ЎзА Ўзбек

04.04.2018 21:30 Чоп этиш версияси

Инсон ва саломатлик

Пойтахтимизда «Инсон ва саломатлик» V республика конгресси бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз ҳамда хорижлик малакали тиббиёт мутахассислари, илмий-амалий тиббиёт марказлари олимлари, шифокорлар, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари раҳбарлари, ёш тадқиқотчилар иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз тиббиёт муассасаларида энг мукаммал ва замонавий шарт-шароитлар яратиш ҳамда тиббий хизмат сифатини ошириш масаласи бугунги куннинг долзарб вазифаларидандир. Ушбу вазифаларни бажаришда Президентимиз фармонига мувофиқ қабул қилинган ва босқичма-босқич амалга оширилаётган соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишга оид Давлат дастури муҳим аҳамият касб этмоқда.

Унга кўра, жойларда ихтисослаштирилган шифо масканлари фаолияти йўлга қўйилиб, уларнинг жаҳон андозалари даражасида жиҳозлангани хасталикка аниқ ташхис қўйиш ва самарали муолажа усулларини қўллаш имконини бермоқда. Бугун юртимизда сифат жиҳатидан янги, энг юксак талабларга жавоб берадиган бирламчи тиббиёт, республика ва вилоятлардаги шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда ўнлаб ихтисослаштирилган йирик марказларни ўз ичига олган тиббиёт муассасаларининг мукаммал тармоғи яратилиши халқимиз саломатлик кўрсаткичларининг барқарор сақланиб туришида муҳим омил ҳисобланади. Ўтган йиллар мобайнида «Соғлом она – соғлом бола» ғоясини ўзида мужассам этган дастур асосида кенг кўламли чора-тадбирлар ҳаётга жорий этилиши натижасида илгари ҳатто тасаввурга сиғмаган скрининг ва перинатал каби янги тиббий марказлар миллий тиббиётимиздан ўрин эгаллади.

Анжуманда маҳаллий ва хорижлик мутахассислар кардиология, антибиотикотерапия, гастроэнтерология, неврология, акушерлик-гинекология, педиатрия ва эндокринологияда, айниқса, мураккаб касалликларни комплекс даволашда асосли тиббиёт ёрдамида дори воситаларини қўллаш бўйича ўз тажриба ва билимлари билан ўртоқлашди.

– Мазкур тадбир мамлакатимиз тиббиётида муҳим воқеадир, – дейди Тошкент врачлар малакасини ошириш институти ректори Ҳ.Оқилов. – Бошланган конгресс доирасидаги ўзаро мулоқот тиббиёт ходимлари ва фармацевтларга ҳозиргача аниқ жавоби йўқ бўлган саволларни муҳокама қилиш, уларга жавоб топишга ёрдам беради. Олимлар ва амалиётчи врачлар ўртасидаги фикр ва тажриба алмашинуви тиббиётнинг кўплаб долзарб муаммоларига ечим топади, деган умиддаман.

Конгрессда кардиология, неврология, педиатрия, пульмонология бўйича илмий жамиятларнинг янги клиник тавсиялари кўриб чиқилиб, иштирокчилар клиник эндокринология ва гастроэнтерология соҳасидаги сўнгги ютуқлар билан таништирилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур тадбир терапевтика соҳасидаги мутахассисларнинг ўзаро билим алмашишига имкон яратмоқда.

Конгресс доирасида ўтказилган семинарларда дори воситаларининг резистетлиги ҳақидаги билимларни чуқурлаштириш ва уларни мураккаб касалликларни комплекс даволашда қўллаш методикасини такомиллаштиришга оид маърузалар тингланди.

Янги замонавий дори воситалари, ахборот технологиялари ва тиббий асбоб-ускуналар, тиббиётга оид буюмлар, махсус нашрлар кўргазмаси тадбир иштирокчиларига мамлакатимиз ва хорижий фармацевтика компанияларининг янги ишланмалари билан танишиш, инновацион дори воситалари, уларнинг самарадорлиги ҳамда қўллашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида ишлаб чиқарувчилардан бевосита маълумот олиш имконини берди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
7 936