Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.04.2018 20:09 Чоп этиш версияси

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича мулоқот

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида 5 апрель куни АҚШ Давлат котибининг инсон ҳуқуқлари, демократия ва меҳнат масалалари бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Рэнди Берри бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Мулоқот чоғида марказ директори Акмал Саидов делегация аъзоларига мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берди.

Президентимиз ташаббуси билан давлат бошқаруви ва жамиятни ислоҳ қилиш борасида изчил ишлар амалга оширилаётгани, суд-ҳуқуқ тизими, қонун ижодкорлигини таъминлашнинг миллий ва халқаро стандартлари ҳаётга фаол жорий этилаётгани ушбу йўналишда ҳам юксак самаралар бераётгани қайд этилди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини тўлиқ бажариб келмоқда. Мамлакатимиз БМТнинг тегишли органлари, ихтисослашган тузилмалари билан фаол ҳамкорлик қилмоқда. 2017 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид мамлакатимизга ташриф буюрди. “Human Rights Watch” халқаро нодавлат ташкилоти, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорлик, ЕХҲТ кўмагида амалга оширилаётган лойиҳалар мамлакатимизда фуқаролик жамияти барпо этишнинг очиқ ва ошкоралик тамойилларига таянган ҳолда, халқаро тажриба асосида олиб борилаётганига ёрқин мисолдир.

Учрашувда давлат бошқарувини демократлаштириш, инсон ҳуқуқларини таъминлаш, фуқаролик жамиятини шакллантириш соҳасидаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Меҳмонларга мамлакатимизда турли миллат ва дин вакилларининг ҳуқуқ ва эркинликларини мустаҳкамлаш, қонун ижроси ва давлат бошқаруви устидан жамоатчилик назоратини кучайтиришда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасидаги ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Учрашувда Ўзбекистонда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бошқарувнинг барча соҳаларида демократик тамойилларни татбиқ этиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва унинг камситилишига йўл қўймаслик бўйича чора-тадбирлар ижроси, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

“Тараққиёт стратегияси” марказида бўлиб ўтган мулоқотда ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлар, инсон ҳуқуқларини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларнинг ўрни каби масалалар хусусида сўз юритилди.

Тадбирда адлия вазири ўринбосари М.Истамов, Бош прокуратура халқаро ҳуқуқий бошқармаси бошлиғи У.Неъматжонов ва бошқалар Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишлар белгилангани мамлакатимизда фуқаролик жамиятига асосланган ҳуқуқий демократик давлат қуришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади.

Рэнди Берри Ўзбекистонда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида рўй бераётган ўзгаришларга юқори баҳо берди. Амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш асносида ўзаро тажриба алмашишнинг йўлга қўйилиши ҳар икки томон учун ҳам манфаатли эканини таъкидлади.

Мулоқот давомида суд ҳокимиятининг фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги роли, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида эришилган натижалар юзасидан фикр алмашилди.

Улуғбек Шоназаров, ЎзА
5 256