ЎзА Ўзбек

01.05.2018 20:09 Чоп этиш версияси

Инсон, унинг ҳаёти ва эркинлиги – олий қадрият

Мутахассисларнинг фикрига кўра, фирибгар қўлига тушган ва одам савдоси қурбонига айланган шахсларнинг аксарияти уларга нисбатан жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказганлиги ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлишидан чўчийди. Айримлари ўзининг хорижга ноқонуний чиққанлиги фош бўлишидан қўрқади. Бу эса одам савдоси билан шуғулланувчи кимсаларнинг жавобгарликдан қутулиб қолишига олиб келади, қабиҳ ишларини давом эттиришга имкон яратади...

Тошкент темир йўл муҳандислари институтида Ички ишлар вазирлиги ҳамда Транспорт прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда бу каби ҳолатларнинг олдини олишда ёшларнинг миллий ва халқаро қонунчилик борасидаги билимларини мустаҳкамлаш, тушунтириш-тарғибот ишларини кенгайтириш муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Бош қомусимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, ҳеч ким қийноққа солиниши ва бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Тадбирда, одам савдоси, ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчилик, шунингдек, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳияти ҳақида фикр-мулоҳаза юритилди.

Талаба-ёшлар эътиборига «Афросиёб» ва «Ангрен – Поп» йўналишидаги йўловчи поездларининг вагон ойналарига тош отиш ҳолатлари ҳамда ушбу ҳуқуқбузарликни содир этганлар ҳақида ҳикоя қилувчи «Нигоҳ» номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.

Транспортда жамоат хавфсизлигини таъминлаш бошқармаси мутасаддиларининг республикамиз темир йўлларида 2017-2018 йиллар мобайнида рўй берган бахтсиз ҳодисалар, жумладан, йўловчи ва юк поездларига тош отиш, темир йўл рельсларига жисм қўйиш ҳолатлари ҳақидаги статистик маълумотлари келтирилди. Талабалар ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишда фаол бўлишга, ҳамкорликка чақирилди.

Моҳигул Қосимова, ЎзА
10 021