Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

17.03.2017 10:13 Чоп этиш версияси

Инсон манфаатларининг ҳуқуқий кафолати

Мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни сақлашда, фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда ички ишлар органлари ходимлари муҳим ўрин тутади. Ўзбекистон Республикасининг “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуни соҳа фаолиятини янада такомиллаштириш, самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академиясида “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун – инсон манфаатларини таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий кафолати” мавзуида ташкил этилган илмий-амалий конференцияда шу ҳақда сўз юритилди.

Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Б.Матлюбов ва бошқалар ички ишлар органлари ходимларининг фаолияти давлат ва жамият олдида ўта муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Мазкур соҳа ходимлари фаолияти фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш, тинчлик, осойишталикни сақлаш билан бевосита боғлиқ.

“Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонун 8 боб, 49 моддадан иборат бўлиб, ички ишлар органларининг вазифалари, фаолиятининг йўналишлари ва принципларини қамраб олган. Унда ички ишлар органлари тизими, мазкур органларнинг мажбуриятлари ва ҳуқуқлари, ички ишлар органларида хизматни ўташ тартиби ва шартлари, ички ишлар органлари ходимларини ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш каби масалалар тартибга солинган.

Ички ишлар органларининг асосий вазифалари сифатида биринчи бўлиб фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мустаҳкамлангани қонуннинг энг муҳим жиҳатларидандир.

Ички ишлар органлари фаолиятининг асосий принципларидан бири сифатида ҳам фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этиш ҳамда ушбу ҳуқуқлар, эркинликлар ва қонуний манфаатларни ҳурмат қилиш белгиланган.

Қонунда ички ишлар органлари фаолиятида қонунийликни таъминлашга катта эътибор қаратилиб, алоҳида қонунийлик принципи киритилган. Унга кўра, ички ишлар органлари ходимлари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, "Ички ишлар органлари тўғрисида"ги қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига аниқ риоя этиши ҳамда уларни бажариши шарт. Қонунларни аниқ бажаришдан ва уларга риоя қилишдан ҳар қандай чекиниш, қандай сабабларга кўра юз берганидан қатъи назар, қонунийликни бузиш ҳисобланади ва жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар, Адлия вазирликлари масъул ходимлари, олимлар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда қонуннинг кучга кириши жамиятда қонун устуворлиги, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашда, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасида янги босқични бошлаб беришига эътибор қаратилди.

Норгул Абдураимова, ЎзА
1 583






Все о погоде - Pogoda.uz