ЎзА Ўзбек

05.06.2019 11:39 Чоп этиш версияси

Инсонпарварлик, адолат қадр топган юрт


Вақт – югурик. Ҳаёт сўқмоқларида қоқилиш ҳам бор гап. Инсон хато қилиши, адашиши табиий. Муҳими улардан тўғри хулоса чиқариш, хатоларни такрорламаслик. Халқимиз эса бағрикенг. Хато қилганларга тўғри йўл кўрсатиш, қилмишига пушаймон бўлганларни кечириш қонимизда бор.

Мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик, маънавий-маърифий соҳадаги ўзгаришлар замирида халқ фаровонлигини таъминлаш, одамларни рози қилиш, эртанги кунга бўлган ишончи, умидини ошириш мақсади мужассамлиги ҳам фикримиз далилидир. 

Улуғ айём – Рамазон кунларида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг амалий саъй-ҳаракати, кучли матонати билан асосан аёллар ва болалардан иборат 156 нафар юртдошимиз Яқин Шарқдаги қуролли можаролардан юртимизга қайтарилгани кўнглимизни беҳад равшан қилди. 

“Меҳр” инсонпарварлик операциясининг узвий давоми сифатида муборак Рамазон ҳайитини нишонлаш арафасида улкан аҳамиятга молик яна бир шундай хайрли тадбир амалга оширилди. Адашган, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган бир гуруҳ юртдошларимизга нисбатан афв эълон қилинди. 

Давлатимиз сиёсати, халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган эзгулик, меҳр-оқибат, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг амалий тасдиғи сифатида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига катъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида” ги Президент фармони имзоланди.

Фармонга мувофиқ, содир этган жинояти учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 575 нафар фуқарога нисбатан афв эълон қилинди. 

Уларнинг 361 нафари жазодан тўлиқ озод қилиниб, ота-онаси, фарзандлари ва жигарлари бағрига қайтарилган бўлса, 214 нафар шахснинг озодликдан маҳрум этиш жазо муддати қисқартирилди. 

Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган шахслар, 6 нафарини аёллар, 1 нафарини эса чет эл фуқароси ташкил этади. 

Мазкур инсонпарварлик ҳаракати давлатимизнинг ҳар қандай ҳолатда ҳам фуқаролар учун ғамхўрлиги намунасидир. Жиноят йўлига кириб қолган, боши деворга теккандан сўнг адашганини тушуниб етган одамларни афв этиш – муқаддас динимизнинг ҳам асосий арконларидан бири саналади. 

Аслида жиноят содир этган шахсларни фақат жазолаш эмас, балки “Жаҳолатга қарши маърифат“ ғояси асосида қайта тарбиялаш, уларнинг ўз ҳалол меҳнати билан ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши учун барчамиз бирдек масъулмиз. Шунга кўра, Фармон ижросини таъминлаш мақсадида афв этилган шахсларнинг ижтимоий мослашуви, уларни фойдали меҳнатга жалб этиш ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйишига кўмаклашиш юзасидан масъул вазирлик, идора ва ҳокимликларга тегишли топшириқлар берилди.

Энди улар ҳам мамлакатимизда эзгу мақсадлар йўлида амалга оширилаётган ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этиб, Ватан келажаги, равнақига муносиб ҳисса қўшиб, Халқимизнинг, Президентимизнинг ишончини муносиб оқлаши лозим. 

Жамшид КАРИМОВ,
халқ депутатлари Учтепа туман Кенгаши депутати

ЎзА
10 151