Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.04.2017 16:55 Чоп этиш версияси

Инсон улуғланган юрт файзли-баракали бўлади

Инсон хотираси – азиз, қадри – улуғ. Халқимизга хос бу муқаддас тушунчалар мустақиллик йилларида миллий қадрият даражасига кўтарилиб, ҳар биримизнинг қалбимиздан чуқур жой олди. Инсон хотирасини азиз билиб, аждодларимизни ёд этиш, уларнинг эзгу амалларини давом эттириш, кекса авлод вакилларига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш турмуш тарзимизнинг ажралмас бўлаги, мазмун-моҳиятига айланди.

Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан 9 майнинг мамлакатимизда умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни деб номлангани, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз шарафига пойтахтимизда, вилоят ва туманлар марказларида Хотира майдонлари ташкил этилиши бу борадаги саъй-ҳаракатлар давлатимиз сиёсатининг муҳим йўналишларидан эканини яққол ифода этди. Бугунги кунда ушбу майдонлар халқимизнинг муқаддас қадамжолари сифатида доим зиёратчилар билан гавжум. Бу ердаги хотира китобларида номи битилган мард ва жасур юртдошларимиз ёд этилади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 4 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини халқимиз ушбу йўналишдаги ишларнинг узвий давоми сифатида мамнуният билан қарши олди.

– Кексаларга ҳурмат-эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисми, халқимизга хос юксак фазилатдир, – дейди “Нуроний” жамғармаси Самарқанд вилояти бўлими раиси Ҳ.Нормуродов. – Ҳар бир оила, маҳалла, корхона ва ташкилотда ёши улуғ инсонларга алоҳида эътибор билан муносабатда бўламиз. Қариси бор уйнинг – париси бор, ёши улуғ инсонлар яшайдиган уйнинг файзу баракаси ўзгача бўлади, деган гаплар бекорга айтилмаган. Муҳими, бундай эътибор ва ғамхўрлик давлатимиз ижтимоий ҳимоя сиёсатида устувор аҳамият касб этади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолиятини бошлаган дастлабки кунлардан ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. 2016 йил 28 декабрда “Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон қабул қилинди. Мазкур фармон ижроси юзасидан юртимизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 февралдаги қарори билан пенсияларни тўлаш тизими такомиллаштирилиб, кексаларни ўйлантириб келаётган кўп масалаларга ижобий ечим топилди. Куни кеча эълон қилинган фармон ва қарор ҳам мамлакатимизда анъанага айланган Хотира ва қадрлаш кунини умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантиришга қаратилган. Мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифаларни бажариш, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийлари ҳолидан хабар олиш, уларга байрам совғалари улашиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, уй-жойини таъмирлаш, моддий ва маънавий ёрдам уюштириш борасида жамғарма томонидан ҳам зарур чора-тадбирлар белгиланди. Бу борада маҳаллий ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб борилмоқда. Маънавият тарғибот маркази, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят бўлимлари билан бирга таълим муассасалари ва маҳаллаларда, Хотира майдонларида “Қаҳрамонлик, бурч ва фидойилик”, “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият” шиорлари остида кекса авлод вакиллари, уруш ва меҳнат фахрийлари билан учрашувлар, Саховат ва Мурувват уйларида хайрия тадбирлари ўтказишни режалаштирилган. Вилоятдаги зиёратгоҳлар, қабристон ва Хотира майдонларида кенг халқ оммаси иштирокида ободонлаштириш ишлари олиб борилади.

Анъанага мувофиқ бу йил ҳам 300 га яқин Иккинчи жаҳон уруши қатнашчисига Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан пул мукофотлари билан бирга ҳокимликлар, жамғарма ва бошқа ташкилотларнинг эсдалик совғалари топширилади. Фахрийлар тарихий шаҳарларимиз, муқаддас зиёратгоҳларга саёҳатга олиб борилади. Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда жойларда кексалар учун чуқурлаштирилган тиббий кўрик ташкил этилади, уларга зарур дори-дармон ва тиббий воситалар тарқатилади. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини тиббий кўрикдан ўтказиш кўзда тутилган.

– Юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги энг катта бойлигимиз, – дейди Самарқанд шаҳрида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Бектемир Қаршибоев. – Шу заминда яшаётган ҳар бир инсон бу кунларнинг қадрига етиши керак. Уруш даври машаққатлари, рўзғор тебратиш ташвишлари, оилалардаги йўқотишларни ҳеч ким кўрмасин. Бугун юртимизда каттаю кичик эъзозда, эртанги кунидан кўнгли тўқ ҳаёт кечирмоқда. Айниқса, кексаларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан кўнглимиз тоғ. Бизни давлатимиз, Президентимиз улуғлаяпти, ёшимизга ёш қўшяпти. Бундан беадад миннатдормиз. Илоҳим, тинч ва осуда ҳаётимизга кўз тегмасин.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА
3 941






Все о погоде - Pogoda.uz