ЎзА Ўзбек

28.08.2018 20:38 Чоп этиш версияси

Инсон ҳуқуқи устувор, қонун барқарор

Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Наманганда E-Sud – Миллий электрон судлов ахборот тизимида “Адвокатларнинг ишлаш тартиби” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилоят судининг мажлислар залида ташкил этилган тадбирда адвокатлар, корхона, ташкилот ва муассасаларнинг ҳуқуқшунослари иштирок этди.

Семинарда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, одил судлов, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Мамлакатимизда судлар фаолиятининг очиқ ва шаффофлигини таъминлаш, одил судловни амалга ошириш мақсадида суд тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ҳамда БМТ Тараққиёт дастурининг “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” қўшма лойиҳаси доирасида ишлаб чиқилиб, судлар амалиётига татбиқ этилган E-Sud – Миллий электрон судлов ахборот тизими муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур тизим фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, турли статистик маълумотларни шакллантиришни автоматлаштириш, суд хабарномалари ва ҳужжатларини тарафларга етказиш механизмларини такомиллаштириш, инсон ва фуқаро ҳуқуқларини ҳимоя қилишда сансоларлик ва бюрократизмга барҳам беришга хизмат қилмоқда.

– Бугунги кунда E-Sud тизимига республикамиздаги барча фуқаролик ишлари бўйича вилоят, туманлараро, шаҳар ва туман судлари уланган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Ҳ.Ёдгоров. – Судларда жисмоний ва юридик шахсларнинг суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризаларини тўлиқ электрон шаклда қабул қилиш ва кўриб чиқиш йўлга қўйилди. Мазкур тизим, жумладан, судларда адвокатларнинг фаол иштирокини таъминлаш борасида имкониятларни кенгайтирмоқда. Тизимда республика бўйича 430 дан зиёд адвокат рўйхатдан ўтган ва улар томонидан йил бошидан буён 10 мингдан ортиқ суд буйруғини бериш ҳақидаги ариза ҳамда даъво аризалари фуқаролик ишлари бўйича судларга мазкур тизим орқали юборилди.

– E-Sud – Миллий электрон судлов ахборот тизими жорий этилгандан буён вилоят бўйича мазкур тизим орқали 11 мингдан зиёд даъво аризалари, 58 минг 245 суд буйруғи тартибидаги аризалар келиб тушди, – дейди Фуқаролик ишлари бўйича Наманган вилояти суди раисининг ўринбосари О.Ҳасанов. – Уларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ёки рад этиш ҳам электрон тартибда амалга оширилгани фаолиятимизда тезкорликни оширмоқда.

Семинарда таъкидландики, жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб фуқаролик ишларини апелляция ва кассация инстанцияларида E-Sud –Миллий электрон судлов ахборот тизими орқали кўриш модули жорий этилгани инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.

Интерфаол тарзда ташкил этилган семинарда мутахассислар томонидан мазкур ҳуқуқий хизматнинг имконият ва функциялари ҳақида адвокатларга батафсил маълумот берилди. Мамлакатимизда электрон судловни жорий этиш бўйича эришилган мисолларда янги тизим афзалликлари кўрсатиб берилди. Адвокатларга апелляция ва кассация шикоятларини электрон шаклда судларга тақдим этиш тартиби кўргазмали тарзда тушунтирилди.

Акромжон Сатторов, ЎзА
4 039