Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълимга оид муҳим стратегик ҳужжат
Маълумки, демократик тамойилларга асосланган янгича фикрловчи жамиятни қуриш, ҳар қандай давлат учун чуқур ўйланган ташкилий, ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади.
Маълумки, демократик тамойилларга асосланган янгича фикрловчи жамиятни қуриш, ҳар қандай давлат учун чуқур ўйланган ташкилий, ҳуқуқий чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади. Бу жараёнда ўз ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда мажбуриятларини нафақат яхши билувчи, бу ҳуқуқ ва эркинликларини амалга ошира оладиган ва ўз мажбуриятларига виждонан ёндашадиган, бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳурмат қила оладиган кўникмага эга бўлган юксак ҳуқуқий маданиятли, кучли фуқаролик позициясига эга бўлган инсонлардан ташкил топган жамиятни шакллантириш ҳал қилувчи роль ўйнайди. Яъни, инсон ҳуқуқлари маданияти юқори бўлган жамият, кучли, демократик давлатнинг мустаҳкам таянчидир.
Жорий йилнинг 22 июнь куни мамлакатимиз Президенти Фармони билан тасдиқланган «Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси» ва уни амалга оширишнинг «Йўл харитаси» мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш, унга риоя қилиш ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклаш соҳасидаги давлатнинг муҳим стратегик ҳужжати ҳисобланади.
Миллий стратегия олтита йўналишни, уни амалга оширишнинг «Йўл харитаси» эса бешта йўналишдаги чора-тадбирлар ва вазифаларни қамраб олган. Унда шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар борасида қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, белгиланган вазифаларни бажарилиши мониторинг қилиш каби йўналишларда муҳим вазифалар билан бир қаторда, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим Миллий стратегиянинг энг муҳим йўналиши сифатида белгилаб қўйилган. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим орқали жамиятда инсон ҳуқуқлари маданияти шакллантириш асосида мамлакатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг энг самарали механизмини яратиш ушбу ҳужжатнинг асосий вазифаларидан биридир.
Давлатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий стратегик режаларни қабул қилиши бўйича дастлабки тавсияларни илгари сурган 1993 йил 25 июндаги Инсон ҳуқуқлари бўйича умумжаҳон конференциясида қабул қилинган Вена декларацияси ва Ҳаракатлар дастурида ҳам инсон ҳуқуқлари бўйича таълим масаласига алоҳида эътибор қаратилган эди.
Миллий стратегияда қуйидаги йўналишларда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳуқуқий саводхонликни ошириш бўйича вазифалар белгиланган:
узлуксиз таълим тизимида инсон ҳуқуқлари ва гендер масалаларини ўқитишда эътиборни кучайтириш, жамиятда қонунга ҳурматни шакллантиришнинг замонавий усулларини жорий этиш;
олий таълим муассасаларида, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш марказларида, шунингдек, судьяларни малакасини ошириш тизимида, мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларида, академик лицей ва коллежларда «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари», «Бола ҳуқуқлари» ўқув курсларини жорий этиш;
журналистлар тайёрлаш тизимида, уларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича профессионаллик маҳоратлари ва малакасини ошириш;
инсон ҳуқуқлари соҳасида ахборот тарқатиш бўйича оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада кучайтириш, журналистлар ва блогерларнинг ахборот олиш ва тарқатишга бўлган ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш;
инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фундаментал ва инновацион тадқиқотларни кенгайтириш, илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳияти, илмий тадқиқотлари ва ишланмаларининг самарадорлигини ошириш, уларнинг ушбу соҳадаги халқаро тадқиқотларга интеграциялашувини таъминлаш, тадқиқот натижаларини амалиётга кенг жорий этиш.
Айниқса, инсон ҳуқуқлари бўйича замонавий дарслик ва ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ва чоп этишга ҳам катта эътибор қаратилган.
Миллий стратегиянинг «Йўл харитаси»да ТДЮУ, ЖИДУ, Бош прокуратура академиясида «Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ» мутахассислиги бўйича қўшма магистратура йўналишини (консорциум) жорий қилиш, инсон ҳуқуқлари соҳасида илмий тадқиқотларни ихтисослаштириш, салмоғи ва сифатини яхшилаш, инсон ҳуқуқлари ихтисослиги бўйича илмий ва илмий педагогик кадрлар тайёрлаш мақсадида алоҳида тармоқлараро «Инсон ҳуқуқлари» ихтисослик шифрини киритиш, жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузуридаги Илмий-мувофиқлаштирувчи кенгаш фаолиятини такомиллаштириб, «Инсон ҳуқуқлари» бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини олиш учун илмий кенгаш фаолиятини йўлга қўйиш билан боғлиқ вазифалар, инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотчиликка катта эътибор қаратилганлигини кўрсатади.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, хулоса қилиш мумкинки, инсон ҳуқуқлари соҳасида қабул қилинган мазкур янги ҳужжат мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотчиликни янада ривожлантириш орқали демократик, фуқаролик жамиятининг энг мустаҳкам пойдевори сифатида инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантириш ва оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳло Сафарова,
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия
университети ўқитувчиси