ЎзА Ўзбек

25.09.2020 Чоп этиш версияси

Инсоният ҳаёти ва тараққиёти учун муҳим ташаббуслар

Инсоният ҳаёти ва тараққиёти учун муҳим ташаббуслар

Аслида, ҳаётимиздаги ҳар бир кун тарихий. Бироқ тил, миллат, давлат миқёсида қадрланадиган, улуғланадиган, ҳақиқий воқеалар содир бўладиган кунлар борки, бундай тарихийлик йиллар, асрлар оша келажак учун ҳам ўз қадр-қимматини намоён этиб бораверади, мустаҳкамланаверади.

2020 йилнинг 23 сентябрь куни Ўзбекистон тарихида, ўзбек тилида сўзлашувчи дунё халқлари учун тарихий кунга айланди. Айнан шу куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар ташкилотининг юксак минбаридан туриб халқаро ҳамжамият олдида, дунё аҳолиси олдида ўзбек тилида нутқ сўзлади! Бу нутқнинг тарихий аҳамияти йиллар ўтгани сари қадри ошиб, халқимиз, авлодлар қалбида ифтихор туйғусини жўштириб бораверади.

Тўғридан-тўғри телеэфир орқали узатилган нутқни кузатар, тинглар эканман, беихтиёр этларим жимирлади, кўксим фахрга тўлди, ўзимни дунёдаги энг бахтиёр инсонлардан бири сифатида сездим.

Табиийки, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессияси бошқа кўплаб давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарларининг ҳам маърузалари тингланди. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон Президенти нафақат БМТнинг бундан уч йил муқаддам ўтган 72-сессиясида тилга олинган – Ўзбекистон туб ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги ўз олдига қўйган вазифаларнинг бажарилиши ҳақида маълумот берди, балки жаҳон ҳамжамиятига пандемия даврида амалга оширилиши муҳим бўлган, дунё мамлакатларининг, айтиш жоиз бўлса, кейинги ҳаёти ва фаолияти учун зарур ҳисобланган аниқ, самарали ва долзарб ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан, БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклифи, ўйлайманки, кўплаб давлатлар ва ҳукуматлар раҳбарлари “тилининг учида турган”, айтиш керагу, бироқ қандай форматда ифода этилиши топилмаган ташаббус бўлди.

Сир эмас, коронавирус инфекцияси юзага келган, Ер шарининг турли қитъаларида айрим мамлакатлар ўз тинчини ўйлаб, қўшни ва ҳамкор давлатлар билан ўзаро келишув битимларида белгиланган бурч ва мажбуриятларни пандемия сабаб четга суриб, фақат ўзлари учун мақбул қоидалар доирасида яшашни, фаолият олиб боришни ички тартиб қилиб олдилар. Бунинг оқибатида миллионлаб аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари жиддий зарар кўрди. Ўзбекистон бу каби ҳолатларда ҳам оқилона дипломатик сиёсати орқали кўплаб масалалар ечимига йўл топиб келмоқда.

Қолаверса, БМТ ҳузурида афғон халқининг дарду ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш ташаббуси – бир неча ўн йиллардан буён нотинчликда ҳаёт кечириб келаётган жафокаш афғон халқининг изтиробу азобини жигари каби англаган Ўзбекистон Президенти юрагининг туб-тубидан жой олган тилаги бўлиб янгради, десам муболаға бўлмайди.

Нафсиламбрини айтганда, Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши масаласида илгари ҳам кўплаб ташаббуслар бўлган эди, бироқ аксарият давлатларнинг таклифлари замирида асосий мақсад – афғон юртидаги беқарорлик ўз мамлакатининг иқтисодий ривожланиши ёки хавфсизлигига салбий таъсир ўтказаётгани юзасидангина юзага чиқаётгани аён эди.

Бироқ давлатимиз раҳбари ўз ташаббуси моҳиятида Афғонистонда хотиржам ва тўкис ҳаётни таъминлаш энг аввало шу мамлакатда истиқомат қилаётган турли миллатга мансуб халқлар, уларнинг фарзандлари тақдирига ёруғлик олиб келиши кераклигини англатиши билан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортади.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида нафақат Ўзбекистоннинг миллий манфаатлари, балки минтақавий, халқаро миқёсда долзарб ва глобал, бутун инсоният ҳаёти ва тараққиёти учун муҳим бўлган масалаларни жаҳон ҳамжамияти олдига қўйди. Бу, албатта, халқаро ҳамжамиятни бир мақсад сари жипслашувини фаоллаштиради. Уларнинг амалиётга татбиқ этилиши бўйича яқин келажакда қабул қилинадиган халқаро ҳужжатлар, БМТ ҳузурида фаолият бошлайдиган тузилма ва тадбирлар халқаро муносабатлар тилшунослигида шубҳасиз, “Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ташкил этилган” қўшимчаси билан янграйди.

Бу эса халқимиз қалбида ўз давлатидан ва Президентидан фахрланиш туйғусини янада ошириши билан бирга, Ўзбекистоннинг халқаро миқёсдаги обрўси ва шуҳратининг ортишига хизмат қилаверади.

Бектемир ПИРНАФАСОВ,
Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши депутати