ЎзА Ўзбек

22.08.2018 16:46 Чоп этиш версияси

Инсон ва табиат ўртасидаги ҳозирги ҳолат “Титаник”ни ёдга солади

Инсон ва табиат ўртасидаги ҳозирги ҳолат “Титаник”ни ёдга солади
Ёзнинг жазирама кунлари чекиниб, ҳаво бир оз салқинлашиб қолди. Иссиқ кунларда жуда кўплаб юртдошларимиз тоғ ён бағрига чиқиб, дам олиб қайтгани шубҳасиз. Бир ўйлаб кўринг-чи, сиз дам олиш жараёнида ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига зарар келтирмадингизми? Атроф-муҳитни чиқиндилар билан ифлослантирмадингизми?

– Аҳолининг экологик маданияти пастлиги туфайли дам олиш масканлари, мисол учун Тошкент вилоятидаги Чотқол давлат биосфера қўриқхонаси, Оҳангарон ва Бурчмулла ўрмон хўжаликлари нозирлари бу ҳудудларни чиқиндилардан тозалашга мажбур бўлмоқда, – дейди Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси вакили Ҳожимурод Толипов. – Кўплаб қонунбузарлик аниқланиб, фуқаролардан жарима ва товон пуллари ундирилмоқда.

Энг ачинарлиси, инсонларнинг табиатга бефарқ муносабати туфайли ер юзидаги мавжуд ҳаёт мувозанати издан чиқмоқда. Маълумотларга эътибор қаратадиган бўлсак, дунёда сўнгги 50 йилда жуда кўп салбий ишлар юз берди. Энг аввало, заҳарли кимёвий ўғитлар билан тупроқни издан чиқардик. Охир оқибат атрофдаги ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг 10-30 фоизгача бўлган турларининг йўқолиб кетишига маълум маънода сабабчи бўлдик.

Уйламай қилаётган ишимиз қандай оқибатларга олиб келишини ҳозирнинг ўзида кўриб турибмиз. Ҳарорат йилдан-йилга ошиб бормоқда. Баъзи давлатларда тоза ҳаво ўрнига атрофни чанг қоплагани учун инсонлар доимий ниқоб кийиб юришга мажбур. Биз буларни барини иқлим ўзгаришидан кўриб, ўзимизни тинчлантирамиз. Ваҳоланки, ҳаётда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ ҳолда ривожланади.

Ер юзида ҳар 18 дақиқада битта биологик тур йўқолиб бораётганига нима дейсиз? Нега бунга йўл қўйяпмиз. Сайёранинг ифлосланиши, ўрмонларнинг йўқ бўлишига ким айбдор? Биз айбдормиз. Инсон янада яхшироқ, енгилроқ, қулайроқ яшашни истайди. Бироқ, табиат ишига аралашишни тўхтамасак, атрофни ифлослантиришда давом этсак, бунинг оқибати нима билан тугашини ҳозир тасаввур ҳам қила олмаймиз.

Ҳозирда дунёда биологик турлар сони 60 фоизга камайди. Масалан, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи ҳудудидаги 74 та ўсимлик ва 38 та ҳайвон Қизил китобга киритилган.

Бир нарсани унутмайлик. Зеро, табиат ҳеч нарсани унутмайди. Агар кўчма маънода айтадиган бўлсак, инсон ва табиат ўртасидаги ҳозирги ҳолат “Титаник”ни ёдга солади. Токи унга бориб урилмагунча хурсандчилик қиламиз. Хавфни кўриб қолганимизда эса кеч бўлади. Биз йўналишни ўзгартира олмаймиз.

Сайёра Шоева, ЎзА
5 471