ЎзА Ўзбек

13.07.2018 20:43 Чоп этиш версияси

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш: унда журналист фаолиятининг кафолатлари муҳим аҳамиятга эга

Мамлакатимизда ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш учун профессионал журналистикага жиддий эътибор қаратилмоқда. Чунки инсон ҳуқуқларини таъминлаш, унинг камситилишига йўл қўймаслик, ғоя ва қарашларини эркин ифодалаш билан чамбарчас боғлиқ. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган “Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳам моҳиятан инсон омили, унинг умумэътироф этилган ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоясини кафолатлашни назарда тутади. Унда "журналист" тушунчасига янги таъриф берилиб, улар фаолиятини амалга ошириш мақсадида ахборотни излаш, сўраш, олиш, таҳрир қилиш ва тайёрлашда қўшимча ҳуқуқлар кафолатланди, "журналистнинг профессионал одоб қоидалари институти" тушунчаси киритилди. Шунингдек, аккредитацияланганликдаги ҳуқуқлар тартибини белгилаш таклиф этилиб, журналистни оммавий ахборот воситаларида ахборотни тарқатишда жавобгарликдан озод этишнинг аниқ механизм ва мезонлари белгиланди.

Қонуннинг олдинги таҳририда фуқаролар ёки бошқа ахборот манбалари томонидан ихтиёрий равишда маълум қилинган махфий хабар, шунингдек, факт ёки воқеалар журналистика соҳасининг сири ҳисобланса-да, унда манбанинг номини ошкор этмаслик шарти кўзда тутилмаган эди. Эндиликда ахборот манба номини ошкор этмаслик шарти билан тақдим этган хабар ва фактлар журналистика соҳасининг сири ҳисобланиб, буни ошкор этмаслик журналист мажбурияти сифатида белгиланди.

Қонунга мазкур банднинг киритилиши бир томондан журналист фаолиятининг кафолатларини кучайтирса, бошқа тарафдан ахборот манбасининг дахлсизлигини таъминлаш ва ушбу соҳага бўлган ишончни мустаҳкамлашнинг муҳим шарти бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда айрим ҳолларда нотўғри ахборот тарқатиш, суднинг қарори қонуний кучга кирмасдан туриб, жамоатчилик фикрига таъсир кўрсатиш, айби судда исботланмаган шахсни жиноятчига чиқариб қўйиш ҳолатларининг кузатилаётгани демократик-ҳуқуқий жамиятда йўл қўйиб бўлмайдиган ҳодиса. Шу сабаб миллий журналистика соҳасида этика институтининг жорий этилиши инсон шаъни, қадр-қиммати, дахлсизлигини таъминлаш ва одоб-ахлоқ меъёрларини тартибга солишда янги қадам бўлди.

Таъкидлаш керак, қонунни ишлаб чиқишда журналистларни ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳалқаро ҳуқуқ меъёрлари ва етакчи хорижий мамлакатларнинг қонунчилиги атрофлича ўрганилди. Чунончи, Германия, Буюк Британия, Австрия, АҚШ, Россия, Латвия, Украина, Беларусь, Қозоғистон, Озарбайжон каби давлатларнинг бу борадаги ҳуқуқий асослари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, “Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида"ги халқаро пакт, “Журналистнинг профессионал одоби халқаро тамойиллари”, Россия журналистининг профессионал одоби кодексидан фойдаланилди.

Бир сўз билан айтганда, “Журналистлик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар Бош қомусимизнинг 27-моддасида мустаҳкамлаб қўйилганидек “Ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга” экани, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддасида белгиланганидек, инсон қадр-қиммати унинг ҳуқуқи билан бир қаторга қўйилишининг кафолатидир.

Расул Кушербаев,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

ЎзА
6 093