахтиёр одам йўқ. Оиламизга кўрсатилган бундай ғамхўрликдан ичимга сиғмай кетяпман. Энди биз ҳам бошқалар каби ўз уйимизда яшаймиз. Меҳмон кутамиз, меҳмонга борамиз. Хоҳлаган нарсамизни сотиб оламиз, хоҳлаган жойга қўямиз. Уй ўзимизники-да! Бундай чексиз бахтиёрлик туйғусини берган давлатимиздан миннатдормиз. Президенти одамларнинг дардини тинглаш, оғирини енгил, турмушини фаровон қилиш йўлида ташаббус кўрсатадиган мамлакат фуқароси бўлганимдан фахрланаман.

Бу Қашқадарё вилоятида уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган фуқароларга Ўзбекистон Президентининг совғаси – янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойларнинг тантанали топширилиш маросимида айтилган дил изҳорларидан биттасигина холос. Бундай миннатдорлик изҳорлари бугун юртимизнинг барча ҳудудларида оддий фуқаролар томонидан юзлаб, минглаб билдирилмоқда.

Гавҳар Нафасова II гуруҳ ногирони. Шаҳрисабз туманидаги Шаматон қишлоғида яшайди. Турмуш ўртоғи руҳий касал. Гавҳарнинг ота-онасининг уйида, кичкина ҳовлида беш оила, 16 киши истиқомат қилади. Бугун унга Президентимиз номидан Шаҳрисабз шаҳридаги Буюк ипак йўли кўчасида қад ростлаган кўп қаватли уйдан бир хонали квартиранинг калити топширилди.

– Биласизми, ҳаётимда ҳеч қачон бугунгидек ҳаяжонланмаганман, шунчалар бахтиёрлик бўлиши мумкинлигини ҳис қилмаганман, – дейди Гавҳарнинг онаси Гулнора Узоқова. – Қизимнинг бошида ўсимта бор. Бундан ташқари, бир буйрагини олдирган, юраги хаста. Яхши ният билан турмушга узатгандик. Куёвим ҳам руҳий касалликка чалинган экан. Буниси етмагандек, фарзанди ҳам ногирон туғилди. Тақдир экан. Қизим ниҳоятда умидсизликка тушиб қолган эди. Янги уйнинг калитини олганда қизимга қўшилиб биз ҳам ҳаётга қайтдик, бирданига ҳамма дард аригандек бўлди. Илоё шундай бўлсин! Набирагинам "моможон, энди биз янги уйда яшаймизми, у ерда ҳамма нарса бўладими, қўғирчоқ ҳамми?" деб хурсандчиликдан сакрайди. Бир ҳовлида беш рўзғор жуда тиқилишиб қолган эдик-да. Уй-жой қилишга имкон қаёқда. Кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган барча инсонларга минг раҳмат.

Шуҳрат Алимов I гуруҳ ногирони. Афғон уруши қатнашчиси. Икки оёғини ўша ёқларга ташлаб келган. Бу машъум воқеа унинг бутун ҳаётини ўзгартириб юборди. Умидсизлик, тушкунлик уни адойи тамом қилди. Шу боис кеч уйланди. Уч фарзанди билан Қарши туманидаги Мевазор маҳалласида ижарада турар эди. Президентимиз ташаббуси билан Қарши туманидаги Нукработ массивида қурилаётган 2 сотихли арзон турар жойлардан бири унинг оиласи учун ажратилди.

– Бу хушхабарни эшитиб, ёшлик йилларимдаги ўша жўшқин ҳаётга қайтгандек қувондим, – дейди Шуҳрат ака. – Ёшим элликдан ошди. Оёқларимдан ажраганимдан кейин хурсандчилик нима эканини унутиб ҳам юборгандим. Жисмоний имкониятим чеклангани учун тайинли иш қила олмайман. Моддий аҳволимиз оғир, уй-жойимиз йўқ эди. Бундан қаттиқ эзилардим. Адолатпарвар, халқ дарди билан яшайдиган, айниқса, биздай имконияти чекланган инсонларнинг бошини силайдиган давлатимиздан жуда миннатдорман.

Қарши шаҳри, Қарши ва Шаҳрисабз туманларида ўтказилган янги уй-жойларни топшириш маросимларида ҳам халқимизга хос меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик каби юксак фазилатлар янада ёрқин намоён бўлиб, одамларда бугунидан шукроналик, эртанги кунга ишонч туйғуларини мустаҳкамламоқда.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА
3 668






Все о погоде - Pogoda.uz